Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу нақл моҳиятини мазмунан бойитиб, таълим даргоҳларини бўлғуси Ренессанснинг тўртинчи ҳалқаси деб атади. Ҳеч иккиланмай: “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деди.

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов учинчи мингйиллик остонасида туриб, инсоният қаршисида чуқур ўйга толар экан: “Замондошларим елкасига тушган юкни, онги ва қалбига етган кучланишни мен фазо кемасининг кўтарилиш чоғида фазогирнинг вужудига тушган оғирликка қиёслайман”, деган эди. Шу маънода, биз, ўқитувчилар ҳам ўтмиш ва бугунни таққослаб, таълим соҳасида эришилаётган улкан ютуқ ва муаммолар, эътибор ва ғамхўрликлар, олдинги ва ҳозирги аҳвол ҳақида тез-тез фикрлашиб турамиз.

— Ҳар қандай юксак тамаддун, ислоҳотлар негизида инсон ва унинг интеллектуал салоҳияти туришини ҳисобга олсак, таълим тизимига, соҳа мутахассисларига кўрсатилаётган давлат сиёсати даражасидаги юксак эътибор ҳамда ғамхўрликлар моҳиятини англаш қийин эмас, — дейди мактабимизнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси ва бадиий гимнастика мураббийи Нозима Жўраева. — Ўзбекистон Президентининг қайси соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувини кўрманг, албатта, ўқитувчилар ҳақида алоҳида жон куйдириб, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш ҳақида ёки ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари учун барча шароитларни ҳозирлаш тўғрисида сўз айтади, масъулларга кўрсатма беради.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори сабаб, сўнгги беш йил ичида халқ таълими тизими билан боғлиқ кўплаб қарорлар қабул қилиниб, яққол кўзга ташланиб турган комплекс муаммоларга узил-кесил барҳам берилди. Жумладан, энг машаққатли, энг шарафли касб эгаларининг моддий аҳволини тубдан яхшилаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликлару фаолиятига ноўрин аралашувлардан ҳамда уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш сингари нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларнининг ўз касбига бўлган муносабатига салбий таъсир қиладиган ножўя муносабатларга чек қўйилди. Президентимиз ушбу ҳолатни ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида куюнчаклик билан чуқур таҳлил қилар экан, жумладан, шундай деганди:

“Мана, яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ўз навбатида, ўқувчи бир ойда 136 соат сабоқ оладиган бўлса, тўрт ойда 544 соат дарсни бой беришга мажбур бўлди.

Агар бу рақамларни ўн бир йилга кўпайтирсак, биласизми, қанча бўлади? Бу, ахир, юқори синф ўқувчилари учун белгиланган 8,5 минг соатлик ўқув дастурининг қарийб 3 минг соати – 30 фоизи далада мажбурий меҳнатда ўтди, дегани эмасми? Бошқача айтганда, бола 11 йил ўрнига атиги 7 йил ўқишга мажбур бўлди.

Яратганга шукрки, бундай салбий ҳолатлар энди тарихда қолди. Ҳамма соҳани ўз эгасига, жумладан, қишлоқ хўжалигини ҳам фермер ва кластерларга топшираётганимиз туфайли бунга эришмоқдамиз”.

Қаранг, қандай муаммолар гирдобида яшабмиз, лекин шу вақтгача ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда шундай жиддий ёндашув ва таҳлилий муносабат бормиди? Вазиятни теран англаган Президентимиз мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ҳамда мавқеини ошириш учун уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклифини берди. Ушбу қонунда ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши кераклиги, шу билан бирга, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақомини аниқ белгилаш кўзда тутилиши таъкидланди. Шу фикрнинг амалий исботи сифатида синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун 2020 йил 1 октябрдан бошлаб, 242 минг синф раҳбарига қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилди. Президентимиз фармонига биноан илк бор 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.

— Ўқитувчилар маошининг оширилиши, уларга автокредитлар, намунавий уй-жойлар учун имтиёзли кредитларнинг берилиши, дам олиш учун йилда бир марта сиҳатгоҳларга юбориш амалиётининг жорий этилиши соҳадаги туб бурилишларнинг амалий ифодасидир, — дейди мактабимизнинг математика фани ўқитувчиси Венера Ҳалимова. — Айниқса, математика ҳамда кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича махсус қарорлар қабул қилиниб, ҳар бир туман ва шаҳарда ана шу фанларга ихтисослашган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилаётгани тарихда кузатилмаган воқеликдир. Яқин ўтмиш ва бугунги кун манзараси қиёсланганда, жадид боболаримиз каби тинимсиз, фидокорона меҳнат қилиб, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришган, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари деб ҳисобланаётган, моҳир педагог Тўхтамурод Жумаевнинг Президентимиз фармонига биноан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги муҳим ҳодисадир.

Дарвоқе, Тўхтамурод Жумаев тамал тошини қўйган мазкур мактаб бугунги кунда Халқаро математика мактабига айлантирилгани ва битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, халқаро олимпиадаларда энг кўп медаль ва совринли ўринларни олиб келаётгани учинчи Ренессанс учун юртимизда муносиб пойдевор мавжудлигини кўрсатади. Бундай дадил ташаббуслар ва ислоҳотлар самараси ўлароқ халқаро миқёсда юқори натижаларга эришаётган ўғил-қизларимиз тараққиёт мактаб остонасидан бошланишини бот-бот исботламоқда.

Буларнинг барчаси таълим самарадорлигини ошириш, баркамол шахс тарбияси таълим марказида бўлишини ҳамда ёшларнинг мустақил билим олишини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларга катта эътибор ва имкониятлар берилаётганининг ёрқин далилидир. Муҳими, биз келажак авлод вакилларини тарбиялаш ва камолга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасаларида яратилаётган замонавий шарт-шароитларни ўз кўзимиз билан кўриб, улкан бунёдкорликнинг фаол иштирокчисига айланяпмиз.

Устоз деган номга муносиб бўлиш учун юртимиздаги барча фидойи ўқитувчилар бутун маҳоратини ишга солиб, билдирилган юксак ишончни оқлашга интилмоқда. Зеро, муаллим камолотнинг кўзгуси экан, бу йўлда ўқитувчи нафақат касбига фидойи бўлиши, таълим даргоҳи, ўқувчи-талабаларни севиши, балки қатъиятли ва иродали бўлиши ҳам ўта муҳим. Зотан, келажак ёшлар қўлида экан, Ўзбекистоннинг эртанги куни ёруғ ва истиқболи янада порлоқ бўлиши учун барчамиз, айниқса, биз, ўқитувчилар ёшлар тарбиясига, таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда бор билим ва тажрибамизни ишга солиб, бу шарафли йўлдаги энг катта куч, таянч ва суянчга айланишимиз лозим.

Зеро, янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади!

Диёра РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳридаги

260-мактаб ўқитувчиси