Тананг отдир, руҳинг унинг суворийси,

От озиғи суворийга озиқ бўлмас.

Бугун биз истеъмолчилар жамияти билан рўбарў турибмиз. Отга озиқ беряпмизу, уни бошқариши лозим бўлган суворийни унутиб қўяётган давр билан юзма-юзмиз. Истеъмолчилик жамияти билан юзлашиб, оддий топармон-тутармон мавжудотга айланиб қолаётган кишиларни кўриб, ҳазратнинг сўзлари залвори, юки янада ортишини англайди киши.

Халқимизда бундай гап бор:

“Ёмон сўз тузингга уради, ёмон емиш юзингга уради”.

Мавзумиз истеъмолчилик ва маромийлик экан, у бевосита бугун биз истеъмол қилаёт­ган моддий, маънавий, ахборий “таомлар”­нинг сифати, тури билан боғлиқдир.

Аввало, маромийлик деган сўзга тўхтал­сак. Ҳар бир нарсада меъёр, маром, мўъта­диллик бўлади. Бусиз инсон ҳам, у мансуб жамият ҳам фойда кўрмайди.

Мавзуга бевосита дахлдор — АҚШда­ги яқин ўтмиш воқелигига тўхталадиган бўлсак, бир қатор социологлар истеъмолчи­лик ғоясининг вужудга келишини Иккинчи жаҳон урушидан сўнг пайдо бўлган ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари сақлаб қолинга­ни билан боғлайди.

Дарҳақиқат, уруш йилларида АҚШ сано­ати жадал ривожланган, ҳарбий буюртмалар ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми кескин ош­ган. Уруш тугагач эса гарчи эҳтиёж уруш давридагидек бўлмаса-да, ишлаб чиқариш қуввати сақлаб қолинди. Бу эса оммавий истеъмолни рағбатлантиришни талаб қилди. Натижада америкаликларнинг истеъ­мол эҳтиёжи ҳаёт тарзига сингиб, маданий қадрият сифатида шаклланди.

Бунда асосий тарғибот қуроллари сифа­тида турли шаклдаги реклама, ОАВ, кино­индустриядан кенг фойдаланилди. Урушдан кейинги “бахтли америкалик”нинг қиёфаси моддий бойлик, доимий харид ва дабдабали турмуш кечириш дея тасвирлана бошлади.

Ушбу ғоя, истаймизми-йўқми, жамияти­мизда ҳам ўз таъсирини сездириб бормоқда. Унинг миллий қадриятлар, ёшлар ва улар­нинг масъулияти, эркак ва аёл ўртасидаги ахлоқий муносабат, оиланинг маънавий илдизига салбий таъсири натижасида нафс ва ҳирсни қондириш, ёшликни ўйин-кулги билан ўтказиш ҳамда шу енгил йўлни ҳаёт тарзига айлантириш асосий ғояга айланди.

Ёшлардан энг муҳим масъулиятлар олиб ташланади, ўғил боланинг асосий сифа­ти пул топиш ва бой бўлиш, қиз боланинг сифати гўзал ва мафтункор кўриниши би­лан ўлчана бошлади. Эркакларнинг асосий вазифаси бой бўлиш учун ҳар қандай пул топиш манбалари — қимор ўйинлари, ўғир­лик, фирибгарлик, жиноятга қўл уришдан то тадбиркорликкача чегарасиз бўлса, аёллар жозибадор кўринишлари учун ахлоқ-одоб меъёрларини унутишлари табиий ҳолга ай­ланди. Бойлик, моддият қаршисида соф ин­соний туйғулар, фазилатлар, хусусан, меҳр ва муҳаббат эскилик сарқити сифатида четга чиқди.

Кейинчалик мазкур ғоянинг “цивилиза­циялашган” давлатларда кенг тарқалиши оқибатида ҳар хил ижтимоий иллатлар ур­чиди. Болалар ота-оналаридан узоқлашди, жамиятга қариялар уйи деган қараш кириб келди. Оилавий ажримлар ортди, қадриятлар инқирозга учради, беникоҳ яшаш табиий ҳолга айланди, диний қадриятлар, эътиқод бурчи олиб ташланиб, шунчаки маросим бў­либ қолди. Ёшлар орасида енгил-елпиликка берилиш, алкоголь, тамаки ва гиёҳвандлик моддалари истеъмоли кучайди.

Минг афсуски, ушбу ғоя чегаралардан ўтиб, бизнинг ҳаётимизда ҳам илдиз ота бошлади. Ёшларимизнинг дабдабали ҳаётга интилиши, қасрдай уй қуриш, қиммат маши­налар олиш мақсади, шов-шувли тўй қилиш орзуси, бир сўз билан айтганда, маишат ва дабдабабозлик кайфияти кучайди. Эркак учун бойлик ва молиявий устунлик устувор мақсадга айланди. Аёл эркакнинг олдига янги ортиқча талабларни қўя бошлади.

Эшитилиши қўполроқ бўлса-да халқи­мизда чуқур мазмунга эга “Эр-хотин — қўш ҳўкиз” деган нақл бор. Унда оила юкини ҳамжиҳатликда тортиш, аҳил яшаш, бирга молиявий ривожланиш, фарзанд тарбиялаш, муаммоларни ҳал қилиш каби қимматли та­мойиллар акс этган. Лекин янги истеъмол­чилик ғояси таъсирида бу тушунчалар четга чиқа бошлади.

Талайгина диний қадриятлар инкор эти­либ, нафс ва манфаатлар олдинга чиқди. Никоҳда маҳрга кўп ҳолларда келин куёвдан уй, автомобиль, қимматбаҳо буюмлар бе­ришни, умра ва ҳажга олиб боришни талаб қилмоқда.

Жамиятимизда исрофгарчилик ва мод­диятга берилиш иллати шиддат билан олға интилмоқда. Натижада ёшлар турмушга тайёргарликни билим олиш, касб-ҳунар ўр­ганиш, фарзанд тарбиялаш кўникмаларини ўзлаштиришга эмас, тез бойишда деб ҳисобламоқда. Бунга эришиш учун эса чет элда ишлаш, қимор ва тез пул келтирувчи бошқа ўйинлар ўйнаш, шу боис, кечроқ турмуш қу­ришни танлаш ёшларнинг таянган нуқтаси бўлиб қолди. Бу эса жамиятдаги маънавий ва ахлоқий мувозанатга салбий таъсир кўр­сатмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонда никоҳлар сони 267 мингни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилдагига нисба­тан 4,7 мингтага камайган. Ажримлар сони эса деярли 47 мингга етиб, 2024 йилдагидан 1,8 мингтага ошган.

Никоҳлар сони камайиши, аввало, никоҳ ёшининг кечикиши, иқтисодий барқарорлик­ка интилиш билан изоҳланади. Ажрашишлар ошиши эса оилавий муносабатлардаги сифат ўзгаришларидан далолат беради. Айниқса, ажримларнинг 60 фоиздан ортиғи шаҳарлар­га тўғри келаётгани шаҳар муҳитида инди­видуал эркинлик ва иқтисодий мустақиллик юқорилигини кўрсатади.

Қизиқ, эркинлик, молиявий мустақиллик каби иборалар бир қарашда жуда ёқимли эшитилади. Инсон пул ва моддият билан етарлича таъминланса, бунинг нимаси ёмон дейиш мумкин. Аммо айни шу омиллар ўзгача маъно касб этиб, алдамчи ниқобга айланиб, ажримлар кўпайишига, никоҳ ка­майишига, пировардида демографик салбий ўзгаришларга сабаб бўлаётирки, буни ино­батга олишимиз зарур.

Яна бир ачинарли жиҳат шуки, бугун ах­борот тарқатишда энг устувор восита бўлган ижтимоий тармоқлар ҳам антимаромийлик — меъёрни бузиш ғоялари тарғиботчисига айланди. Контентларнинг аксарияти гедо­низм — ҳаётдан лаззат олишга мойиллик, экзистенциализм — ҳаёт маъносини инсон­нинг ўзи яратиши, романтик нигилизм — жамият қоидаларини рад этиш, исёнкорлик ва ўз-ўзини йўқ қилишга мойил руҳият каби ғояларни оммалаштириш қуролига айланди.

Ижтимоий тармоқлар вайнерлари доим дабдабали ҳаёт, қиммат ва чиройли буюм­лар, эксклюзив саёҳатлар, глобал тажриба­ларни кенг тарғиб қилиб, аёллар ва ёшларнинг онгига гўзал ҳамда навқирон кўриниш, ҳаётдан фақат ўйин-кулги ва моддий лаззат олиш каби қарашларга урғу беряпти. Маром ва меъёрга салбий таъсир этувчи ғоялар маъна­вий ва ахлоқий масъулиятни камситиш, нафс ҳамда истеъмолчиликка мойилликни кучайти­ришга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, олимлар ва зиёлилар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган маромийлик ғоясига тўхталиб ўтсак. Бу ғоя юқоридаги каби тенденцияларга қарши қа­ратилган бўлиб, инсонни нафс эмас, ақл ва маънавият бошқариши лозимлигини тарғиб этувчи муқобил ва барқарор ғоядир.

Маромийлик инсон ҳаётида меъёр, масъулият, сабр, маънавий маром ва келажакни ҳисобга олган ҳолда яшаш тарзини англа­тади. Дабдаба ва анъанага ўранган истеъ­молчилик эса, аксинча, ҳозирни, бугунги лаззатни биринчи ўринга қўйиб, келажак масъулиятини иккинчи даражага туширади.

Таҳлилларга кўра, бундай истеъмолчилик инсонда сунъий эҳтиёжлар яратади, қаноат ҳиссини йўқотади ва доимий қониқмаслик ҳолатини шакллантиради. Бу жараён, ай­ниқса, ёшлар онгида хавфли тус олади. Чун­ки дунёқараши ҳали тўлиқ шаклланмаган ёшлар учун истеъмолчилик меҳнат ва сабр ўрнини тез бойиш истаги билан, маънавий камолот ўрнини ташқи кўриниш ва дабдаба билан, оилавий масъулият ўрнини шахсий манфаат билан алмаштиради.

