Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 6 ой давомида республика бўйича тамаки маҳсулотларини божхона чегараси орқали ноқонуний олиб кириш ва ички ҳудудларда муомалага киритиш билан боғлиқ 759 та ҳолат аниқланган.
Мазкур ҳолатлар доирасида умумий қиймати 48,5 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари олиб қўйилган. Бу рақамлар ноқонуний айланмага қарши курашда божхона органлари томонидан назорат тадбирлари кучайтирилганини кўрсатади.
Алоҳида таъкидланишича, электрон тамаки маҳсулотлари ва никотинли снюслар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам доимий назорат марказида бўлмоқда. Хусусан, 185 та ҳолатда 58 минг 403 қути никотинли снюс маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси олди олинди. Уларнинг умумий қиймати 4,2 миллиард сўмни ташкил этган.
Мутахассислар фикрича, бундай маҳсулотларнинг яширин айланмаси бир вақтнинг ўзида бир нечта хавфни юзага келтиради. Биринчидан, улар давлат назоратидан ташқарида сотилади. Иккинчидан, маҳсулот таркиби, сифати ва келиб чиқиши кафолатланмайди. Учинчидан, бундай маҳсулотлар ёшлар ва вояга етмаганлар қўлига тушиш хавфини оширади.
Шу боис Ўзбекистонда ушбу соҳадаги қонунчилик талаблари кучайтирилди. 2025 йил 27 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ–1098-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартишлар 2026 йил 1 мартдан кучга кирган.
Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, ўтказиш, ишлаб чиқариш, мамлакат ҳудудига олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш тақиқланади.
Шунингдек, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунда никотинли снюс, никотинли суюқликлар, электрон сигареталар ва никотин етказиб беришнинг электрон тизимларига оид тушунчалар ҳамда тақиқловчи нормалар аниқ белгилаб берилган.
Брифингда қайд этилишича, айрим фуқаролар ушбу қонунбузарликни такроран содир этган. Никотинли снюсларни олиб киришга уринган 15 нафар шахс илгари ҳам шундай ҳолат билан боғлиқ бўлгани маълум қилинди. Улардан 7 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Амалдаги тартибга кўра, бундай ҳаракатлар анча миқдорда ёки аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, айбдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Шу билан бирга, қонунчиликда айрим ҳолатларда шахс айбини бўйнига олиб, ваколатли органларга мурожаат қилса ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни ихтиёрий топширса, жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги ҳам белгиланган.
Божхона қўмитаси фуқароларни республика ҳудудида муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотинли снюслар, электрон сигареталар ва никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
Таъкидланишича, бу борадаги назорат тадбирлари давом эттирилади. Асосий мақсад — ноқонуний айланманинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшлар орасида зарарли маҳсулотлар тарқалишига йўл қўймаслик ва қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.