Бу ерда касб-ҳунар ўрганиш истагидаги ёшларнинг билим олиши, назарий кўникмаларини амалиёт билан уйғунлаштириши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.
Бутун умрини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаб, элда ҳурмат ва эътибор қозонган, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби бўлган Лола Муротова номидаги мактаб ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.
Фермернинг бой тажрибасини ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган 480 ўринга мўлжалланган мазкур таълим масканида айни дамда 262 ўқувчи 5 та касб йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Жараёнлар дуал таълим тизими асосида, яъни машғулотларнинг 40 фоизи назарий, 60 фоизи амалий тарзда ўтилади.
Муассасада ўттиздан ортиқ аудитория, еттита лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали ва музей мавжуд. 150 ўринли ётоқхона, спорт зали, мини футбол майдончаси ҳамда зарур жиҳозларга эга устахона ўқувчилар ихтиёрида. Шунингдек, иссиқхона ва машғулотлар учун автодром бунёд этилган.
— Президентимиз таълим муассасаси очилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда фермер Лола Муротованинг кўп йиллик меҳнати, инсоний фазилатларини ёдга олиб: “Лола опа ўзбек аёлининг нималарга қодирлигини кўрсатди, шу билан бирга, жуда камтар ва соддадил эди. Фидокорлиги, меҳнатсеварлиги билан юртимиз ривожи ва ободлигига катта ҳисса қўшган эди. Бу жиҳатлар ёшларга ўрнак бўлиши, улар касбни яхши ўрганиши керак”, деганди, — дейди техникум директори Гулираъно Холиқова. — Ушбу эътироф, эътибор доимий иш амалимиз, ҳаётий дастуримизга айланган. Бу ерда таълим-тарбия олиб, касб-ҳунар эгаси бўлган ёшлар ҳозиржавоб, изланувчан, интилувчан, ўз касбининг етук билимдони ва албатта, фидойи инсоннинг муносиб издоши бўлишга ҳаракат қилиб келмоқда. Соҳадаги бой меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришни мақсад қилган ўқувчилар билан Олтиариқ туманида фермер асос солган “Нурли обод” хўжалигига тез-тез саёҳат уюштириб туриш, унинг ишлари билан танишиб, ибрат олиш, фермер издошлари билан суҳбатлашиш анъанага айланди.
Муассасага дастлабки босқичда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирганлар ўқишга қабул қилинган. Янги ўқув йилидан бошлаб 11-синф ва сиртқи таълимга асосланган 9 та йўналишда мутахассислар тайёрланади. Ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида, амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўтказилмоқда. Техникумда ўқиш бахтига муяссар бўлган ўғил-қизларнинг орзулари бир олам.
— Лола Муротова ҳақида жуда кўп эшитганман, унинг ҳаёт тарзи асосида ёзилган “Барханларда унган гул” китобини ўқиганман, телевизорда кўриб, мана шундай инсон бўлишни орзу қилардим, — дейди Шаҳодат Ёқубжонова. — Қаҳрамон номидаги техникумда ўқиш мақсадимни ота-онам ҳам қўллаб-қувватлади. Айни кунда ўсимликлар ҳимояси лаборанти йўналишида таҳсил оляпман. Бу касб-ҳунарга талаб юқори. Кейинги йилларда экологик тоза мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга талаб ортди. Экин майдонлари унумдорлигини ошириш, янги навлар яратиш ва танлаш, ҳар бир ҳудуд иқлим ва сув таъминоти шароитидан келиб чиқиб маҳсулот етиштирувчи юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж катта. Таълим муассасамиз энг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлангани назарий кўникмаларимизни ошириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, Фарғона вилояти агрокимё таҳлил маркази малакали мутахассислари кўмагида амалий машғулотлар ўтаб келамиз. Бу бизнинг билим ва дунёқарашимизни кенгайтириш ва Лола Муротованинг муносиб издошлари бўлишимизга замин яратмоқда.
Таълим жараёнини сифатли ташкил этиш ҳамда методик ёрдам кўрсатиш мақсадида муассаса Фарғона давлат университетига бевосита бириктирилган бўлиб, университетнинг профессор-ўқитувчилари томонидан илмий, амалий, назарий ҳамда лаборатория машғулотлари ўзаро интеграциялашган ҳолда ўтилмоқда. Шунингдек, Германия ва Хитой каби ривожланган давлатлардаги касб-ҳунар мактаблари билан ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Хитойнинг Ченжун музофотидаги касб-ҳунар техникуми билан ўзаро меморандум имзоланди. Муассаса ўқув режаси доирасида “Германия тажрибаси” асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни ҳам жорий этиш кўзда тутилган.
— Бу ерда тракторчи-машинист йўналишида таълим оляпман, — дейди Абдулазиз Усмонов. — Ҳар бир машғулот назарий ва амалий ўтилаётгани яхши самара бермоқда. Ўқув-машқ майдонларидан ташқари “Волида” кўп тармоқли фермер хўжалигида техникани бошқариш, таъмирлаш жараёнларида бевосита иштирок этиб, мавжуд шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишиб боряпмиз. Ўтган қисқа вақтда техника воситаларини бошқариш сирларини яхши ўзлаштириб олдим. Техникумни тамомлагач, шу ерда яхши ҳақ тўланадиган ишга таклиф қилишяпти. Бу жуда яхши имконият.
Муассасада “Фермерлар мактаби” ташкил этилди. Унда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малакасини ошириш курслари фаолияти йўлга қўйилди. Шу кунга қадар сабзавотчилик, боғдорчилик, асаларичилик йўналишларида юздан ортиқ кишининг касбий малакаси оширилди.
— Тараққиётнинг бугунги ривожи ҳар бир нарсага илмий асосда, аниқ ҳисоб-китоб билан ёндашишни талаб қилмоқда, — дейди Фарғона шаҳридаги “Зумрад ниҳоли” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Аҳмедов. — Бу ерда уч ойлик ўқув курсида боғдорчилик, асаларичилик билан боғлиқ жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Айниқса, интенсив усулда боғ яратиш, сувдан тежаб фойдаланиш, муқобил суғориш тизимларини қўллаб маҳсулот етиштириш, ички ва ташқи бозорга чиқариш, бозор маркетинги йўналишларида малакали мутахассислардан кўп нарсаларни ўргандик, тажриба алмашдик. Бу жараён амалий ишимизда қўл келишига ишонаман. Боғдорчиликдан ташқари асаларичиликни ривожлантиришга қаратилган ўз дастуримизни ҳам ишлаб чиқдик. Ҳар бир жараён аниқ ҳисоб-китобларга асосланган. Масалан, битта асалари оиласини бир йилда 4-5 ҳисса кўпайтириш мумкин. Асаларилар мевали боғлар ҳосилдорлигини табиий усулда ошириш хусусиятига эга. Авваллари ишни бундай ташкил этмаганмиз, борига кўникиб яшашга одатланиб қолган эканмиз. Малака ошириш жараёнида қарашларимиз ўзгарди. Ўйлайманки, бундай ҳамкорлик бардавом бўлиб қолади.
Сирасини айтганда, бу ерда том маънодаги Лола Муротова издошлари камолга етмоқда. Ҳар жиҳатдан билимли, изланиш ва интилишдан тўхтамайдиган ғайрат-шижоатга тўла ёшлар ҳали юртимиз тараққиётига катта ҳисса қўшади.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири