Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб Самарқанд вилоятининг туманлари (шаҳарлари) ҳокимликлари тузилмасида туман (шаҳар) ҳокимлиги таъсисчилигида давлат муассасаси шаклида Маҳаллабай ишлаш марказлари ташкил этилди.

Марказларнинг асосий вазифаси аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Марказлар фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш, Марказлар директори ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, шунингдек, Марказлар фаолиятини режалаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини молиялаштириш тартиби белгиланди.

Марказлар ходимларига туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядлар татбиқ этилади

Марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали ташкил этишга туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари шахсан масъул ҳисобланади.

Самарқанд вилоятининг туманлари (шаҳарлари) ҳокимликлари бир ой муддатда ушбу қарорда назарда тутилган талаблар асосида ўз муассислигидаги Марказларнинг тузилмаси ва уставини тасдиқлайди ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.

Марказ фаолиятига директор раҳбарлик қилади.

Марказ директори вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан келишган ҳолда туман (шаҳар) ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.