Тақдимотда маданият вазири Озодбек Назарбеков, ТУРКСОЙ Бош котиби Дусейн Касеинов, Туркия Республикаси Президенти Бош маслаҳатчиси Ялчин Тўпчу, мамлакатимизнинг Анқарадаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Туркиянинг Тошкентдаги элчиси Меҳмет Суреййа, Ўзбекистон – Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, бурсалик депутат Усмон Местен, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Маданият дипломатияси бўлим бошлиғи ўринбосари Эмир Салим Юкселлар иштирок этди.

ТУРКСОЙ Бош котиби Дусейн Касеинов “ТУРКСОЙ – Ўзбекистон” китоби чоп этилиши муносабати билан ташкилотнинг барча аъзоларини қутлади.

Унинг таъкидлашича, ушбу нашрда 2020 йилда Хива шаҳрининг Турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилган анжуман ва фестиваллар аҳамияти ҳақидаги маълумотларга кенг ўрин берилган.

Туркий халқлар буюк шахслари, хусусан улуғ мутафаккир Алишер Навоий, ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан Абдулла Қодирий, янги ўзбек адабиёти вакили, ёзувчи Шукруллонинг турк шеърияти ва санъатига қўшган улкан ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар билан бойитилган.

Тақдимот давомда Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев сўзга чиқиб, ушбу китобдан жой олган ўзбек миллий урф-одатлари, анъаналари ва қадриятлари ҳақидаги мақолалар аҳамиятига алоҳида тўхталди. Унинг қайд этишича, китобни ўзбек тилига таржима қилишда Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳиссаси катта.

Видеомулоқот давомида Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси мутолаа қилинди, туркий давлатлар санъат усталари томонидан Хива шаҳрининг гўзаллиги, санъати, урф-одати ҳақидаги тарона ижро этилди.