Хусусан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар хийла мураккаб жараён бўлиб, изчилликни, пухта ва ўйланган режани, таҳлил ва тадқиқни тақозо этади. Бироқ шу пайтга қадар халқ таълими тизимида соҳа муаммоларини тадқиқ қиладиган, унинг стратегиясини белгилайдиган ва режалаштирилган инновацияларни илмий жиҳатдан ўрганиб, тажриба-синовдан ўтказадиган махсус ташкилот ёки муассаса йўқ эди.
Президентимизнинг жорий йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжатларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги раҳбар ва педагог-ходимларни “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз малака ошириш тизимига трансформация қилиш вазифаси қўйилди.
Амалдаги тартибга кўра, педагог-кадрлар ҳар 5 йилда камида 1 марта, раҳбар ва мутахассис ходимлар эса ҳар 3 йилда камида 1 марта малака оширишлари лозим. Ўқитувчининг 5 йилда 1 ой, яъни 144 соатлик ўқув дастури асосида малака ошириши ва қолган 4 йилу 11 ой ҳеч қандай ўқувга жалб қилинмаслиги уларнинг ўз устида ишламаслиги, катта ҳажмдаги таълимий ахборотлардан баҳраманд бўлмаслигига олиб келмоқда.
Педагог-кадрларнинг 5 йилда 1 марта малака ошириши ҳозир фақат айрим МДҲ мамлакатларида сақланиб қолган. Дунёдаги таълим ривожланган мамлакатларда ўқитувчиларнинг ҳар йили узлуксиз малака ошириши йўлга қўйилган. Масалан, Корея Республикасида ўқитувчи ҳар йили камида 108 соат, Сингапур ва Японияда ҳар йили 100 соатдан ортиқ, Голландияда 166 соат малака ошириши белгиланган.
Шу боис, бизда ҳам соҳа ходимларини даврий эмас, балки доимий равишда ўқитиб бориш, малака оширишни ходимларнинг касбий эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этиш долзарб масалага айланиб қолди.
Ислоҳотлар янгича ёндашувларни тақозо қиляпти
Давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ, халқ таълими соҳасидаги муаммоларни илмий тадқиқ қилиш ва истиқболдаги ислоҳотларни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти қайта ташкил этилди. Мазкур муассаса А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти деб номланди. Институт фаолияти давр талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан ислоҳ қилинди: у фақат педагог-ходимлар малакасини ошириш билан чекланиб қолмасдан, том маънодаги илмий-тадқиқот даргоҳига айланади.
Бу, ўз навбатида, институт зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди: рақобатбардош ва самарали миллий таълим тизимини йўлга қўйиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш, таълим муассасалари раҳбар ва педагог-ходимларини касбий ривожлантириш билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ қилиш ва ечимини топиш – институтнинг асосий фаолият йўналиши этиб белгиланди.
Халқ таълими вазирлигига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар халқ таълими ходимларининг малака ошириш жараёнини “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида ташкил қилиш, ходимларнинг касбий эҳтиёжларини ташхис қилиш асосида ишлаб чиқилган индивидуал ривожланиш дастурига мувофиқ малакасини ошириш тартибини амалиётга киритиш, соҳа ходимларининг малака ошириш жараёнига кредит-модулга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш вазифаси юклатилди.
Малака ошириш — таълим тизимининг диққат марказида бўлади
Яқинда малака ошириш курсида ўқиган ходимларга берилган “Сиз ўқиган курснинг мазмуни касбий эҳтиёжларингизни қай даражада қондирди?”, деган саволга уларнинг 20 фоизи “тўла қондирди”, 20 фоизи “қисман қондирди”, 50 фоизи “қондирмади” ва 10 фоизи “билмадим”, деб жавоб қайтарди. Сўровномага жалб қилинганларнинг кўпчилиги малака ошириш дастурларини шакллантиришда уларнинг эҳтиёжлари эътиборга олинса, курснинг фойда ва самараси ошган бўларди, деб қайд этди.