Жамиятимизнинг маънавий иқлимидаги асл манзарани кўриш, оғриқ нуқталаримиз­дан бохабар бўлиш мақсадида 2024-2025 йилларда Республика Маънавият ва маъри­фат маркази томонидан барча ҳудудларимиз­да социологик тадқиқот ўтказилди. Сўров­ларда 378 минг юртдошимиз иштирок этди. Қуйида тадқиқот натижасида аниқланган айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.

Урф-одат ва маросимларнинг серхаражат­лиги 14,6 фоиз ҳолатда оилавий ажрашишлар­га сабаб бўлмоқда. Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг атиги 21 фоизи бугунги кунда оилавий тадбирлар Covid-19 пандемияси вақтидаги каби кўпи билан 30 кишини таклиф қилган ҳолда камхарж ўтказилишини қўллаб-қувватлайди. Бу кўрсаткич 2024 йил­нинг мос даврига нисбатан 5 фоиз камайган.

Респондентлардан жамиятдаги энг керак­ли қадриятлар ҳақида сўралганида “меҳнат­севарлик” деган жавоб 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоиз камайган, яъни бу­гунги кунда жамиятда ҳалол меҳнат орқали ижтимоий эҳтиёжларини қондириш даража­си пасаймоқда.

Сўровнома вақтида 26,5 фоиз респондент ортиқча маблағини фарзандлар тарбияси ва уларни хорижда ўқитишга сарфлашга тай­ёрлиги аниқланди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос давридагига нисбатан 3,7 фоиз пасайган, яъни фарзандларининг таъ­лим-тарбиясига инвестиция киритиш иста­гида бўлган фуқаролар улуши камаймоқда.

Ташқи мафкуравий таъсирлар ва оммавий маданиятнинг жамиятимизга кириб келиши сабабли ёшларнинг хулқ-атвори ва маънави­ятидаги ўзгаришлар ўрта ёш ва кекса аҳоли вакиллари томонидан 69,3 фоиз ҳолатда сал­бий баҳоланмоқда.

Ушбу муаммоли нуқтада Республика Маънавият ва маърифат маркази миллат зиё­лиларини ўз атрофида бирлаштириб, маъна­вий қадриятларимизга, жамият бирдамлиги ва ижтимоий ҳаётига салбий таъсир қилаёт­ган иллатларга қарши чоралар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни энг муҳим ва­зифалардан бири сифатида ўз олдига қўйди.

Бу вазифалар доирасида маромийлик кон­цепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оши­риш, маромийлик тарғиботини, айниқса, ёшлар орасида кенг йўлга қўйиш, катта авлоднинг, зиёлиларнинг, турли соҳа фаол­ларининг тарғиботчилик хусусиятларини янада оширишга эътибор қаратилади. Ёшлар онгида истеъмолчилик таъсирини камайти­риш ва маънавий барқарорликни таъминлаш учун барча соҳаларда, айниқса, таълим ва ижтимоий ташкилотларда тарғибот ва маъ­рифий ишларни кенг йўлга қўйиш лозим.

Антимаромийлик ғояларига қарши барқа­рор маърифий муҳит яратишда ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси ниҳоятда катта. Шу маънода, яна бир устувор вазифа сифатида медиаконтентларнинг жамиятдаги меъёр ва мўътадилликка салбий таъсир қилувчи ғоялар тарғиботини доимий мониторинг қилиш, улар­га қарши таъсирчан ғояларни илгари сурувчи медиарежаларни амалга ошириш чоралари кўрилади. Миллий контентлар меъёр тарғибо­тини кучайтиришга ва маромийликни кундалик ҳаёт тарзимизга айлантиришга йўналтирилади.

Маромийликнинг таълим муассасалари ва ижтимоий ташкилотларда кенг тарғиб этилиши маърифий дастурлар, семинарлар ва машғулотлар орқали амалга оширилади. Мазкур ғоя тарғиботида ўқитувчи ва мураб­бийлар, устозлар улушини ошириш ғоянинг тарбиявий жиҳатларини, маънавий қийма­тини ёшлар онгига сингдиришга самарали хизмат қилади.

Маромийликни таъминлашда ёшлар­нинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, бу ғояни ривожлантириш учун ёшлар томонидан илгари сурилган лойиҳа ва ташаббусларни ўрганиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш концепциядан кутилаётган на­тижани оширади.

Аслида, маромийлик деган тушунча биз­га бегона эмас, кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ҳаётда ҳам, оилада ҳам кишилар билан муносабатларда меъёр, маром, мўътадил­лик, мувозанат лозим. Минг йиллар даво­мида халқимиз шундай қадриятлар асосида яшашган. Бугунги глобал даврда эса миллий қадриятларига таянган, уни ҳурмат қилиб, замонавий дунё билан юзлаша оладиган масъулиятли авлодларгина яшаб қолади, ке­лажакка хизмат қила олади.

Боту АЛИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

раҳбарининг биринчи ўринбосари