Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишининг туб моҳияти ана шунда десак хато бўлмайди.

Ўзбекистон ҳимоясида ҳарбийларнинг не чоғлик ўрни бўлса, маънавият ҳимоясида ҳам зиёлилар фаолият шу қадар муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса бугунги ахборот замонида маънавият ва маърифатнинг таъсири турли хил оммавий маданият ва ахборот хуружларига қарши тура оладиган иммунитетга эга бўлиши керак. Бежиз мамлакатимизда Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент эканини белгилаб қўйилмаган. Бу ҳимоя масаласида Олий бош Қўмондон давлат раҳбари бўлганидек, маънавият ва маърифат ишларида ҳам таъбир жоиз бўлса Олий Бош Қўмондон бу давлат раҳбари эканлигини билдиради.

Биз нега маънавий қадриятларимизни ҳимоя қилишимиз керак? Чунки шу қадар гўзал қадриятларимиз борки, улар сабаб ўзлигимизда эгамиз. Бизнинг таомилда отадан олдин овқатга қўл узатмайдилар, ота ўтирган уйнинг томига чиқмайдилар, ота ризолигига Аллоҳнинг ризолиги сифатида қарайдилар, Қўшнисининг тинчлигини ўз тинчлиги деб биладилар, оилани муқаддас санайдилар, ҳар бир неъматнинг еттидан бирига қўшнимнинг ҳаққи деб қарайдилар, маҳалла катталарининг насиҳатларини оғир олмайдилар. Бунақа тўкис маънавий қадриятлари бор эл албатта унинг ҳимоясини ҳам қила олиши керак.

Президентимиз ўз сўзида «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» – деб бекорга айтмадилар. Шунингдек, янги Ўзбекистонни барпо этилишида иккита асосий устунларнинг бири бу маънавият эканлиги айтилди. Яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилгани ҳам бежиз эмас.

Маънавиятга эътибор бу одоб ахлоқ масаласига қилинган эътибордир. Бугунги кунда турли хил ахборот хуружлари, оммавий маданият таҳдидларининг кўринишлари кўпайиб бормоқда. Ёшлар интернет асирига айланиб улгурган. Энг ачинарлиси, уларнинг ҳаммаси ҳам интернетдан яхши маънода фойдаланаётгани йўқ. Бу жараёнда маънавият тарғиботчиларининг кўмаги жуда муҳим.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида «Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас.» дея ўринли таъкидладилар.

Минг афсуски маънавият масаласига бармоқ орасидан қараётганлар ҳам бор. Шунга ўхшаш изоҳларни ижтимоий тармоқларда тез-тез учратиб қоламан. Ҳаммаси ҳаётга қандай кўз билан боқишга боғлиқ. Юксак маънавият эса шукрона қилишга, фақат оёқ остини эмас, узоқни кўра билишга ўргатади. Маънавият нега керак деганлар, ўзлигидан кечганлардир! Хулосам шу бўладики, биз ижтимоий тармоқлардаги тарғиботимизни етарли даражада олиб боролмаяпмиз. Айрим ёшлар маънавият тушунчасини тўлиқ англаб етмаяпти. Маънавият бу ақл, бу ахлоқ деганидир. У Аллоҳнинг энг гўзал туҳфасидирки, бизлар у сабаб фикрлаймиз, тафаккур қиламиз, хулосалар чиқарамиз.

Ижтимоий тармоқлардаги турфа фикрларни кузатар эканман, тарғиботимизда замонавий таъсир усулларидан фойдаланиш зарурати борлигини ҳис этаман. Бугун аҳолимизнинг 60 фоизини ташкил қилувчи ёшлар асосий ахборотни интернетдан олмоқда. Демак бугун маънавият марказлари қошида фаолият олиб борувчи онлайн тарғиботчиларга ҳам эҳтиёж сезилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши эмас, бу ўзлигимиз ҳимоясига оид масала, аждодларимиздан қолган қимматбаҳо меросни асрашдек масъулиятли вазифа. Бунга ҳар биримиз менинг вазифам деб қарашимиз керак. Бу жараёнда ҳар биримизнинг масъуллигимиз, иштирокимиз сезилиши лозим. Ўзлигимиз ҳимояси йўлида бирлашайлик, бир ёқадан бош чиқарайлик, ҳамкор ва ҳамфикр бўлайлик!

Зеро, унутмаслик керакки, Ватанимизнинг мунаввар келажаги юксак маънавий муҳит билан мустаҳкамдир.

Камола Абдувалиева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Андижон вилоят бўлими матбуот котиби