Қадимги Турон — Туркистон, шу жумладан, бугунги Ўзбекистон давлатчилиги тарихини ёритишда танга пулларнинг ўзига хос ўрни бор. Кўплаб археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, Ўзбекистон — Марказий Осиё тарихида нафақат илк шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик анъаналари вужудга келган ҳудудлардан бири‚ балки минтақадаги милоддан аввалги минг йилликнинг IV-III асрларида дастлабки маҳаллий танга пуллар зарб қилина бошланган минтақадир. Товар айирбошлашнинг энг қулай воситаси бўлмиш танга зарб қилиш анъанаси Туронда икки минг йиллик ўтмишга эга.

Турли қимматбаҳо металлар — мис, кумуш ва олтиндан танга ясаш ишлари илк бор милоддан аввалги III-II асрларда Бақтрияда, кейинчалик Кушонлар салтанати (мил. I-III асрлар) даврида, милод бошларидан Сўғд ва Хоразмда, IIIIV асрларда эса Чоч воҳасида йўлга қўйилади. Илк ўрта асрларда бирин-кетин Фарғона, Уструшона, Ўтрор ва Еттисувдаги сулолалар ўз тангаларини чиқара бошлайдилар. Бу давр тангаларининг аксарияти сўғдий ёзувда, бошқалари қадимги хоразм, бохтар, паҳлавий (ўрта форс) ва қадимги турк-рун  ёзувидадир.

Тангаларни тарихий манба сифатида ўрганишнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, туронлик ҳукмдорлар исми ва унвонларининг хитой, юнон, арабфорс ва бошқа тиллардаги ёзма манбаларда учраб, ушбу тилларга мослаштириб юборилган ва асли қандай бўлгани тушунарсиз бўлиб қолган маҳаллий шаклини танга ёзувларига таяниб тиклаш имконияти бўлса, иккинчидан, тангалардаги ёзув, тасвир ва турли белгилар орқали ўша давр маданияти бўйича муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Илк ўрта асрларда минтақа халқлари давлатчилигида юз берган туб ўзгаришлар пул муносабатларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, бу даврда кучли салтанатларга асос солган эфталийлар (420-565), Турк ҳоқонлиги (552-744) билан бир вақтда Чоч, Ўтрор, Фарғона, Уструшона, Сўғд, Бухоро, Тўхористон, Хоразм, Марв сингари воҳалар ҳукмдорлари ҳам ўз тангаларини зарб қилган. Асосан мис, қисман кумушдан ясалган тангаларда кўпинча уларнинг айнан қайси ҳокимликка тегишли эканини билдирувчи жой номи, бошқарувчисининг исми ва унвони билан бирга ҳокимият ва давлатчилик анъаналарини акс эттирувчи белгилар — тамға, ўқ-ёй, илоҳий тимсоллар, тахт тасвирлари бор.

Турон тангалари бўйича ХХ-ХХI аср бошларигача амалга оширилган изланишларда анчагина илмий ютуқлар қўлга киритилган. Шу билан бирга, кўплаб танга ёзувлари ўнлаб йиллар давомида ўқилмасдан қолгани ёки уларнинг қайси ҳукмдорликка тегишлилиги масаласи ечилмасдан келганини ҳам айтиб ўтиш керак. Шунингдек, айрим тангалар бўйича нотўғри талқинлар билдирилиб, мамлакатимиз тарихининг айрим даврларига нисбатан асоссиз тушунчалар келиб чиққанини ҳам эътибордан қочириб бўлмайди.

Илк ўрта асрлар тангаларининг тарихий манба сифатида ўрганилиши давомида кўплаб ютуқлар қўлга киритилганига қарамай, бир қатор муаммолар ҳам бор. Айрим тадқиқотларни истисно қилсак, бу соҳа дунё, хусусан, Ғарб тарихшунослигида ўз ўрнини етарлича топгани йўқ. Минтақамизнинг исломдан олдинги тарихи бўйича Буюк Британия, АҚШ, Германия ва Францияда ўнлаб йирик мутахассислар етишиб чиққанига қарамай, уларнинг ишларида тангашунослик бўйича илмий янгиликлар ўз ифодасини деярли топмаган.

Ҳолбуки, Туроннинг жанубий ҳудудлари ва унга туташ тарихий ўлкалар — Шимолий Афғонистон, Хуросон ва Шимолий Ҳиндистонда илк ўрта асрларда зарб қилинган бохтарий, паҳлавий (ўрта форс) ва қадимги ҳиндча ёзувли хионий (хун), эфталий ва ашиналийлар сулоласига тегишли юзлаб тангалар топилган. ХХ аср илк чорагида уларни ўрганишга кенг кўламда киришилиши натижасида юзлаб мақола ва ўнлаб асарлар ёзилган.

Бироқ минтақанинг сўғдий, хоразмий ва қадимги турк-рун ёзувли тангалари ўрганилиши борасида бундай дейиш қийин. Тўғри, мустақилликдан олдин бундай тангаларни тўғридан-тўғри ўрганиш имконияти бўлмаган, шу боис ҳам дунё тангашунослари бу масалада эътиборни жанубий ҳудудларга қаратган бўлишлари мумкин. Аммо бугунги кунга келиб аҳвол ўзгарди, чет эллик тадқиқотчиларнинг юртимизга келиб, илмий адабиётлар ва музейлардаги тангалар билан тўғридан-тўғри танишиш баробарида археология қазишмаларида қатнашишлари учун йўл  очилди. Мустақиллик йилларида ўзбек тангашунослиги ўзининг янги босқичига қадам қўйди.

Хусусан, мазкур мавзуда 1990 йиллардан бугунги кунгача юзлаб мақола ва асарлар чоп этилиши бунга далил бўла олади. “Нумизматика Центральной Азии” журнали нашр қилиниб келинаётгани ҳам диққатга сазовор. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий банки тўпламида сақланаётган тангалар фиҳристи 4 жилдда ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинди. Яқин йилларгача аксарият тадқиқотларда VIVIII асрларга тааллуқли тангаларнинг бир бўлагини “Қадимги турк тангалари” гуруҳи ташкил қилишига урғу берилса-да, уларнинг қайси ҳукмдор ёки сулолаларга тегишлилиги масаласи ҳал қилинмаган. Ҳатто “ҳоқонлик танга зарб қилдирганми ёки йўқми” мазмунидаги фикр деярли ўртага ташланмаган. Кўпчилик тадқиқотчиларда илк туркий тангалар Тургаш ҳоқонлиги томонидан чиқарилган, деган қараш шаклланган.

Қарийб йигирма йиллик изланишлар натижасида Турк ҳоқонлигининг мамлакатимиз ва жаҳон тангашунослиги хабардор бўлмаган бир неча ўнлаб турдаги тангалари аниқланиб, илмий муомалага киритилди. Бугунги кунда асосан Тошкент, Фарғона, Сурхондарё вилоятларидаги исломдан олдинги даврларга тегишли шаҳарлар қолдиқларидан топилаётган юзлаб тангалар синчиклаб ўрганилганда, уларнинг ҳоқон, хотун, жабғу, жабғу ҳоқон, тегин, тутуқ, тархон каби ўнлаб туркий унвонлар билан зарб этилгани аниқланди. Ушбу тангаларнинг сезиларли қисми тўғридан-тўғри ҳоқонлик, бир қисми эса ҳоқонлик билан алоқадор сулолалар томонидан зарб этилган.

Жумладан, VI–VIII асрларда Чоч (Тошкент) воҳасида зарб этилган мис тангаларнинг каттагина қисми ғарбий ашиналий ҳоқонларга тегишли бўлиб, олд томонида қадимги туркларга хос қиёфадаги ҳукмдор тасвири ва тескари томонида сўғдий ёзувда жабғу, жабғу ҳоқон каби унвон ва васфлар, ҳукмдорларнинг Тарду ҳоқон, Елби Ишбара жабғу ҳоқон, Илоҳий Тун жабғу ҳоқон сингари исмлари ва ҳоқонликнинг этносиёсий номи сифатида Турк ҳоқон ибораси учраши уларнинг айнан ҳоқонликка тегишли тангалар бўлганидан дарак беради. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Турк хоқон унвони билан зарб этилган тангалар ўзига хос жиҳатлари билан бошқаларидан бирмунча ажралиб туради.

Биринчидан, улар Чочнинг кўпинча 2 см. ўлчамли бўлган бошқа тангаларидан йирик экани (4 см.) ҳукмдор тасвирининг устомонлик билан чизилгани, салмоғи ҳам анча оғирлиги (4 гр.) билан диққатни тортади. Иккинчи томондан, барча туркий элларни бирлаштирувчи ном бўлган турк этноними — элат номи ёзма ёдгорликлар орасида илк бор тангаларда учрайди. Бунгача ушбу атама айнан шу кўринишда милодий VIII асрнинг илк ўн йилликларига тегишли Ўрхун-Энасой битиктошлари ва VII аср ўрталарида яратилган хитой йилномаларида учраб, унинг кўплаб тиллардаги ёзма манбаларда кенг ўрин ола бошлаши ўрта асрларга тўғри келар эди. Демак, айтиб ўтилган Чоч тангасининг VI асрнинг сўнгги ўн йилликларига тўғри келиши эса турк этноними қадимиятини яна бир-икки асрга узайтиради.

