Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил шаклида ўрганиш доирасида видеоконференция тарзида давра суҳбати ўтказилди. “Таълим соҳасига рақамли технологияларни жалб қилишнинг ахамияти” мавзуида ташкил этилган тадбирда қўмита аъзолари, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларининг раҳбар ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, хусусан, ахборот-коммуникацион технологияларининг ривожланиши кўплаб соҳалар қатори, таълим тизимига ҳам янгича ёндашувни талаб этмоқда. Қолаверса, жаҳон бўйлаб тарқалган COVID-19 инфекцияси туфайли фарзандларимиз бир муддат масофавий таълим шаклида ўқишга мажбур бўлди. Бу жараён “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг ижросини ўз вақтида таъминлаш қай даражада муҳим эканлигидан далолат бермоқда.
Тадбирда Халқ таълими вазирлигининг ушбу қонуннинг ижро этилиши ҳолати юзасидан ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, Халқ таълими тизимида 10 дан ортиқ ахборот тизимлари ва дастурлари ишлаб чиқилиб, уларни таълим тизимига кенг жорий этиш ишлар амалга оширилмоқда. Тизимда бир қатор ахборот тизимлари ва ресурслари жорий этилган. Чунончи, оlympiad.uzedu.uz — онлайн олимпиадалар ташкил этиш ва иқтидорли ўқувчилар базасини шакллантириш ахборот тизими, attestat.uzedu.uz — “Аттестат” автоматлаштирилган ахборот тизими, bam.uzedu.uz — “Баркамол авлод” марказлари фаолиятини бошкаришнинг ахборот тизими, ustozovozi.uzedu.uz — Устоз овози, виртуал инспектор тизим кабилар шулар жумласидан.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг ижросини назорат қилувчи ваколатли давлат органи сифатида халқ таълими тизимида учраётган қатор камчиликлар санаб ўтилди.
Жумладан, “Ўзбектелеком” АКнинг маблағлари (202 миллиард сўм) ҳисобига республика бўйича 6 827 та халқ таълими муассасасигача 8 339 километр оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган. Бироқ шу кунга қадар оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган аксарият халқ таълими объектларида телекоммуникация (юқори тезликдаги Интернет) хизматлари учун маблағлар харажатлар сметасида инобатга олинмаганлиги билдирилмоқда. Оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган тақдирда ҳам аксарият мактаблар юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш учун тайёр эмас, яъни, компьютерлар техник талабларга жавоб бермайди, локал тармоқ мавжуд эмас, лицензияли дастурий таъминотлар ўрнатилмаган.
Танқидий руҳда ўтган тадбирда депутатлар қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти доирасида топилган камчиликларни ҳам санаб ўтди.
Таъкидланганидек, халқ таълими тизимида маълумотлар алмашинуви бўйича электрон маълумотлар базаси самарадорлиги, аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг натижадорлиги юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлаш давомида бир қатор камчиликлар аниқланган. Чунончи, 2019 йилда жами 10154 та объектдан 6827 ( 67 фоиз) та объектга оптик толали алоқа кабели тортилган, шундан 4969 (48 фоиз) та объектга уланган бўлса, 5569 та объектга уланмаган. хDSL ва CPON технологияларини инобатга олган ҳолда 4585 (45 фоиз) та объектда юқори тезликдаги интернетдан фойдаланилмоқда. Шундан, Хоразм вилоятида 100 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз мактаблар фойдаланаётган бўлса, Фарғона вилоятида 36 фоиз, Сурхондарё вилоятида 30 фоиз, Жиззах вилоятида 20 фоиз, Қашқадарё вилоятида атиги 17 фоиз мактаблар юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиб келмоқда.
“Kundalik.сом” тизим 2019 — 2020 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 300 дан ортиқ мактабда тажриба синовдан ўтказилган, 2020 — 2021 ўқув йилидан эса 1400 дан ортиқ мактабларга жорий этилган. АТнинг техник топшириғи ишлаб чиқилган, 2020 йил 10 ноябрда Халқ таълими вазирлиги ва “Kundalik” ХК МЧЖ билан битим имзоланган, 12 ноябрда Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан рўйхатдан ўтказилганлиги сабабли ваколатли орган томонидан экспертизадан ўтказилмаган.
Ўқитувчилар ишини енгиллаштириш, қоғозбозликни олдини олишга қаратилган ислоҳотлар режалаштирилган бўлса-да, ўқувчининг ўзлаштирган баҳоларини тўғридан тўғри дарс жараёнларида “Kundalik.com” АТга жойлаштириш имконияти мавжуд эмас. Ўз навбатида, вазирликка бу борада хар бир фандан ўқувчиларнинг ўзлаштиришини дарс жараёнларида киритиш имкониятини яратиш бўйича механизм ишлаб чиқиши бўйича таклифлар берилди.
Тадбирда онлайн дарсларда ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини аниқлаш бўйича тизим яратилмагани, ўқувчиларнинг онлайн дарсларни кузатиб бориш ҳамда самарасини назоратга олиш имкониятлари мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, ахборот ресурсларида сақланадиган ва ишлов бериладиган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ахборот электрон ҳужжатлар айланишини ташкил этиш бўйича “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона порталга уланган, Е-Хат электрон почтасидан фойдаланиш қўйи тизимдаги ташкилотлар билан самарали йўлга қўйилмаган. Электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжатларнинг айланишини ташкил этиш режалаштирилган, бироқ тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги аниқланган.
Вазирлик тасарруфидаги 5 714 та мактабда замонавий компютерларнинг етарли эмаслиги, электрон дарслар, виртуал лаборатория, ахборот тизимларидан фойдаланиш самарадорлигига эришиш учун тўсқинлик қилишини инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактабларда бу борада амалга оширилган ишларни қайта кўриб чиқиш ҳамда икки ой муддатда йўл харитасини ишлаб чиқиш тавсия этилди.