Ушбу давлатлардаги элчилар ва ваколатхоналар билан биргаликда камида 15 та хорижий сорсинг компания ва халқаро брендларни Ўзбекистонга олиб келиш, 100 та маҳаллий корхона фаолиятига «Better work», «BCI», «Organic» каби дастур ва стандартларни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Вилоятлар ҳокимлари элчилар билан бирга текстиль соҳасидаги йирик 500 та экспортчи корхонанинг маҳсулотлари намуналарини ҳар бир элчихонада жойлаштириши муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, элчилар лойиҳа топиш, уни олиб келиб ишга туширишдан манфаат кўриши кераклиги қайд этилди. Бунинг учун лойиҳани якунига етказган элчиларга устама тўлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Жорий йилда экспортни 40 миллиард долларга, инвестицияни 50 миллиард долларга етказиш бўйича катта марралар олинган.
Бунинг учун ҳар бир элчи ўзи фаолият юритаётган ҳудуднинг нисбий устунликларини таҳлил қилиб, экспорт, инвестиция, янги технология бўйича аниқ мақсад ва натижага ишлаши шартлиги қайд этилди.
Айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари четдан грант жалб қилиш бўйича бор имкониятлардан самарали фойдалана олмаётгани қайд этилди. Улар элчилар ёрдамидан фойдаланиб, донор ташкилотлар билан ишни тўғри ташкил қилганида ўтган йили яна камида 200-300 миллион доллар грант жалб қилиш мумкин эди.
Халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар ҳар йили 200 миллиард долларлик халқаро грантлар эълон қиляпти.
Бу имкониятдан унумли фойдаланиш, грантлар билан ишлаш бўйича янги тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейтсария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчилар билан биргаликда ТОП-100 га кирувчи хорижий олийгоҳларни Ўзбекистондаги олийгоҳларга ҳамкор қилиб олиб келиш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.