Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат, айниқса, мактаб ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигини ривожлантириш, улар ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда умумтаълим мактабларида ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбия, педагогларга бўлган ҳурмат ва эътибор тобора юксалиб бормоқда. Устоз-мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, истеъдодли ўқувчиларни кашф этиш, уларни ўзлари қизиққан ҳамда орзу қилган касбга йўналтириш таълим соҳасининг муҳим вазифасига айланди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги 9 - ҳамда Нурафшон шаҳридаги 62 - умумтаълим мактабларини ўз оталиғига олган. Институтимиз ушбу мактабларда таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш ва сифатини ошириш, ўқувчи-ёшларнинг ўз истеъдодини тўлиқ намоён этишларига ҳар томонлама кўмаклашмоқда.
Таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларнинг камол топиши ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишларида Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус улкан аҳамият касб этяпти. Шу боис, оталиққа олинган мактабларда “Бешта муҳим ташаббус куни” деб номланган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этдик.
Тадбирларда институтимизда фаолият юритаётган таниқли мўйқалам усталари ҳамда замонавий тасвирий ва амалий санъат соҳасида илмий-тадқиқот қилган ёш профессор-ўқитувчилар ўқувчиларга маҳорат дарслари ўтишди, расмлар танлови уюштирилди. Маҳорат дарсларида фаол иштирок этган, танловда ғолиб бўлган ўқувчилар институт томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Мактабларни оталиққа олганимиздан сўнг мактаб маъмурияти ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан таълим даргоҳларидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг сабабларини бугунги кун талаблари асосида чуқур ўргандик, бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдик, таълим-тарбияни ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқдик.
Қувонарли жиҳати, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарлари мутасаддилари бу ишларимизга хайрихоҳлик билдириб, тадбирларимизда бевосита қатнашиб, мактаблар фаолиятини ривожлантириш, муаммоларни биргаликда ҳал этишга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Ўрганишларимиз, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида мактаблар билан ҳамкорлик меморандуми имзоладик. Меморандумда ўзаро ҳамкорликда умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, фан тўгараклари ташкил этиш, ўқувчиларнинг ихтисослашган мактаблар, профессионал таълим даргоҳлари, олий таълим муассасаларига кириши салмоғини ошириш, асосий фанларни яхши ўзлаштиришлари учун имконият ва шарт-шароит яратиш, умумтаълим мактабида бешта муҳим ташаббус доирасида мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш ва истеъдодини юзага чиқариш, жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ўқувчи қизларни касб-ҳунарга ўргатиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, институт профессор-ўқитувчилари умумтаълим мактабларидаги мослаштирилган кутубхонани замонавий ҳолатга келтириш бўйича амалий ёрдам бериши, дизайн ва ҳайкалтарошлик кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчи курс талабаларини жалб этиб, мактаблар ҳудудининг ландшафт дизайни лойиҳасини яратиш режалаштирилган.
Институт вакиллари умумтаълим мактабларида дарс жараёнларини кузатиб, таҳлил қилиб боради, унинг натижаларига мувофиқ мактаб ўқитувчиларида аниқланган камчилик ва бўшлиқларни тўлдириш, методик ёрдам бериш мақсадида маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этилади, расм ва чизмачилик синфхоналарини кўргазмали қуроллар билан жиҳозлашда кўмаклашилади, институтда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилади.
Мактаблар билан ҳамкорлигимиз узоқ муддатга мўлжалланган. Шу боис, Нурафшон ҳамда Оҳангарон шаҳарлари ҳокимликлари билан уч йиллик чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик ва тасдиқладик.
Мактабларда асосий эътибор битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун кўмаклашиш ва касбга ўргатиш, иккинчи томондан, қуйи синфларда таҳсил олаётган ўқувчиларни қизиқишларига қараб касб-ҳунар, санъат турларига йўналтириш, истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилади.
Кузатишларимиз, ўтказилаётган тадбир, танлов ҳамда маҳорат дарслари мактабларимизда истеъдодли ўқувчилар кўплигини кўрсатмоқда. Улар ўз вақтида кашф этилса, тўғри йўналтирилса, рағбатлантирилса, маҳорати оширилса, чуқур билимга эга бўлса, келажакда ўз йўлини топишда адашмайди, қийинчилик ва муаммоларга дуч келмайди.
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида, хусусан, мактабларимизни бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнга олий таълим муассасаларининг ҳам жалб этилаёт гани бежиз эмас. Чунки ҳар икки таълим муассасаси бир-бири билан узвий боғлиқ: бир-бирини тўлдиради ва ривожлантиради. Уларни биридан иккинчисини айро тасаввур этиб бўлмайди.
Олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ишлаган, уларнинг қандай ва нима билан “нафас олаётганини” англаган мактаб педагоглари ҳам ўқувчиларга билим бериш жараёнида ушбу омилларни, албатта, инобатга олади. Ўқувчи-ёшларда эса мактабдалик пайтидаёқ олий таълим ҳақида муайян тасаввур пайдо бўлади, қизиқиш уйғонади, ўз келажагини янада ёрқинроқ тасаввур эта бошлайди.
Ушбу ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, энди мактаблар эришаётган ютуқлар, йўл қўяётган камчиликларга ҳар икки томон ҳам бирдек масъул. Бу, ўз навбатида, ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мактаблар билан ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш институтимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Олий таълим муассасаси ва мактаблар ўртасида йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик яқин келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиз.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институти ректори