Ҳар қандай таълим жараёни самарали бўлиши учун у таълим оладиган шахснинг қизиқиш ва эҳтиёжларига мос бўлиши лозим. Бу барча ёшдаги таълим олувчиларга хос бўлиб, айниқса, катта ёшдагилар учун муҳим аҳамият касб этади. Педагог-ходим малака ошириш курсига, одатда, янгилик олиш, ўқитишнинг янги метод ва технологияларини ўзлаштириш, касбий эҳтиёжларини қондириш мақсадида боради. Бироқ касбий эҳтиёж ҳар бир педагогда турлича бўлади. Бу — табиий ҳол. Битта аудиторияга жамланган 25 нафар педагог-кадрга ўтиладиган мавзу ким учундир қизиқарли бўлиши, кимнингдир эҳтиёжига мос келиши, қолганларга эса умуман ҳеч нарса бермаслиги мумкин. Пировардида ўтилган дарс ёхуд малака ошириш курси тингловчиларни бир хил даражада қониқтира олмайди. Бунинг учун халқ таълими ходимларининг малака оширишга доир эҳтиёжларини ўрганиш, уларнинг ҳар бири учун индивидуал касбий ривожланиш траекториясини тузиш ва малака ошириш ўқувларини ана шу асосда ташкил этиш лозим.
Эҳтиёжларга асосланган малака ошириш тизимини жорий этиш учун халқ таълими ходимларининг малака даражаси, билими, илмий-педагогик салоҳияти, иш тажрибаси ва индивидуал касбий ривожланиш траекториясидан келиб чиқиб, табақалашган малака ошириш дастурлари ишлаб чиқилади. Анъанавий малака ошириш билан бир қаторда, касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий ва бошқа муқобил шакллари жорий этилиб, халқ таълими ходимлариниинг индивидуал траекториялари, касбий ривожланиш натижалари ва ўзлаштирган ўқув дастурлари тўғрисидаги маълумотлар уларнинг электрон портфолиосига киритилади.
Малака оширишда кредит-модул тизими жорий этилади
Педагог-кадрлар эҳтиёжларига асосланган касбий ривожланиш таълими натижаларини баҳолаш янгича ёндашувни талаб қилади.
Амалдаги тартибга биноан тингловчи малака ошириш курсини тугатганидан сўнг тест синовлари ва малака ишини ҳимоя қилишдан иборат якуний баҳолаш жараёнидан ўтади. Баҳолашнинг ушбу шакллари ягона ўқув режа ҳамда ўқув дастурлари асосида ташкил қилинган малака ошириш курслари учун қўлланилади. Бироқ турли индивидуал траектория ва ўқув режа-дастурлари асосида ўқиган тингловчилар эришган натижаларни ягона баҳолаш воситаси — тест ва малака иши ҳимояси билан баҳолаб бўлмайди.
Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш тизимидаги таълим олиш натижаларини баҳолашда кредит-модул тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Унга кўра, ходим томонидан бир йилда йиғилиши лозим бўлган кредитлар(академик соатлар)нинг энг кам ҳажми назарда тутилмоқда. Ҳар бир ходим юқорида қайд этилган “Узлуксиз касбий таълим” платформаси орқали унга тақдим этилган ўқув модулларини ўзлаштиргач, платформа томонидан баҳоланади ва йиғилган кредитлар ходимнинг шахсий кабинетида жамланади. Кредитларнинг белгиланган миқдорини йиққан ходим шу йил учун малака ошириш курсини тўла ўтаган ҳисобланади.
Баҳолашнинг кредит-модул тизимини жорий этиш ходимларнинг муқобил малака ошириш шаклларида ҳам олган натижаларини баҳолаш имкониятини яратади. Шунингдек, ходимнинг Coursera каби интернет тармоғидаги электрон ресурсларидан фойдаланиб, ўз савиясини ошириши, республика ва халқаро олимпиадаларга ўқувчилар тайёрлагани, чет эллардаги нуфузли илмий журналларда мақола чоп этгани, илмий даража олиш учун диссертация ҳимоя қилиш каби ҳолатларни ҳам кредитларда баҳолаш белгиланган.
Соғлом рақобат муҳити яратилади
Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш жараёнларига педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини ҳам жалб этиш, пировардида соғлом рақобат муҳитини яратиш белгиланмоқда.
