Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Алишер Навоий” ҳамда “Қорача” маҳаллаларида жойлашган 14- ва 19-умумий ўрта таълим мактабларидаги ўқувчилар ҳамда маҳалладаги ёшлар учун “Ҳарбий-ватанпарварлик” синф хоналари барпо этилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Ўқув синфлари округ ҳарбий хизматчилари томонидан янгича кўринишга келтирилиб, моддий базаси янгиланди. Буюк саркардаларимиз, тараққиёт стратегияси ва бошқа қизиқарли маълумотлар акс этган “Ватан азиз, жасорат мангу!” ва “Мактабимиз фахри” каби бурчаклар барпо этилди.
Мазкур синф хоналарида фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар ўқувчиларга илк жасорат дарсларини ўтказиб, ушбу имкониятлардан биргина ўқувчи эмас, балки маҳалладаги барча ёшлар унумли фойдаланиши мумкинлигини таъкидлашди, ўқув синфларида машғулотларни ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.
Тадбир якунида маҳаллалардаги аҳоли ва ёшлар учун қўл жанги ва фахрий қоровул чиқишлари, замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳамда ҳарбий оркестр жамоасининг консерт дастури намойиш этилди.