Анжумандан кўзда тутилган асосий мақсад мамлакатимиз олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтларида математика ва амалий математика фанлари ўқитилиши сифатини ошириш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар билан танишиш ва ўзаро тажриба алмашишдир.
Тадбирда турли соҳалардаги масалаларни ечишда амалий математика усуллари, математик моделларининг қўлланилиши ва уларнинг илмий изланишлардаги, инновацион ғояларни амалга оширишдаги тадбиқлари билан танишилди. Республика миқёсидаги олий ўқув юртларида хорижлик етакчи олимлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий ишлар ва изланишлардан амалиётда фойдаланиш, ёшларни илмий тадқиқот ишарига кенг жалб қилиш хусусида сўз юритилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча ОТМлардан алгебра ва анализ, дифференциал тенгламалар ва динамик системалар, математиканинг амалий тадбиқлари ва ўқитиш методикаси йўналишларида 600 дан ортиқ муаллифлардан 400 га яқин материаллар ташкилий қўмитага келиб тушди. Дастурий қўмитанинг тақризидан ўтган 300 дан ортиқ материаллар анжуман дастурига киритилди.