Хабарингиз бор, 22 май куни Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тақдимотда акс этган режаларни вазирлик телеграм каналида эълон қилди.
Мактаб директорларини лавозимига тайинлаш “Директорлар кенгаши” тавсиясига асосан очиқ танлов асосида амалга оширилади.
- умумий ўрта таълим муассасалари директорларига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида энг тажрибали умумий ўрта таълим муассасалари директорларидан иборат бўлган “Директорлар кенгаш”лари ташкил этилади;
- умумий ўрта таълим муассасалари директорларини лавозимига тайинлаш “Директорлар кенгаш”и тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан очиқ танлов асосида амалга оширилади.
Шунингдек, мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади.
Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.
Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади.
Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади.
Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бошқармалари бошлиқларига маслаҳатчи сифатида хорижий мутахассислар жалб этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бошқармаларига маслаҳатчи сифатида Президент мактаблари директорлари;
туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига ихтисослаштирилган мактаблар директорлари бириктирилади.