Президентимиз 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи дои­расида “Етти пир” ҳақида китоб яратиш, хожагон-нақшбандия тариқати меросини ўрганиш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 майдаги фармо­йиши билан тасдиқланган “2020 йилда Бухоро шаҳрининг “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан амалга ошириладиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар дастури — “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, шарқшунос-манбашунос, тасаввуфшунос,

исломшунос Комилжон РАҲИМОВ биринчилардан бўлиб хожагон-нақшбандия тариқати, Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган илк етти пирнинг ҳаёти ва фаолияти, таълимоти ва асосий ғояларига бағишланган бир неча китоблар нашр қилди. Унинг нақшбандия пирларига оид китоблари Туркия, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Иорданияда чоп этилди. Ёш олим билан суҳбатимиз хожагон-нақшбандия тариқати ва бу борада Президенти­миз томонидан берилган топшириқлар ижросининг амалий натижаларига бағишланди.

Дастлаб хожагон-нақшбандия тариқатига қандай асос солингани ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Хожагон тариқатининг асосчиси Хожаи Жаҳон — Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари она юртимизнинг маънавий, маданий ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломалардан. У зоти шариф 1103 йил Бухоройи шарифнинг Ғиждувон туманида таваллуд топиб, 1179 йил шу заминда вафот этган. Аллома  томонидан дастлаб “хожагон” номи билан асос солинган, XIV асрдан бошлаб — Баҳоуддин Нақшбанддан (1318-1389) кейин “нақшбандия” номи билан кенг танила бошлаган хожагон-нақшбандия тариқати ислом оламида вужудга келган илк сўфийлик тариқатларидан бири ҳисобланади. У  аксарият тариқатлардан фарқли равишда, пайдо бўлган ватани — Ўрта Осиёдан бошқа кўпгина ўлкаларда ҳам тарқалган. Сўфийлик тариқатлари орасида биринчилардан бўлиб таркидунёчиликка қарши чиқиб, ижтимоий фаол турмуш тарзини тарғиб қилди.

Хожагон-нақшбандия тариқати таркидунёчилик қилмай, бу дунё ишларидан ошкор қўл силкимай туриб ҳам, мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари орасига кириб боришини таъминлаган. Баҳоуддин Нақшбанд илгари сурган “дил ба ёру —

даст ба кор”, яъни “кўнглинг Худода, қўлинг ишда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётлигидаёқ бу тариқат мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилиб борди. Таълимот замон талабларига мослиги, барчага хослиги сабабли оддий халққа ҳам, ҳукмрон синф­ вакилларига ҳам маъқул эди. Хожагон-нақшбандия тариқати кенг ­ёйилиб, кўплаб таркидунёчи қаландар ва дарвешлар ўз меҳнати билан кун кўришга киришди ва ижтимоий фаол ҳаётга қайтди. Улар касб-корни тарк этмасдан туриб ҳам Ҳақ таоло маърифатига эришиш мумкинлигини англаб етди.

Ана шундай юксак маънавий-маърифий аҳамияти боис, бу таълимот Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин янада кенг ёйилди. XV асрда Хожа Аҳрор Валий (1404-1490) ушбу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Хожагон-нақшбандия таълимоти адабиёт ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Абдураҳмон Жомий, Алишер ­Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби ­шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эди. Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилган.

Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа тасаввуф намояндаларининг ҳаёти, фаолияти ва меросини ўрганиш борасида сўнгги йилларда олиб борилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Сўнгги йилларида юртимизда маънавий-маърифий қадриятларнинг тикланиши, улуғ алломалар ҳаёти, ижоди, меросини ўрганиш жараёнида хожагон-нақшбандия таълимотини тадқиқ ва тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам ва бошқа сўфий алломалар мангу қўним топ­ган қадамжолар обод этилиб, бутунлай янги қиёфага кирди.

Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази фаолият юритяпти. Ушбу марказ ташаббуси билан 2018 йилдан буён “Нақшбандия” ­илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали нашр этиб келинади. Анъанавий тарзда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида ҳар йили сентябрь ойи учинчи жума куни Респуб­лика нақшбандхонлик илмий-амалий анжумани ўтказилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида мамлакатимизнинг деярли ­барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган азиз-авлиёлар, ­аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатаётганини эслатар экан, улар қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олиш, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил қилишни таклиф этди.

2017 йил 8 ноябрда Самарқанд вилоя­тида ҳадис ва калом илмий мактаблари, ўша йилнинг 10 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида ақида илми мактаби ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби ҳамда 13 ноябрь куни Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи мактаби иш бош­лади. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида иш бошлаган Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган яссавия, кубравия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига катта эътибор қаратилади.

Манбаларда Баҳоуддин Нақшбанд, унинг таълимоти хусусида нақшбандий шайхлар тўғрисида талай асарлар ёзиб қолдирилгани қайд этилган. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган ана шундай манбалар ва уларни тадқиқ этиш борасидаги ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

— Институтимиз қўлёзмалар хазинасида хожагон-нақшбандия тариқати тарихи ва таълимотига доир икки юздан ортиқ қадимий ёзма манбалар сақланади. Жумладан, Салоҳ ибн Муборак Бухорийнинг “Анис ут-толибин ва уддат ас-соликин” (Толиблар дўсти ва соликлар озуғи) асарида Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёт тарзи, кашфу кароматлари ва пурҳикмат сўзларидан намуналар берилган. Шу муаллифнинг

4 қисмдан иборат “Маноқиби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” (Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг эзгу ишлари) асари ҳам бор.

Булардан ташқари, Баҳоуддин Нақшбанднинг суюкли шогирди Хожа Муҳаммад Порсо ёзиб қолдирган бир неча асар орқали валийликнинг таърифи, ­Баҳоуддин Нақшбанднинг тариқатдаги илк даври, суҳбатлари ва ҳикматли сўзлари билан танишиш, ислом ақидаси, ибодат, шариат ва тариқат аҳкомларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Ҳозирги кунда нақшбандшунослик олдида турган энг муҳим вазифалар нималардан иборат? Шарқшунослик институти олимлари бу борада қандай илмий-амалий ло­йиҳалар устида иш олиб бормоқда?

— Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк тасаввуф алломалари меросини янада чуқурроқ ўрганиш, тасаввуф тариқатларининг халқимиз маънавияти, миллий менталитети ва дунёқарашининг шаклланиши, шунингдек, ўзбек мумтоз адабиёти ва санъати тараққиётидаги ролини аниқлаш бугунги кунда илмий жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардир. Шу билан бир қаторда, юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган умуминсоний қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялашда ҳамда бузғунчи ақидапараст ва диний-экстремистик ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.

Энг муҳими, хожагон-нақшбандия тариқатининг муҳим назарий манбаларидан Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома”, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома” (Орифлар тўғрисида рисола), Хожа Али Ромитанийнинг “Рисолайи Ҳазрати Азизон” (Ҳазрат Азизон рисоласи), Салоҳ ибн Муборак Бухорийнинг “Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин” (Толиблар дўсти ва соликлар қуроли), Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия” (Қудсий сўзлар) ва “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” (Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақомлари) асарларининг илмий-изоҳли таржимаси ҳамда тадқиқи амалга оширилди ва нашр бўлди.

Бундан ташқари, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, фаолияти, илмий меросига оид хорижий мамлакатлардаги қўлёзма манбалар, илмий-тадқиқот ва адабиётлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш ва нашр этиш, жумладан, Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ал-Аврод” (Баҳоуддин вирдлари), “Далил ул-ошиқин” (Ошиқлар далили) ва “Ҳаётнома” асарлари қўлёзма нусхаларини хорижий мамлакатлардаги қўлёзмалар хазиналаридан аниқлаб, топиб олиб келиш ва факсимиле нусхасини тайёрлаб, чоп этиш ҳам навбатдаги ишлар жумласига киради.