Бугунги кунгача халқ таълими муассасалари ходимлари малакаси институт ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 14 та халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида оширилаётган эди.
Олий таълим муассасалари тузилмасида халқ таълими ходимларини малакасини ошириш факультетларини ташкил этиш, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ваколати берилган олий таълим муассасалари учун таянч таълим муассасаси этиб белгилаш, халқ таълими ходимлари малакасини ошириш курсларининг намунавий ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда. Шунингдек, курсларнинг ўқув-услубий таъминотини доимий янгилаб бориш чораларини кўриш, малака оширишнинг самарали шаклларини жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Педагог-ходимларда ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари кўникмаларини ривожлантириш, халқ таълими ходимларида Интернет жаҳон ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш вазифалари назарда тутилган.
Энди халқ таълими ходимлари фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш ташкилотларида эмас, балки ўз ихтиёрларига кўра, ҳудудларда жойлашган истаган давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ҳам ўз малакаларини оширишлари мумкин бўлади.
Мазкур тартиб малака оширишда мавжуд монополияга барҳам беради, танлаш имкониятини тақдим этиш орқали малака ошириш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратади. Ходимдан қаерда малака оширишидан қатъи назар, жорий йил учун белгиланган кредит балларини йиғиш талаб қилинади.
Халқ таълими тизими ўз илмий тадқиқот институтига эга бўлди
Институтимиз зиммасига соҳа фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш ва умумий ўрта таълимнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастур ҳамда лойиҳаларини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.
Ушбу вазифалар ижроси юзасидан илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, соҳа учун юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимлар, соҳадаги раҳбар кадрлар ва методистларнинг касбий даражаси, малакасини мунтазам ошириб бориш, шунингдек, соҳага оид илғор тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш, умумий ўрта таълимни ташкил этишнинг янги технологиялари, воситалари ва шаклларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва экспертиза қилишда иштирок этиш каби фаолият йўналишлари назарда тутилмоқда.
Ривожланган мамлакатларда таълим соҳаси муаммоларини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган институтлар таълим тизими тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Масалан, Корея Республикасида Корея таълимни ривожлантириш институти (KEDI) 1972 йилдан буён муваффақиятли фаолият кўрсатади. Унинг зиммасига Корея миллий анъаналарини акс эттирувчи янги таълим тизимини яратиш, бу борада кенг қамровли илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион таълим тизимини ишлаб чиқиш, соҳадаги ислоҳотлар сиёсати учун платформа вазифасини ўташ, келажак таълим қадриятларини илгари суриш ва инновацион таълимнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш каби вазифалар юклатилган. Мазкур институт бугунги кунда нафақат Корея Республикаси, балки халқаро майдонда ҳам ўз нуфузига эга илмий ташкилотга айланган.
Халқаро ҳамкорлик
Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболни белгилаш, соҳа ходимлари малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни татбиқ этишда хориж тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Умумий ўрта таълимдаги илғор тажрибаларни ўрганиш асосида тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш асосий мақсад ва вазифалардан бири саналади.
Институтимиз Корея Республикасининг Таълимни ривожлантириш институти ҳамда Ўқув дастурлари ва баҳолаш институти, Россия Федерациясининг Таълим академияси ва мазкур академиянинг Таълимни ривожлантириш стратегиялари институти, АҚШнинг Питтсбург давлат университети, Германия Федаратив Республикасининг Ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, Финляндия академияси, Беларусь Республикаси Таълим вазирлигининг Дипломдан кейинги таълим академияси ва Беларусь Фанлар академиясининг Информатика муаммолари бирлашган институти, Малайзиянинг Аминуддин Баки номидаги таълимнинг раҳбар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти билан илмий амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган.
Мухтасар айтганда, олдимизда халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш каби долзарб вазифалар турибди. Институтимиз мамлакатимиз халқ таълими соҳасини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Зеро, бугун мамлакат ҳаётининг барча соҳаси қатори таълим-тарбияда ҳам янги давр бошланди. Бу давр биздан ҳамжиҳатлик, фидойилик ва самарали меҳнатни талаб этади.
Аюбхон РАДЖИЕВ,
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва
истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти раҳбари,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори