Давлатимиз томонидан меҳнат муносабатларини тартибда солувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинишида авваламбор меҳнат муносабатига кирувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиш ва таъминлашга эътибор қаратилади.
Ўз навбатида мамлакатимизда ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш тартиб тамойили қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан ушбу касалликка қарши курашиш учун тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари жалб қилиниб келиняпти.
Ўз ўрнида ушбу хизматга жалб этилган ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўз навбатида ходимларнинг соғлиғига тиклаш, етказилган зарарни бартараф этиш чоралари кўриляпти ҳамда тегишли тўловлар тўлаб бериляпти.
Аммо айрим ҳолатларда ходимларнинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилиняпти.
Шу ўринда қуйидаги бир ҳолатга тўхталиб ўтмоқчиман.
Тиббиёт ходими коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан ушбу касалликка қарши курашиш учун махсус ташкил этилган тиббиёт муассасасига ишга жалб этилади.
Ўз меҳнат вазифасини бажариш давомида унда йўтал, ҳолсизлик, тез-тез терлаш, иштаҳасизлик, кечга бориб тана ҳароратини кўтарилиши, нафас етишмаслиги ва оёқларда қувватсизлик белгилари юзага келади.
Ўтказилган текширувга кўра унда COVID-19, иккала ўпка шифохона ичи пневмонияси ташхиси қўйилади ва унинг соғлиғини тиклаш борасида тиббиёт муассасасида даволаш муолажалари олиб борилади.
Ўтказилган даволаш муолажаларига қарамасдан тиббиёт ходим
COVID-19 нафас етишмовчилиги ташхиси билан вафот этади.
Марҳум тиббиёт ходимининг қарамоғида бўлган оила аъзолар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган бир марталик компенсацияни олиш учун қилган мурожаатлари ижобий ҳал бўлмагач, марҳумнинг оила аъзолари бир марталик компенсацияни ундириш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2020 йил 30 апрелда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 20-сонли баёнига 1-илова «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик Низомнинг 31-банди, 3-хатбошисига кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиги тикланмаган тақдирда ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига 250 миллион сўм миқдорида бир йўла бериладиган тўлов берилади.
Мазкур низомнинг 35-бандига кўра, бир йўла тўланадиган тўловни тўлаш учун коронавирус инфекциясини юқтирган ходимнинг асосий иш жойи (ёки уни жалб қилган ташкилот) ходим коронавирус инфекциясини иш фаолияти мобайнида юқтирганлиги юзасидан санитария-эпидемиология хизматининг хулосасига асосан қабул қилинган Вазирлик буйруғи ҳамда талаб этиладиган маблағлар бўйича сўровни тегишли молия органига тақдим этади. Бунда санитария-эпидемиология хизматининг 3 нафардан кам бўлмаган ходимлардан иборат комиссияси тузилади. Бир йўла тўланадиган тўловни тўлаш учун коронавирус инфекциясини юқтирган ходим тўғрисида комиссия хулосасида: ишга жалб этилишидан олдин топширган тест-синов (ПЗР) натижаси, иш жараёнида олинган тест-синов натижалари ҳамда у ижобий бўлган тақдирда (коронавирус касаллиги инкубацион даврини инобатга олган ҳолда) даволаш жараёнида юритилган касаллик тарихи хулоса расмийлаштирилаётган жараёнда кўрсатиб ўтилиши шарт.
Марҳумнинг оила аъзолари томонидан судга берилган даъво аризаси кўриб чиқилиб Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан 250 миллион сўм бир марталик компенсация ундириш белгиланган.
Собир Набиев,
Жиззах вилояти суди судьяси.