Ҳозирги вақтда тасаввуф ва хожагон-нақшбандия таълимоти билан боғлиқ барча зиёратгоҳлар ҳақида илмий-­тарихий маълумотномалар чоп этиш, тасаввуф тарихи, назарияси ва амалиё­тига бағиш­ланган манбаларни илмий изоҳли таржима қилиб, ушбу тариқат пирлари асарларининг Бухородаги  қўлёзма нусхалари каталогини яратиш бўйича бир қанча самарали ишлар олиб борилди. Жумладан, “Мовароуннаҳр тасаввуфи илдизлари: тасаввуф таълимотининг шакл­ланиши ва тизимлаштирилиши ­

(X-XI асрлар)” номли китобим ўзбек, тожик, қозоқ, турк, озарбайжон ва араб тилларида хорижий ўлкаларда нашр этилди.

2021 йилда нақшбандия пирларига оид 6 та китобингиз Анқара шаҳридаги “Фажр” нашриётида турк тилида, 2019 йилда Татаристондаги Булғор ислом академиясида “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир” номли монографиянгиз рус тилида нашр этилди. Олим ва муаллиф сифатида олиб борган изланишларингиз, мазкур асарлар ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз.

— Дарҳақиқат, камина, ўлкамиз тасаввуфи тарихининг ҳанузгача ­эътибордан четда қолиб кетган муҳим босқичи бўлган VIII-ХI асрларда, яъни хожагон-нақшбандия тариқати вужудга келгунга қадар кечган даврини умумий тарзда бўлса-да, ёритиб беришга муваффақ бўлганман. Шунингдек, минтақавий тасаввуф мактабларидан мустақил бўлган Марказий Осиё тасаввуф мактаби шакллангани ва ривожланганини исботлашга ҳаракат қилдик. Олиб бораётган ишларимизнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, унда Марказий Осиё тасаввуфининг илмий-назарий табиатга эга бўлгани — сўфий аждодларимиз фақат сўфийлик амалиёти билан шуғулланиб қолмасдан, тасаввуфга бағишланган илмий-назарий асарлар яратишга ҳам катта ҳисса қўшгани кўрсатиб берилган.

Марказий Осиёдан чиққан Ҳаким Термизий, Калободий Бухорий ва Мус­тамлий Бухорий каби тасаввуф назариётчилари асарларининг тасаввуф таълимотини тизимлаштиришдаги ролига тўхталиб ўтиш билан бирга, Мустамлий Бухорий қаламига мансуб “Шарҳ ат-Таърруф” асарининг тасаввуф асосларига бағишланган фундаментал асар сифатидаги аҳамияти ҳамда унинг ўзидан кейинги сўфийлик асарларига кўрсатган таъсирини махсус тадқиқ этдим. Ушбу монографик тадқиқотлар нафақат Марказий Осиё тасаввуфи тарихининг бизга яхши маълум бўлмаган даврини ёритиш, балки ушбу даврнинг ХII асрда вужудга кела бошлаган сўфийлик тариқатлари, хусусан, хожагон-нақшбандия тариқатининг шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилганини кўрсатиб бериш жиҳатидан ҳам аҳамиятли.

Яна шуни алоҳида таъкидлашим ­жоизки, 2021 йил нақшбандия пирларига оид олти китоб Анқара шаҳридаги “Фажр” нашриётида турк тилида нашр этилди. Бу китоблардан учтаси — монография. Улар: “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир”, “Хожагон-нақшбандия тариқати ва иқтисодиёт”, “Мовароуннаҳр тасаввуфи илдизлари: таълимотнинг шакл­ланиши ва тизимлаштирилиши” номли тадқиқотлар. Қолган уч китоб эса ­“Олтин силсила”нинг хожагон-нақшбандия етти

пирлари ёзган асарлар — “Васият­нома”,

“Орифнома” ва “Рисолаи Ҳазрати ­Азизон”га камина томонидан тайёрланган илмий-изоҳли нашрлардан иборат.

