Президентимиз томонидан илгари сурилган “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда ўз самарасини бермоқда. Албатта, маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини ҳал этиш биргина маҳалла тизими ходимлари томонидан бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки муҳим жиҳатдир. Жойларда олиб борилаётган “маҳаллабай” ишлаш механизмининг ҳам муҳим асосини ана шу тамойил — барча соҳа вкилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашиши тушунилади.

“Маҳаллабай” ишлаш, бу — барча соҳа мутасаддиларининг бир мушт бўлиб, маҳаллалардаги муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишнинг янгича механизмидир.

Жойлардаги муаммоларни “маҳаллабай” аниқлаш ва бартараф этиш, хусусан, ҳудудларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган ҳамда мазкур амалиёт натижасида жойлардаги одамларни қийнаётган кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Наврўз Мусаев.-  Хусусан, жорий йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда  маҳаллаларнинг ички йўллари, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, шу вақтга қадар чекка маҳаллалардаги 102 715 километр ариқ ва зовурлар тозаланди. Республикамиз бўйича  24 513 000 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди, 1 829 та маиший чиқинди тўплаш масканлари тартибга келтирилиб, 308 таси янгидан қурилди, 5 704 та тунги ёритгич мосламалари ўрнатилди.

Маҳалла ходимларининг сектор раҳбарлари ва тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан олиб борган узвий ҳамкорлиги натижасида бугунги кунга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда 126 939 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 34 114 нафари касб-ҳунарга  ўқитилди.

Шунингдек, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида ушбу тоифадаги 15 190 нафар хотин-қизларга томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди. 58 527 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка жалб этилди ва уларга кредит олишга кўмаклашилди;

Ҳудудлардаги 9 223 нафар нотурар жойларда яшаётган хотин-қизларнинг 5 219 нафарига уй-жойларини яхшилаш учун амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 43 674 нафар хотин-қизларга тиббий, 24 603 нафарига ҳуқуқий, 23 365 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди.

Юртимиздаги мавжуд барча фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгашлари”да малакали психологларни жалб этган ҳолда ижтимоий ҳимояга ва психологик кўмакка муҳтож аёллар учун тренинглар ташкил этилди. “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 103 880 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди. 16 051 нафар фуқаро ҳунармандчилик, 11 984 нафари касаначилик билан шуғулланиш каби йўналишларга жалб этилди. 

Маҳаллаларда истиқомат қилувчи 7 254 нафар фуқарога турли мақсадлар, хусусан, томорқачиликни ривожлантириш мақсадида субсидия ажратилишида кўмаклашилди. 53 574 нафар фуқаролар ўқув курсларида ўқитилиб, улардан 24 449 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Ўқув курсларида касб-ҳунарга ўқитилган фуқаролардан 46 908 нафари маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳиссасига тўғри келади.

 

                                                                            Баҳор ХИДИРОВА,

                                                                            “Янги Ўзбекистон” мухбири