“Ўзбекистон маданий мероси — янги Ренессанс пойдевори” мавзусида ўтказилган IV халқаро конгрессда мамлакатимизнинг дунёга тарқалиб кетган бой маданий-маънавий мероси турли шаклларда (фото, сканер нусхалар, махсус альбомлар) аста-секин ўз ватанига, ҳақиқий ворисларига қайтарилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, юртимиз муассасалари ва халқимиз қўлида сақланиб келаётган араб алифбосида битилган тарихий меросни аниқлаб, уларнинг рўйхатини тузиш ишлари олиб борилаётгани ҳам эътиборга молик.
ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ходимлари бу эзгу ишга ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Зеро, институт қўлёзмалар фондига аҳолидан келиб тушаётган ёзма манбалардаги маълумотлар тарихимиз, ўзлигимизни англаш учун беминнат хизмат қилиши баробарида, халқимизнинг бетакрор қадим маданияти, маънавиятидан сўзлайди. Хусусан, мутасаввуф олимлар қолдирган бой ёзма мерос ва уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси беқиёс.
Ана шундай бебаҳо дурдоналардан бири — Шайх Нажмиддин Кубро асос солган Кубровия тариқатидир. Кубровия — Хоразмда шаклланган машҳур тариқат. Нақшбандия ва Яссавия сулуклари бўйича мамлакатимизда кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган. Аммо Кубровия тариқати тарихи ва бу йўналишга мансуб мутасаввуфлар фаолияти ўрганилиши ҳақида бундай хулосага келиб бўлмайди. Шу пайтгача бу мавзуда Хуршид Даврон, Садриддин Салим Бухорий, Нажмиддин Комилов, Матназар Абдулҳаким, Ҳомиджон Ҳомидий, Муқимжон Маҳмуд, Элёр Каримов каби муаллифлар айрим тадқиқотларни амалга оширган.
Бироқ Нажмиддин Кубро ижодий мероси ҳозиргача етарли даражада тўлиқ ўрганилмаган. Нажмиддин Кубро 1145 йили Хоразмнинг Хевақ шаҳрида таваллуд топади. XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг биринчи чорагида Хоразм гуллаб-яшнаган диёр эди. Марвдан сафарини давом эттириб, бу ерга саёҳат қилган Ёқут Ҳамавий Хоразмни кўриб ҳайратга тушади: “Хоразмни ҳижрий 616 йили кўрганман. Ери ёмон ва шўроб, шунга қарамай жуда обод, бинолари туташиб кетган, қишлоқлари бир-бирига яқин ва уйлари кўп. Экинсиз бўш ётган жойлар кам. Обод қилиб юборилган сердарахт жойларда иморатсиз мавзеларни учратмайсиз.
Дарахтларнинг аксарияти тут ва толдан иборат. Тол иморатга ишлатилса, тут билан ипак қурти боқилади. Қишлоқларидан ўтсангиз, бозордан ўтгандек бўласиз. Хоразм дунёдаги энг аҳолига бой ва улуғвор ўлка эканига имоним комил. Аҳолисининг аксарияти тадбиркор ва сабр-қаноатли. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқнинг тўкин-сочин бозори ва кўплаб устахоналари бор. Бу жойларда буткул маъмурлик ва тўкинлик, тинчлик ва осойишталик ҳукмрон”. Ёқут ал-Ҳамавий “Муъжам ул-булдон” ва “Муъжам ул-удабо” асарларида йигирма нафардан ортиқ хоразмийлар ва бу ўлкада илм-фаннинг гуркираб ривожлангани ҳақида турли даражада маълумот беради.
Аммо улар орасида Нажмиддин Куброга доир маълумот учрамади. Ҳолбуки, бу пайтда у Хоразмнинг энг таниқли кишиларидан бири эди. Шунга қарамай, Ёқут ал-Ҳамавий айтганларидан Нажмиддин Кубро яшаган жамиятда илмий ва ижодий муҳит қандай бўлганини аниқ билиб олиш мумкин. Нажмиддин Кубро ўша даврдаги гуркираган ижодий муҳит — Хоразмда бошланғич таълимни олади. Кейинчалик илмини ошириш мақсадида Эрон, Миср, Шом ва Ироқ ўлкаларига боради. Мисрда Рўзбехон Ваззон Мисрийдан тариқат таълимини олади. Ҳамадонда шайх Аммор Ёсир, Дизфулда Исмоил Қасрий каби яна бир қанча устозлардан илм ўрганади.
