Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддасига мувофиқ, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши қайд этилган. Малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқни ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган. Ушбу институтнинг 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси даражасида белгиланганлиги унинг долзарблигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг 2024 йил 1 январь ҳолатига нисбатан иш фаолияти тўғрисидаги (йиллик) статистик маълумотларига кўра, тайинлов бўйича ишларда иштирок этиш (ҳар бир инстанция алоҳида иш сифатида кўрсатилган) сони 85.399 та бўлиб, шундан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи томонидан ҳимоячидан воз кечиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларда иштирок этиш сони 30.461 тани ташкил этган. Эътиборли жиҳати шундаки, тайинлов бўйича ишда иштирок этганлик учун тўланиши лозим бўлган ҳақларнинг умумий миқдори 29.982.961.124 сўм белгиланган бўлиб, амалда тўланган ҳақ миқдори 24.615.772.562 сўмни ташкил этган.
Мазкур статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, давлат ҳисобидан юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжнинг нақадар юқори эканлигини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ–80-сон Фармони қабул қилиниши бўлди. Мазкур Фармон билан адлия органларининг қўшимча фаолият йўналиши сифатида фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш белгиланди.
Бундан ташқари, Фармонда 2024 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинди:
биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилиниши белгиланди;
иккинчидан, ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилиши қайд этилди;
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги жамоат фондлари ҳисобидан «Мадад» ННТнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини молиялаштириш учун давлат субсидиялари ажратиб бориладиган бўлди;
тўртинчидан, ташкил этиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюроларини зарур компьютер техникалари ва мебель билан жиҳозлаш Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.
Фикримизча, ушбу институтнинг тўлақонли ишга тушиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳар кимнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланишига қўйилган яна бир қадам бўлди.
Шуни қайд этиш жоизки, мамлакатимизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида илк маротаба 2023 йил 16 июнь куни “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги ЎРҚ–848-сон Қонуни қабул қилиниши ҳам бу борада муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуни билан “давлат ҳисобидан юридик ёрдам”, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими”, “кам таъминланган шахс”, “Юридик ёрдам” ахборот тизими” тушунчаларига аниқ таъриф берилди. Бу орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида вужудга келаётган айрим камчиликларнинг бартараф этилишига замин яратди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлигининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилди.
Маълумот ўрнида: Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилиш истагини билдирган адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш учун “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали махсус ваколатли давлат органига электрон тарзда мурожаат қилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома адвокат ва махсус ваколатли давлат органи ўртасида тузилади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилганидан кейин адвокат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри «Юридик ёрдам» ахборот тизими доирасида махсус ваколатли давлат органи томонидан электрон тарзда шакллантирилади.
Эндиликда давлат ҳисобидан юридик ёрдам махсус ваколатли давлат органи ва адвокат ўртасида электрон шаклда тузиладиган шартнома асосида кўрсатилиши белгиланди.
Таҳлилларга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишнинг қуйидаги икки тури мавжуд деб ҳисоблаш мумкин:
– жисмоний шахслар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза бериш;
– давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни (ваколатли органнинг ёки муассасанинг ёхуд мансабдор шахснинг қарорини, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорини ёки суднинг ажримини) ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан юбориш.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатни “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали танлаш механизмининг жорий этилиши “чўнтак” адвокатларини у ёки бу даражада йўқ бўлишига замин яратмоқда.
Мазкур Қонун қабул қилинишидан олдин давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақатгина жиноят ишлари бўйича амалга оширилган бўлса, эндиликда фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган айрим тоифадаги ишларга ҳам татбиқ этилди.
Ишончимиз комилки, ушбу Қонуннинг қабул қилинганлиги ва амалда аниқ ҳамда тўлақонли ижро қилиниши инсонларнинг адвокатура институтига нисбатан бўлган ишончини ортишига, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқнинг тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Нурумов Дилшодбек,
Тошкент давлат юридик университети Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва
адвокатура кафедраси мудири ўринбосари, доцент,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)