Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, амалга оширилган ишларга қарамасдан, ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги, ушбу соҳада тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Сенаторлар, агар қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган қарздорлик суммаси жариманинг энг кам миқдоридан ҳам кам бўлган бўлсада, қарздорликка нисбатан юқори миқдордаги жарима тайинланиши ижтимоий адолат принципларининг бузилишига, бу эса қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигига ҳамда мазкур ҳолат табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритиляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.