У 1185 йили Хоразмга қайтиб, кўплаб илм толибларига устозлик қилади. Илмда эришган юксак ютуқлари туфайли аҳоли орасида Нажмиддан Кубро (диннинг ёрқин юлдузи) номига мушарраф бўлади. Тариқат аҳли уни Шайх Валитарош (авлиёлар тарбиячиси) дея эъзозлайди.
Ўтган асрда Нажмиддин Кубро ҳам Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Сўфи Оллоёр сингари сўфийлар қаторида “қора рўйхат”да турарди. У ўз умрининг кўпи тоат-ибодат билан ўтганига ачиниб, динга қарши норозилик билдирган, деган мазмунда бутунлай тескари талқин этиларди. Табиийки, бундай саёз, нотўғри фикрлар шўровий ғоялар ва атеистик қарашлар таъсирида шаклланган. Хайриятки, унинг шахси, ижоди эндиликда том маънода адолатли, илмий асосланган ҳолда тавсифланади.
Нажмиддин Кубро ҳаёти давомида “Фавоиҳ ул-жамол ва фавотиҳ ул-жалол” (Жамол ифорлари ва жалол кашфи), “Ал-Усул ал-ашара” (Ўн усул), “Рисола ат-туруқ” (Тариқатлар рисоласи), “Рисолат ал-хоиф ал-ҳоим мин лавм ал-лоим” (Маломатчининг маломатидан ҳазар қилувчи ҳақида рисола), “Рисолаи ирфон” (Ирфон ҳақида рисола), “Фи одоб ус-соликин” (Солиҳлар одоби ҳақида), “Минҳож ас-соликин” каби яна бир қанча асарлар ёзган. Эрондаги “Кутубхонаи мажлиси Шўровийи миллий” кутубхонасидан ҳазратнинг ўнга яқин асари ва рисоласи сканер нусхаларини олишга муваффақ бўлдик. Уларнинг кўпчилиги ҳозирча биздаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида учрамаган.
Шунга кўра, бу қўлёзмалар ўзбекистонлик тадқиқотчилар учун қимматли манбалар ҳисобланади. Нажмиддин Кубро Қуръонга шарҳ ёзишга киришган эди. Бироқ мўғуллар босқини оқибатида бу ишини охирига етказа олмаган. У тариқатга оид асарларида тасаввуфдаги турли масалаларга тўхталади. Тасаввуфий истилоҳларга тиниқ тушунтиришлар беради. Масалан, у тариқатдаги “мақом” тушунчасини: “Мақом — йўлчилик юрғинлигидан қутулмоқ учун истироҳат ва қўноқламакдир.
Ҳол — қушнинг икки қаноти, мақом унинг уяси янглиғдир”, деб жуда тушунарли изоҳлайди. Нажмиддин Кубро “Усули ашара” рисоласида ўлимни беш турга ажратади: 1. Мавти иродий — инсоннинг борлиқ ва дунёвий нарсалардан тамоман халос бўлиши, фанойи куллийга етишиши. 2. Мавти аҳмар — “қирмизи ўлим”. Нафснинг истакларига қарши тура олиш, чидамда уларни бартараф этиш демакдир. 3. Мавти абяз — “оқ ўлим”. Очлик йўли билан нафс ва тамани забун айлаш. Шунда кўнгил покланиб, шаффофлик, яъни оқлик касб этади. 4. Мавти ахзар — “яшил ўлим”. Ямоқдан кийим тикмак ва киймак. Чунки янги ва чиройли кийим ўзгаларнинг диққатини жалб қилади. Бу шуҳрат нишонаси ҳисобланади. 5. Мавти асвад — “қора ўлим”. Бу — қайғу ва мусибатларга таҳаммул этиш, халқу халойиқнинг ҳар қандай жабру жафосига чидашдир. Тарихга назар ташласак, ҳамиша маърифат устувор бўлган жамиятда юксалиш — Ренессанс воқеаси содир бўлади. Тадқиқотчиларнинг бугунги кунда қадимги қўлёзма манбаларни тадқиқ этиши, ўтмиш ва бугун, аждодлар ва авлодларни бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги уринишлари ҳам юрт юксалиши сари ташланган давомли жиддий қадамдир.
Асрлар давомида ватанпарварлик тимсоли бўлиб хизмат қилиб келаётган, Шайх Валитарош номи билан шуҳрат қозонган Нажмиддин Кубронинг маданий-маънавий мероси ҳам биз учун қадрли ва эъзозлидир. Уларда шахс тарбияси, жамият тинчлиги ва равнақига хизмат қиладиган, дунё ва ўзликни англашга оид қимматли мулоҳазалар доим долзарб масала бўлиб келган.