Шунингдек, 2019 йили Булғор ислом академиясида (Россия, Қозон) “Тарикат хваджаган-накшбандия и семь пиров” номли монографиям рус тилида нашр қилинди. Мазкур тадқиқотда тариқат пирлари, Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган дастлабки етти пирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, тариқатнинг пайдо бўлиши ва тарқалиш тарихи, унинг ғоявий ва илмий асослари ҳақида тадқиқот натижалари тақдим этилган. Тариқатлар пайдо бўлишидан олдин, VIII-XI асрлардаги Марказий Осиё тасаввуф тарихи тўғрисида маълумот берилган. Шу орқали Марказий Осиёда хожагон-нақшбандия тариқатининг пайдо бўлиши тасодифий эмаслиги ва унинг тарихий асослари мавжудлиги исботлаб берилган.

2019 йил 29 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташрифи давомида бу масканларни обод қилиш билан бирга, “Етти пир” ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлаганди...

— Давлатимиз раҳбари ўша ташриф доирасида “Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз — ёшларимиз ўзимизнинг

алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин” деган эди. Президент топшириқлари ижроси сифатида камина томонидан “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир” номли илмий китоб нашрга тайёрланди ва “Ўзбекистон” нашриётида ўн минг нусхада чоп этилди. Китобда ушбу тариқат асосчилари — Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган етти раҳбар ҳаёти ва фаолияти,  ушбу таълимотнинг илмий асосланган манзараси чизиб берилган. Марказий Осиё тасаввуфининг хожагон-нақшбандия тариқати вужудга келгунига қадар бўлган даври тўғрисида умумий шарҳ берилган. Мазкур монографик тадқиқот уч фасл кўринишида шаклланган. Биринчи фасл: Марказий Осиё тасаввуфи хожагон-нақшбандияга қадар бўлган давр. Иккинчи фасл: Хожагон-нақшбандия тариқати. Учинчи фасл: Етти пир.

Фикримизча, ушбу тариқат бўш жойдан пайдо бўлган ёки тўлалигича бошқа ўлкалардан юртимизга олиб келинган таълимот эмас. Марказий Осиёда унинг вужудга келиши учун муайян омиллар ва шарт-шароитлар азалдан мавжуд бўлган. Ушбу нуқтаи назарни исботлаш мақсадида китобнинг биринчи фаслида Марказий Осиё тасаввуфининг VIII-XI асрларда, яъни тариқатлар, жумладан, хожагон-нақшбандия тариқати вужудга келгунига қадар бўлган даврда кечган тарихи тўғрисида умумий шарҳ берилган.

Иккинчи фаслда тегишли манбалар ва тадқиқотларни чуқур ўрганиш асосида ушбу тариқат пирларининг иродат силсилалари, тариқатнинг вужудга келиши ва кенг тарқалиши тарихи ҳамда таълимот асосларининг қисқача,  умумий бўлса-да, нисбатан аниқроқ манзарасини тасвирлашга муваффақ бўлдик. Етти пир — хожагон-нақшбандия тариқатининг илк етти раҳбари ҳаёти ва таълимотига бағишланган учинчи фасл ҳам етти пир ҳаёти тўғрисида турли манбалар ва адабиётлардан олинган маълумотларнинг қуруқ ва тартибсиз йиғиндиси эмас, балки чуқур таҳлилга асосланган ҳолда шакллантирилган. Манбаларга таянган ҳолда Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган илк етти пирнинг таваллуд ва вафот саналари, ҳаёти ва фаолияти, таълимоти ва асосий ғоялари тўғрисида нисбатан аниқ ва тизимли маълумот бера олдик.

Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигига армуғон сифатида амалга оширилган ушбу тадқиқот хожагон-нақшбандия тариқати тарихи ва таълимотини ўрганиш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилади, деб умид қиламиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.