Юртимизда синовли кунлар давом этмоқда. Коронавирус (COVID-19) балоси инсоният, шу жумладан халқимизнинг ҳам энг оғриқли муаммосига айланиб улгурди. Бундай вазиятда ўрнатилган карантин қоидаларига тўлақонли амал қилиш, жумладан масофадан ишлаш коронавируснинг юқиш ва тарқалишини олдини олишга қаратилган энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Бироқ масофадан ишлаш инсонларни руҳиятида маълум даражада ўзгаришларни содир қилади. Яъни инсонлардаги «адаптация» – айни муҳитга мослашиши, «ўз-ўзини англаш» – айни вақтдаги ҳолат билан боғлиқ англаш жараёни, «ижтимоийлашиш» – айни вақтдаги нормаларга, қоидаларга киришиш ва уларни ўзлаштириш, «муносабат тизими» – ҳолатларга, вазиятларга нисбатан муносабати (ижобий, салбий, объектив, субъектив, пессимистик, оптимистик, негатив, позитив, реал, виртуал), «стереотип» – айни вақтдаги ҳолат билан боғлиқ шаклланган шаблон фикрлар, «миш-мишлар», «дезинформациялар» каби ўзгаришлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари масофавий ишлаш инсонлардаги касбий кўникмалар, шахслараро муносабатлар, касбий кундалик одатлар ва шу каби бир қанча нормаларда ўзгариш содир қилади. Инсон руҳияти учун мазкур ҳолатлар экстремал вазият ҳисобланади.

Ўз-ўзидан мазкур ишлаш тартиби маълум даражада касбий фаолиятни самарали ташкил этиш, шунингдек, ходимларнинг касбдаги ижтимоийлашувида муҳим ўрин тутадиган ўз-ўзини англаш билан боғлиқ жараёнлар, айнан улардаги руҳий асаб мутаносиблиги, характерологик, темпераментал хусусиятлари билан боғлиқ жараёнларда ҳам акс этади. Яъни мазкур иш тизими кимдадир дангасалик, ялқовлик, кимдадир иштиёқсизлик ва яна кимдадир аксинча иш сурати ва сифатини яхшиланишига, иш унумдорлигини ўсишига сабаб бўлади.

Психологик жиҳатдан масофавий ишлашда инсонларда кузатиладиган руҳий ҳолатлар уларнинг айна шу масалага бўлган муносабатлари доирасида шаклланади. Яъни мазкур ҳолатни нормал ҳолат деб, ушбу ҳолатни максимал жиҳатларидан фойдаланиб иш унумдорлиги ва самарадорлигига эришиш мумкин, бироқ айрим тоифадаги инсонларга мазкур ҳолат экстремал ҳолат ҳисобланиб «фобия», «саросима», «руҳий тушкунлик», “эмоционал зўриқиш, «ижтимоий бўғиқлик» ва «ижодий сусткашлик» билан боғлиқ жиҳатларни ҳам кузатишимиз мумкин.

Демак масофадан ишлаш тизимида инсонларда руҳий барқарорлиги жуда муҳим омиллардан бири саналади. Руҳий асаб барқарорлиги инсонларнинг ўз кучига, ўз ҳаракатларининг тўғрилигига нисбатан ишончи мавжуд бўлганда намоён бўлади.

Руҳий мувозанатнинг зарурлиги инсонларнинг ташқи муҳитида маълум қийинчиликлар пайдо бўлганда, ички қарама - қаршилик мавжуд бўлганда кучаяди. Руҳий асаб барқарорлик инсонлар томонидан ички ва ташқи тўсиқларни енгиш билан боғлиқ ўз хатти-ҳаракати ва фаолиятини онгли бошқариши имкониятидир, зеро у инсон психикасининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Инсонларда руҳий асаб барқарорлигини ривожлантиришда ирода тарбияси муҳим ўрин тутади. Ирода шахсни фақат бирон-бир айрим жиҳатдан эмас, балки уни ҳамма жиҳатдан, ҳар томонлама тарбиялашдир. Иродали киши пухта ақл, ёрқин ижодий хаёл ва кучли ахлоқий ҳиссиётларга эга бўлган ғоявий кишидир.

Руҳий асаб барқарорлигини ривожлантиришда тарбиянинг жамоавий ва якка тартибдаги услубларидан кенг фойдаланиш зарур. Масофавий иш ва хизмат вазифасини тақсимланишида қўрқитиш, мажбурлаш услубларига йўл қўймаслик, балки ҳақиқат, сабр-қаноат, ижтимоий адолат ва ватанпарварлик ғоялари асосий мезон бўлиши мақсадга мувофиқ.

Масофавий ишлаш кун тартибига қатъий риоя қилиш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг маълум тартиб асосида ташкил қилинишидир. Руҳан тинч, хотиржам инсон ўз вақтининг ҳукмронидир. Масофадан берилган вазифалар ва топшириқларни ижроси шошилмасдан кузатилиши ва ходимларни белгиланган вазифани бажариши, хатти-ҳаракатлари маълум объектга ва аниқ бир мақсадга йўналтирилганлиги унинг ўз фаолиятини оқилона ташкил этганлигини назорат қилиб бориш ва унга ўз вақтида амалий кўрсатмалар бериш лозим.

Раҳбар томонидан ходимнинг руҳий асаб барқарорлигини таъминлаш учун кундалик турмушда, меҳнатда учрайдиган тарқоқлик ва тартибсизлик билан доимий курашиб боришни талаб этиш ва уни назорат қилиш.

Хулоса қилиб айтганда масофавий ишлашда инсонларда кузатиладиган руҳий ҳолатларни ижобий ёки салбий тус олиши масофавий ишнинг қандай ташкил қилинганлигига боғлиқ. Аслида тафаккурнинг креативлиги мазмундорлиги, чуқурлиги, кенглиги каби сифатлари инсоннинг мустақил ва эркинроқ ишлашида намоён бўлади.

Масофадан ишлашни руҳий зўриқишларсиз ташкил қилишнинг ўзига хос усулларидан яна бири ходимларнинг интеллекти ва қобилияти доирасидаги ишларга йўналтириш ва вазифалар тақсимотини қилганда шу каби жиҳатларни инобатга олиш кўпроқ самаралидир.

Ҳазрат Жабборов,

психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)