Маҳаллалар инфратузилмасида ўсиш

Узоққа бормайлик. Президентнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган давр мобайнида жойларда ишлар жадал бошланди.

Вилоят бўйича 957 та объектда турли даражадаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Улар орасида 329 та ички йўллар (398,1 миллиард сўм), 381 та ичимлик сув ва оқова сув таъминоти (530,9 миллиард сўм), 88 та электр таъминоти (25,1 миллиард сўм), 2 та газ таъминоти (0,3 миллиард сўм), 5 та умумтаълим мактаби (1,7 миллиард сўм), 8 та мактабгача таълим ташкилоти (7,2 миллиард сўм), 12 та спорт объекти (4 миллиард сўм) ва 132 та бошқа лойиҳалар (88,9 миллиард сўм) бор.

Хусусан, Янгийўл туманидаги “Қирсадок” маҳалла фуқаролар йиғинида 3,1 километрга янги қувурлар тортилиб, 160 дан ортиқ хонадон ичимлик сув билан таъминланди. 220 дан ортиқ хонадоннинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар тумандаги 30 та маҳаллада амалга оширилиб, бунинг учун 38,9 миллиард сўм сарфланади. Бошқа туман-шаҳарларда ҳам бу каби мисоллар кўп.

Муҳими, ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш борасидаги вазифалар самарали ташкил этилган. Бу эса аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга замин бўлмоқда.

Аҳоли даромадини ошираётган ишбилармонлик муҳити

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Президенти раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳудудлардаги муҳим масалаларга тўхталиб ўтилган эди. Хусусан, жойлардаги тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қўллаб-қувватланса, туманда, маҳаллада бандлик масаласини ҳал қилиш учун имкониятлар янада кўпайиш мумкинлиги таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, охирги 2 йилда Тошкент вилояти бўйича 516 минг 693 фуқаро бандлиги таъминланди, 41 минг 508 та тадбиркорлик субъекти 53 минг 960 тага етди. Натижада 39 минг 300 та оила камбағалликдан чиқарилди.

Бу йил эса қабул қилинган дастур бўйича 480 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шундан биринчи чоракнинг ўзида 116,7 минг аҳоли ишга жойлаштирилди. Аслида бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Хусусан, ҳозиргача вилоятда фаолият юритаётган 235 тадбиркор томонидан камбағал оилаларнинг 7 минг 86 нафар вакили ишга жойлаштирилди. Айниқса, бу жараёнда Янгийўл, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги хусусий сектор вакиллари ташаббус кўрсатди.

Ҳудудларда вилоят ҳокимлиги ва тегишли бошқармалар мутахассислари иштирокида тадбиркорлар билан учрашувларда аҳоли бандлигини таъминлаш учун барча чораларни кўриш вазифаси белгилаб олинди. Унга кўра, 1 минг 274 тадбиркор ҳамкорликда 64 минг 655 нафар фуқаро бандлигини таъминлайди. Аҳоли вакиллари дастлпб, “амалий мономарказ”ларда ўқитилиб, сўнг уларга иш берилади. Хусусан, Бўка туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, қадоқлаш  ва экспорт қилувчи “TNA Agro Invest” МЧЖнинг булғор қалампири етиштириш учун кўчатхонаси йўқ. Корхона ҳозиргача кўчатларини водий вилоятларидан олиб келади. Бу эса маҳсулот таннархига таъсир қилмоқда.

Корхонага туман ҳудудидан ер майдони ажратилди. Шу билан бирга, аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги дала майдонларида кооперация усулида булғор қалампири етиштириб, маҳсулотни сотиб олиш йўлга қўйилади. Бу орқали 1 минг 500 дан зиёд аҳоли даромадга эга бўлади. Мазкур корхона янги тизим асосида туманнинг “Бунёдкор”, “Жўрабод”, “Қўлдоштепа”, “Рамадон”, “Кийикчи”, “Қулдуроқ” маҳаллаларидаги 225 нафар камбағал оила аъзоларини ўқитиб, ишга қабул қилади.

Деҳқон учун ҳар бир кун ғанимат

Кузги ҳосилнинг кафолатини бугунги қилинган меҳнат белгилайди. Бу йил ҳам Тошкент вилояти туманларида ўриб олинган ғалла майдонининг 9,5 минг гектарига сабзавот, 15 минг гектарига картошка, 753 гектарига полиз, 35,8 минг гектарига дуккакли, 15 минг гектарига шоли ва 24 минг гектарга озуқа экинлари экилади. Бу жараён назоратга олинган бўлиб, шу мақсадда 290 та экиш отряди шакллантирилган. Уларга 529 та қишлоқ хўжалиги техникаси  ва 670 нафар ҳоким ёрдамчиси бириктирилди.

Такрорий майдонларнинг 14 минг гектари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 45 минг нафар ишсиз фуқарога, жумладан, 14 минг ёшларга деҳқончилик қилиш учун ажратиб бериляпти.

Ҳозиргача 35 минг ишсиз фуқарога ғалладан бўшаган 10 минг гектар ер майдонлари фермер ва кластерлар томонидан ажратиб берилди. Бу эса йил якунида аҳолининг кафолатли даромад олишига замин яратади. Такрорий экин экиб, маҳсулот етиштирган ҳар бир хонадон мавсумда ўртача 22 миллион сўм даромад қилади. Вилоят бўйича 13 минг хонадонда жами 5 минг гектарда такрорий экин экиш ҳисобига умумий ҳисобда 110 миллиард сўм даромад олиниши кутилмоқда. 

Ижтимоий эҳтиёжманд аҳолига такрорий экин экиш ва парваришлаш даврида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жами 274 та кластер, илғор фермерлар ва тайёрлов корхоналари бириктирилди. Ушбу тизим асосида ишсиз аҳолига бириктирилган масъуллар ер майдонларини экишга тайёрлаш, экиш ва агротехник тадбирларни ўтказишда амалий ёрдам кўрасатиб, зарур моддий-техник ресурслар етказиб бермоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда такрорий экин экиладиган майдонларда жами 1,7 миллиард тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Олинадиган ҳосилнинг 290 минг тоннаси қайта ишлашга, 147 минг тоннаси экспортга,  42 минг тоннаси келгуси йил ҳосили учун уруғлик захирасига, 219 минг тоннаси ички истеъмолга ҳамда вилоят ички истеъмолидан ортган 135 минг тонна маҳсулот Тошкент шаҳар ярмаркаларига йўналтирилади.

Келгуси йил баҳор ойларида вилоят бозорларида нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида такрорий экин ҳисобидан қиш-баҳор мавсуми учун жами 30 минг тонна, жумладан, 18 минг тонна картошка, 8 минг тонна сабзи, 4 минг тонна шоли захира қилинади ҳамда график асосида ойма-ой ички бозорга чиқарилади.

Бунинг учун 37 та экспортёр-тадбиркор, 47 та қайта ишлаш ва 174 та тайёрлов корхонаси, 19 та томорқа хизмати корхонаси маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга бириктирилиб, етиштириладиган ҳосилни кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилади.

Умуман, ҳудудда аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизмат турларини кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш эвазига оилаларнинг дастурхони барака, ҳаётига мазмун киради.

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби —

ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси