Замонавий давлат бошқарувининг моҳияти, мазмуни, тузилмаси, услуб ва технологияларининг турлари ҳамда фаолият кўрсатиш қонунлари билан боғлиқ масалалар бугунги кунда экспертларнинг асосий муҳокама мавзусига айланган.
2020 йил 7 октябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида «Оммавий ҳуқуқий тадқиқотлар маркази» илмий тадқиқот муассасаси шаклидаги ноавлат-нотижорат ташкилоти рўйхатга олинган эди. Оммавий бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан шарҳлар, тезислар маърузалар, иш материаллари тўпламлари, таҳлилий шарҳлар, илмий, ўқув ва услубий адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш фаолияти Марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
«Ўзбекистон Республикасининг замонавий маъмурий ҳуқуқи ва оммавий бошқаруви бўйича 100 та долзарб саволга жавоблар» ўқув қўлланмаси замонавий маъмурий ҳуқуқ нормаларининг назарий ва амалий асосларини ўзида мужассам этган нашрдир. Қўлланма кўплаб илмий тадқиқотлар натижалари, жумладан Марказ томонидан конституциявий ва маъмурий ҳуқуқ соҳасида олиб борилган тадқиқот маълумотлари асосида яратилган.
Мазмун жиҳатидан қўлланманинг кўпгина қоидалари қонун ҳужжатларининг нормаларини тушунтириш билан чекланиб қолмай, балки илмий янгиликка ҳам эга бўлиб, Ўзбекистон маъмурий ҳуқуқ таъминотини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Бу эса нашрни нафақат ҳуқуқни қўллаш соҳасида фаолият юритувчиларга, балки тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва илмий изланувчиларга ҳам тавсия қилиш имконини беради.
«Савол-жавоб» тарзида тузилган қўлланмада маъмурий ҳуқуқнинг асосий қоидалари қулай шаклда тақдим этилган бўлиб, ўқувчига зарур билимларни эгаллашда яқин кўмакчи бўлади. Нашрнинг яна бир асосий жиҳати унинг маъмурий органлар ва маъмурий судлар фаолияти амалиётига йўналтирилганидадир. Унда ҳуқуқий назарияни амалиёт билан «боғлаш»га ёрдам берадиган кўплаб мисоллар ва тушунтиришлар келтирилган.
Юридик фанлар номзоди Азамат Эгамбердиев таҳрири билан чоп этилган қўлланма нафақат талабалар давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига, балки соҳага қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун ҳам қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.