Зеро, темир йўл транспорти орқали хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг тез ҳамда арзон ташилиши ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишини жадаллаштиради. Бу тармоқ етиб борган ҳудудларда янги шаҳар ва аҳоли пунктлари, бозор ва савдо марказлари пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Ҳудудлараро темир йўл алоқасининг йўлга қўйилиши одамларнинг эркин ҳаракатланиши, ҳудудий бирлик ва маданий интеграцияни кучайтиради.

Марказий Осиё минтақаси табиий географик жойлашув сабаб азалдан Шарқу Ғарб маданиятлари учун ўзига хос чорраҳа вазифасини бажариб келган. Сўнгги йил­ларда дунёда кечаётган геосиёсий вазият минтақамизнинг бу борадаги аҳамиятини янада оширди. Хусусан, мамлакатимиз Осиё ва Европа қитъалари, шунингдек, шимолий ва жанубий йўналишларни боғловчи асо­сий бўғин сифатида дунёнинг муҳим транс­порт ва логистика марказларидан бирига айланмоқда. Ана шундай тарихий вазиятда замонавий, энергия самарадор темир йўл тармоқларини яратиш ва такомиллаштириш аҳамияти ҳар қачонгидан муҳим.

Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси сабаб сўнгги ўн йилликда Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Глобал денгиз хабларидан узоқ, жаҳон бозорларига тўғ­ридан тўғри чиқиш имкони бўлмаган ҳудуд ўлароқ минтақа давлатлари учун энг оқилона йўл ҳам шу эди. Зеро, географик оқсоқликни енгиб ўтиш учун минтақавий ва халқаро ин­теграция бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб­лашиб бормоқда.

Минтақавий интеграция темир йўл тар­моқлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, янги темир йўл тизими Марказий Осиё давлатлари учун экспорт йўналишларини ди­версификация қилиш ва шимолий йўлакларга қарамликни камайтириш имкониятини ярата­ди. Трансминтақавий боғлиқлик эса лойиҳа­лар муваффақиятини таъминлаб, транспорт ва логистика харажатларини сезиларли дара­жада камайтиради, экспорт учун янги бозор­ларга йўл очади.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблея­сининг 2017 йил сентябрда бўлиб ўтган 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учра­шувларини мунтазам ўтказиш, темир йўл тармоқларини такомиллаштиришдаги мин­тақавий ҳамкорликни асосий мақсад этиб белгилаш ташаббусини илгари сурган эди.

Натижада ўша йил ноябрда Самарқанд шаҳри мезбонлигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлида ҳамкорлик” халқаро конфе­ренцияси ўтказилди. 2018 йил 15 мартда эса Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви ташкил қилинди.

Орадан кўп ўтмай, 2018 йил 22 июнда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мах­сус резолюцияси қабул қилинди. Шунингдек, 2018 йил 21 сентябрда Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлак­лари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзусида йирик халқаро анжуман ўтказилди.

Умуман олганда, 2017-2025 йилларда Ўз­бекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 50 дан ортиқ учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда минтақадаги транспорт боғламлари, темир йўл линиялари интеграцияси бўйича қатор келишувларга эришилди.

Энг муҳими, Марказий Осиё темир йўл ҳалқасининг шарқий ярим доирасини таш­кил қилувчи Хитой — Қирғизистон —Ўзбе­кистон, Мозори Шариф — Кобул — Пешо­вар тармоқларининг қурилиши бошлангани минтақада барқарор транспорт-логистика занжирининг яратилишига замин ҳозирлади. Хавфсиз, қисқа ва қулай транспорт йўлаги ривожланишида бу йўналиш ғоят муҳим.

Ўз навбатида, Марказий Осиёнинг янги темир йўл архитектураси шаклланишида Президентимизнинг шахсий ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутаётганини эътироф этмоқ керак.

Гап фақат темир йўл тармоғи қурилиши­дагина эмас. Мамлакатимизнинг бир вақт­лардагидек эҳтиёткор, ҳимоя позициясидаги давлатдан ўзига ишонган минтақавий етак­чига айланиши нафақат Ўзбекистонни, бал­ки бутун минтақани геосиёсий идентитет ва ўз тақдирини ўзи белгилаш феномени сари етакламоқда. Марказий Осиё давлатлари ўр­тасида тарихан шаклланган савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий боғлиқликнинг Прези­дентимиз томонидан қайта кашф қилинаёт­ганини халқаро жамоатчилик, дунё афкор оммаси эътироф этаётгани сабаби ҳам шунда.

Марказий Осиё энди рақобатлашув ва ўзаро ишончсизлик муҳити ҳукм сурадиган минтақа эмас, балки мустаҳкам қардошлик, умумий тарих ва тақдир, чегаралар мушта­раклиги рамзига айланиб бормоқда. Бу нати­жага эришишда интегратив дипломатиянинг ташаббускори бўлган Шавкат Мирзиёевнинг дадил ва узоқни кўзлаган прагматик сиёсати муҳим омил бўлди.

Озодбек РАЖАБОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети доценти,

тарих фанлари доктори