Ушбу тадбир  Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорлигида ташкил этилди. Экологик акция доирасида   юз тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари экилиб, атроф кўкаламзорлаштирилди. Маҳаллабай ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда бартараф этилмоқда. Биринчи навбатда маҳалла масъуллари билан  биргаликда атроф-муҳитни ободонлаштириш ҳамда уй-жой коммунал соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга асосий эътиборни қаратилаётир. 

Айтиш керакки, Президентимиз томонидан  ишларни “маҳаллабай” тизимда амалга оширишга оид белгилаб берилган топшириқлар ижроси бўйича Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Юнусобод туманидаги 12та маҳаллалар бириктирилган. Агентлик томонидан  маҳаллаларда узоқ вақт ечим топмаган мурожаатларни ўрганиш ҳамда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилиб, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Юнусобод туманидаги Отчопар-1 маҳалласи ҳудудида  Агентлик ходимлари ташаббуси билан  мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.

Шу билан бир қаторда, Агентлик “Махсустранс” ДУК Юнусобод туман бўлими ва Тошкент шаҳар ободонлаштириш  бош бошқармасининг туман бўлимларини жалб этилган ҳолда  Хиёбонтепа, Шайх Шиблий, Қадрдон, Янги тарнов, Отчопар-1, Отчопар-2,  Бўзсув ва бошқа маҳалла ҳудудларидаги кўплаб бино, майдонлар, канал ва ариқлар дов-дарахтлар барглари, йиғилган пластмасса, қурилиш чиқиндиларидан тозаланди. “Отчопар-2” маҳалласида  канал бўйидаги хавфли бўлган ҳудудни 500 метрга яқин темир панжара билан ўраш ишлари олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳи таркибида Агентлик  томонидан “Юнусобод” МФЙда кўчаларни ёритиш мақсадида Тошкент шаҳар “Нур”ДУК жалб этилиб,  10 та симёғочдаги   куйган ёритгич лампочкалар янгисига алмаштирилди, хонадонларда эса электр энергия қуввати меъёрга келтирилди. Таъмирталаб кўчалар асфальтлаштирилмоқда, кўп қаватли уйларнинг ташқи фасад қисмлари ҳам оқланиб тартибга келтирилди.  

“Мирзо Улуғбек” МФЙ Амир Темур кўчасида жойлашган 2-уйнинг юқори қаватида яшовчилар эндиликда ёғингарчилик мавсумларида ташвишга тушмайдиган бўлди. Мазкур уй том қисмининг 120  квадрат метри таъмирланди. Ўз ўрнида маҳалла аҳлининг таклифлари ҳам инобатга олинмоқда. Унга кўра, чиқинди қутилар учун зарурати бор ҳудудларга контейнер келтирилди, яроқсиз ҳолатга келган чиқинди қутилари  эса янгисига алмаштирилди.

Агентлик томонидан туман “Сувоқава” ташкилотига берилган талабнома асосида кўчалардаги ҳафталаб, ҳатто ойлаб беҳуда оқиб  исроф бўлаётган ичимлик суви, иссиқлик манбаини узатувчи  қувурлар таъмирланди, баъзилари  эса янгисига алмаштирилди. Бу билан  мазкур ҳудудлардаги хонадонларга берилаётган сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, ўнга яқин канализация тармоғидаги қувурлар ҳам таъмирланмоқда.

—“Отчопар-1”  МФЙ ҳудудида жойлашган “Ideal tekstil grouрр” МЧЖ корхонаси қувури орқали аҳоли саломатлиги ва атроф муҳитга зиён етказиши мумкин бўлган  зарарли тутун ва ёқимсиз ҳид шу ерда яшовчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди,- дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Умида Мансурова.-  Агентлик саъй-ҳаракати билан бу ҳолат бартараф этилди. Ишлаб чиқариш корхонаси томонидан фильтрлар алмаштирилди.

Бундан ташқари, ижтимоий  ҳимояга муҳтож оилаларга ташриф буюрилиб,  суҳбатлар ўтказилди. Мисол тариқасида биргина “Бўз сув” МФЙнинг ўнга яқин аҳолисига ҳомийлар жалб этилган ҳолда моддий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг газ таъминоти ва электр энергияси бўйича муаммолари ҳал этилишига эришилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги  бириктирилган мазкур 12 та маҳалла ҳудудига ишчи гуруҳ таркибида  аҳолини, хусусан ёшларни қийнаётган муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича ўрганишларни давом эттирилмоқда.

                                                                  Баҳор ХИДИРОВА,

                                                                  “Янги Ўзбекистон” мухбири