Транспорт вазирлиги томонидан ушбу ташаббусни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси концепциясига таклифлар ишлаб чиқиш, марказни ишга тушириш босқичида манфаатдор томонларни жалб этиш ва коммуникациялар бўйича тавсияларни тайёрлаш учун мамлакатлараро эксперт ишчи гуруҳининг фаолияти таъминланиб, унга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон транспорт масалалари бўйича мустақил тадқиқот марказлари ва ваколатли давлат органлари вакиллари киритилган эди.
Хўш, ўтган муддат давомида қандай ишлар амалга оширилди? Келгусидаги режалар қандай? Минтақавий марказ иқтисодиёт ривожига қандай ҳисса қўшади? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида ишчи гуруҳи мутахассисларига мурожаат қилдик.
Шерзод Ата-МИРЗАЕВ,
Транспорт вазирлиги Транспорт коридорлари, логистика ва транзитни ривожлантириш бошқарма бошлиғи ўринбосари:
— Марказий Осиёнинг давлатлари дунё океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас, шунинг учун уларда юк ташиш бўйича транспорт харажатлари ошиб кетаяпти. Шу нуқтаи назардан, юқори сифат стандартларига эга бўлган ягона транспорт тармоғини яратиш минтақанинг барқарор ривожланиши бўйича ҳаракатларни уйғунлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро денгиз портларига эркин чиқиш имкониятига эга бўлмаган минтақа давлатлари — Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистоннинг барқарор ривожланиши айнан транспорт ва логистика хизматларининг сифати ҳамда самарадорлигига бевосита боғлиқ. Қолаверса, глобал пандемия минтақанинг транспорт ва коммуникация тизими билан боғлиқ мавжуд ҳолат бугунги кун талабларига мутаносиб эмаслигини яққол намоён этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон иқтисодий, транспорт ва транзит “йўлак”ларига чуқур интеграциялашуви мақсадида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларни ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш фикри маъқулланди.
Шу мақсадда миллий ва минтақавий даражаларда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уни халқаро транспорт тизимига қўшиш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида тўрт ой давомида 3 та ҳужжат тайёрланиб, уни амалга ошириш концепцияси, Марказий Осиё давлатларидаги миллий транспорт сиёсатининг охирги йигирма йиллик таҳлили ҳамда коммуникация стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу тайёрланган хужжатлар Ташқи ишлар вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, “Юксалиш” умуммиллий маркази, Ривожланиш стратегияси маркази ҳамда бошқа масъул идоралар мутахассислари кўмагида таҳлил қилинди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида юқорида айтиб ўтилган 3 та ҳужжат тайёрланган бўлса, кейинги босқичда иқтисодий ҳисоб-китобларни амалга оширишимиз керак. Ягона минтақавий транспорт сиёсати товар ва юк айланмаси неча фоизга ошиши ва қандай ютуқларга эришилиши аниқ рақамлар билан кўрсатилиши зарур.
Бугун давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш энг муҳим вазифалар сирасига киради. Транспорт соҳасида тараққиёт бўлса, сув, энергетика, туризм, таълим каби бошқа соҳалар ривожи учун ҳам йўл очилади, Марказий Осиёда интеграцияси тезлашади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, марказ концепцияси ва йўналишларини ишлаб чиқишда ҳар бир бўлим, ҳар бир жумла ҳамкор давлатлар вакиллари розилиги билан юзага келди.
Қувватбек ЖУМАБЕКОВ,
Қирғизистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги ходими:
— Қирғизистон Республикаси Транспорт вазирлиги мамлакатнинг турли йўналишларда транспорт сиёсатини юритувчи ягона ташкилот ҳисобланади. Унга ҳаво йўллари, дарё ва денгиз транспорти, темир йўл ҳамда авто транспорт соҳалари киради. Ушбу минтақавий марказнинг йўлга қўйилиши барча йўналишлар ривожига ҳисса қўшади, қўшни давлатлар билан дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди, мамлакатлар тадбиркорлари учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очади.
Ишчи гуруҳнинг икки учрашувида марказ принциплари, иқтисодий масалалари ҳамда келгусида қилинадиган ишларни муҳокама қилдик. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари мутасаддилари ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари томонидан марказ фаолиятининг йўналишлари тасдиқланди.
Жайнар АСИЛБЕКОВА,
Қозоғистон индустрия ва инфраструктуравий ривожланиш вазирлиги ходими:
— Марказий Осиё давлатларининг транспорт салоҳияти ва имкониятлари юқори. Мамлакатларимиз барча соҳаларда ҳамкорликни кучайтирса, бу потенциал янада ошади. Кейинги 30 йил давомида Қозоғистон транспорт инфраструктурасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, Россия Федерацияси билан Марказий Осиё, Хитой билан Европа давлатлари ўртасида “йўлак” бўлишга эришилди. Бундан ташқари, Касбий денгизи орқали Форз кўрфазига ҳамда Кавказ ҳудудига чиқиш йўллари ҳам очилган.
Албатта, мамлакатимизда вужудга келган имкониятлардан барча қўшни давлатлар ҳам фойдаланишидан манфаатдормиз. Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази бизга ўз тажрибаларимизни улашишга, иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйишга катта замин яратади. Минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлайди.
Комрон ҲИДОЯТЗОДА, тожикистонлик эксперт:
— Минтақанинг беш давлати товар ва юкларнинг эркин ҳамда тўсиқларсиз транзити учун транспорт-транзит соҳасида ҳамкорлик, жумладан, авиация, автомобиль, темир йўл, дарё ва денгиз транспорти учун халқаро йўналишларни, мультимодал транспорт йўлаклари, халқаро кўп функцияли логистика, савдо ва туризм марказларини модернизация қилиш, инновацион, энергиятежамкор ва электрон технологияларни жорий этиш ҳамда трансчегаравий жараёнларни соддалаштириш бугунги куннинг долзарб масалаларига айланди.
Сўнгги йилларда “Шимол–Жануб” ва “Шарқ–Ғарб” халқаро йўлакларини биргаликда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни максимал кучайтириш зарурати пайдо бўлди. Биламизки, охирги беш йилда Марказий Осиё сиёсий манзараси сезиларли даражада ўзгарди. Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази эса Ғарб ва Шарқ алоқаларини мустаҳкамлашда мустаҳкам кўприк яратилишига кўмак беради. Бундан ташқари, ушбу марказ давлатлар тадбиркорларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ҳам назарда тутади.
Тожикистон Республикасида ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда. Бу эса янги бозор ва экспорт ҳудудларига эҳтиёж борлигини кўрсатади. Экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги бозорларга кириб бориш транспорт ва транзит йўлакларини очишдан бошланади. Бу йўлакларда тадбиркорлар ва улар маҳсулотларининг эркин ҳаракатланишида марказ тақдим этаётган ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи ҳужжатлар жуда муҳим ҳисобланади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Соҳиба МУЛЛАЕВА ёзиб олди.