Яқин йилларда аниқланиб, илмий муомалага киритилган тангалар қаторига VI-VIII асрларда Самарқандда зарб қилдирилган Турон ҳукмдори унвонли тангаларни ҳам киритиш мумкин. Ўнг томонида қадимги туркларга хос узун сочли ҳукмдор тасвири, тескари томонида эса исломдан олдинги Самарқанд ҳукмдорларига тегишли тамға ва ёзув ўрин олган ушбу тангаларнинг илк нусхалари аллақачон топилиб, илм аҳлига танитилган бўлса-да, улардаги сўғдий ёзув турлича ўқилган ва бу тангаларнинг ҳоқонлик билан боғлиқлиги тўғрисида бир оғиз сўз айтилмаган эди. Ушбу танга ёзувларида Турон атамаси учраши юртимиз номининг ўша чоғлардаёқ Турон — Туркистон деб аталганини яна бир бор тасдиқламоқда.

Эндиликда “Турон ва Туркистон атамалари ўзаро боғлиқ эмас”, деб жар солиб келган айрим хорижлик изланувчиларнинг ўй-хаёллари чиппакка чиқди, дея оламиз. Демак, бундан минг йил олдин буюк ота-боболаримиз Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Юсуф Хос Ҳожиб ёзиб қолдирган Турон — турклар юрти, Маздурон асли Марзи Турон, турк ўлкаларининг чегараси демакдир” мазмунидаги маълумотлар ушбу тангалар орқали ўз тасдиғини топ моқда. Ўзбекистон нумизматикасида қўлга киритилган ютуқлардан яна бири мустақиллик йилларига тўғри келиб, қарийб бир асрдан бери ёзувлари тўлиқ ўқилмасдан, қайси сулолага оидлиги аниқланмай келаётган Чоч тангаларидан сезиларли бир қисмининг Чоч тегинлари сулоласи (605-750 й.й.) томонидан зарб қилинганининг аниқланиши бўлди.

Ушбу тангаларда ўнг томонида қадимги туркларга хос узун сочли, думалоқ юзли, бироз қисиқ кўзли ҳукмдор тасвири, тескари томонида сулолавий тамға ва унинг теграсида “Чоч ҳукмдори тегиннинг пули” жумласи ўрин олган. Шу тариқа Хитой йилномаларида Ши-го ван Деле (Чоч давлати ҳукмдори тегин) шаклида учраб, 605750 йиллар орасида воҳани бошқарган сулола номи Чоч тегинлари бўлгани ва улар ўз тангаларини зарб қилгани аён бўлди. Тангашунослигимизда ютуқлар билан бирга қатор муаммолар ҳам бор. Биринчидан, бу соҳада изланишлар олиб борувчи ёш мутахассислар анча камчиликни ташкил этса, иккинчи томондан, жаҳон тангашуносларининг бу соҳага жиддий эътибор бермаслигидир. Мисол учун, бугунги кунда юзлаб нусхалари топилаётган хоразм тангалари билан шуғулланувчи тадқиқотчилар деярли йўқ.

Шунингдек, осори-атиқа тўпловчилар томонидан турли йўллар билан йиғилаётган тангаларнинг кўпи чет эллик тўпловчилар қўлига бориб тушаётгани уларни тарихимизнинг қимматли ва зарур манбаси сифатида ўрганиш имкониятини қийинлаштиряпти. Тангалардан ўрин олган ҳар бир ёзув, тасвир, белги ва бошқалар ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий турмуши — тарихий воқеликлар билан чамбарчас боғлиқ. Янги тангалар топилиши ва улардаги ёзувнинг тўлақонли ўқиб чиқилиши эса шу пайтгача қоронғу бўлиб қолаётган масала ва мавзуларни ёритишга хизмат қилиши керак.

Бироқ мамлакатимиз ўтмиши билан шуғулланаётган изланувчиларнинг кўпчилиги тангашунослар томонидан қўлга киритилаётган илмий янгиликлардан етарлича хабардор эмас ёки улардан манба сифатида фойдаланишга унчалик ошиқмайди. Бу ҳолат илк ўрта асрлар тарихи, хусусан, эфталий ва ашиналийлар тарихига доир, шунингдек, Чоч, Фарғона, Сўғд, Тўхористон ва шунга ўхшаш воҳалар ҳукмдорликлари тарихи бўйича изланишлар олиб бораётган кўпчилик тадқиқотчиларнинг ишларида кўзга ташланади.

Шу билан бирга, айрим илмий нашрларда бир вақтлар янглиш ўқилиб, нотўғри талқин қилинган тангашунослик маълумотларидан фойдаланиш билан чекланиш, улар бўйича яқин йилларда билдирилган фикрларни инобатга олмаслик, “обрўли” мутахассисларнинг қарашларига боғланиб қолиш каби ҳолатлар давом этаётгани миллий тангашунослик мактабининг муаммо ва камчиликлари сирасига киради.

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

ЎзФА Миллий археология маркази фанлараро тадқиқотлар бўлими бошлиғи,

тарих фанлари доктори