Ўтган йили давлатимиз раҳбари XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашувида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этиш таклифини билдирганди.

“Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар, албатта, сизларга эргашади”, дея таъкидлаган эди Президентимиз.

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш мактаби демакдир.

Бу бизга нима беради?

Аввало, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахс лар, айниқса, ёшларда ҳалоллик, виждонлилик, ватанпарварлик каби фазилатлар, миллий ғурур туйғуларини шакллантиради. Қолаверса, ёшларни параспорт турларига кенгроқ жалб қилиш механизми ишга туширилади.

Мактабнинг яна бир вазифаси — ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритиш ҳамда тавсиялар бериш. Шунингдек, ёшларга ўрнак кўрсатиш ва шахсий намуна сифатида уларни матонатли этиб тарбиялаш, бу борада илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб кечалари, китобхонлик, ўйинлар, машҳур кишилар билан учрашувлар ташкил этишда матонат мактаби етакчи роль ўйнайди.

Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида “Матонат мактаби” ташкил қилиниб, унга қўмита раиси раҳбарлик қилиши белгиланди. Бунга қўшимча равишда 2 штат бирлиги ажратилади. Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши этиб қайта номланяпти.

Бизга бу борада Мудофаа ҳамда Спортни ривожлантириш вазирликлари ёрдам беради. Матонат мактаби ютуқлари, мактаб вакилларининг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилишга Мудофаа вазирлиги ёрдам берса, ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасидаги вазифалар Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Мақсадимиз “Янги Ўзбекистон — янги ғалабалар сари” деган ҳаётий эътиқодни қарор топтиришга қаратилган.

Янги ҳаётга қадам қўяётган ҳар қандай ёшнинг ўзи интилган инсони, севиб қўллаб-қувватлайдиган спортчилари бўлади. Шу маънода айтиш лозимки, бугунги паралимпиячиларимиз ҳам ўз иродаси ва матонати билан ана шундай шарафга лойиқ инсонлар. Гарчи жисмоний имконияти чекланган 
бўлса-да, уларнинг ҳар бири қаҳрамон, ҳаёт йўли ибрат бўлишга арзигулик. Улар ҳақида фильмлар ишланади, кўрсатувлар тайёрланади, махсус китоблар чоп этилади. Инсон иродаси метиндек мустаҳкамлиги кўрсатиб берилади.

Ҳужжат асосида пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган пиёдалар юриш ва дам олиш масканида Паралимпиячилар боғи ташкил этиляпти. Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган бекатларидан бирига “Паралимпия ҳаракати” номи берилади.

Матонат мактаби бўйича Ўзбекистон тажрибасини дунё мамлакатларига тарғибот-ташвиқот этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Тошкент шаҳрида  “Паралимпия матонатчилари” халқаро форуми ўтказилади. Буларнинг барчаси ёшларнинг севимли паралимпиячилари тимсолида уларга иззат-икром ва ҳурмат кўрсатиш саналади. Ногиронлиги бўлган шахслар эътиборимиздан четда қолмайди.

Паралимпия бутун дунёга ёйилган хайрли ва савобли ҳаракатлардан саналади. Шунинг учун жисмоний имконияти чекланган ёки ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантирамиз. Ҳар бирининг иқтидори ва имкониятига қараб парастол тенниси, парадзюдо, голбол, 5х5 футбол, параенгил атлетика, бочча, парапауэрлифтинг, парақиличбозлик, аравачада баскетбол каби спорт турларига алоҳида эътибор қаратамиз. Уларни зарурий спорт жиҳозлари ва спорт формалари билан таъминлаб борамиз.

Бу орқали профессионал спортни ҳам ривожлантириб, халқаро мусобақалар ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз довруғини янада кенгроқ ёйишга ўз ҳиссамизни қўшамиз. 

 

Мухторхон Тошхўжаев,

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси