Президентимиз 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этганини, Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланганини, ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлганини таъкидлаб, шундай деди:
“Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир”.
Давлатимиз раҳбари бу борада нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомига тўхталиб, бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини, ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилганини қайд этиб ўтди ва биринчи ўзбек актрисаларидан бўлган Масъума Қориеванинг фожиали тақдирига тўхталиб:
“Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз.
Ўйлайманки, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўларди...” – деб ишонч билдирди.
Президент тилга олиб ўтган таниқли санъат устаси, истеъдодли актриса Масъума Қориеванинг ижоди ўтган асрнинг 20-йилларига, юртимизнинг жадидлик деб аталган ўта мураккаб даврига тўғри келади.
Давлатимиз раҳбари 2021 йил 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида жадид ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром кўрсатиб, шундай деган эди:
“Мустабид тузум даврида юртимиз озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошларимиз қатағонга учраган. Уларнинг қанчаси «халқ душмани» деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган. Яна қанчаси сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган. Бу мудҳиш жиноятдан муштипар момоларимиз, оналаримиз ҳам омон қолмаган. Минглаб аёллар бева, болалар етим қолган.
Бу нафақат уларнинг авлодлари, балки бутун халқимиз юрагидаги оғриқдир. Шу боис орадан шунча вақт ўтса-да, барчамиз ўша мудҳиш даврни изтироб билан эслаймиз”.
Дарҳақиқат, халқимизнинг энг сара вакиллари бўлмиш жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Чунки мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз, албатта, ҳам қарз, ҳам фарз.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Масъума” романи Президентимиз мисол қилиб келтирган тарихнинг “жадидлик” деб аталган энг мураккаб даври ҳамда биринчи ўзбек актрисаси Масъума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асарни юртимиз тарихидаги энг қора кунларнинг талқини, ўзбек театрининг бадиий тарихи деб атаса бўлади.
Романда тасвирланган воқеалар – ҳаётда содир бўлган, бир оз бадиий бўёқ берилган ҳаққоний воқеалардир. Мамлакатимиз тарихининг жадидлар даври қандай мураккаб бўлганини бир оила мисолида кўриш мумкин. Чунончи, Абдувоҳид қори – машҳур уламо, “Шўройи исломия” ва “Маҳкамаи исломия” жамиятлари раиси, босқинчилар Уфага олиб кетган муқаддас осори атиқа – Усмон Қуръонини юртимизга қайтириб олиб келишда жонбозлик кўрсатган арбоб, яъни жадидлик даврининг”қадимчи”ларидан. Унинг тўнғич ўғли Босит Қориев – Маданият вазирлиги санъат бошқармаси бошлиғи, ўртанча ўғли Боис Қориев, яъни Олтой – “янгиликчи” шоир, Маориф вазирлигининг масъул ходими. Келини Масъума Қориева эса ўзбек миллий театрининг биринчи аёл актрисаси. Давр бу кишиларнинг биронтасини аяб ўтирмайди, биринчи бўлиб шоир Олтой “Наркомпрос” иши бўйича ҳибсга олиниб, ўн йилга сургун қилинади. Сўнгра кекса Абдувоҳид қори ва Босит Қориев қамоққа олинади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, мамлакат ҳукумати қамоқхонадаги маҳбусларга авфи умумий эълон қилади ва ким агар ихтиёрий равишда фронтга жўнаб, жасорат кўрсатса, айбномалар олиб ташланишига ваъда беради. Айни шу дамда Масъума Қориеванинг фарзандлари, теваракдагиларнинг маломатларидан ва хўрлашларидан таҳқирланган навниҳол йигитчалар – Ботир ва Шавкат Қориевлар ихтиёрий равишда фронтга жўнаб кетишади.
Бир оила бошига тушган кўргиликларни кўринг! Бунинг сабаби эса:
– Эй воҳ, агар ўз давлатимиз бўлганида эди, бу ишларга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Афсуски, давлатимиз йўқ, қудратимиз ҳам йўқ, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз... – дейди Абдувоҳид қори...
“Масъума” романида нафақат Абдувоҳид қори ва Масъума Қориева хонадони мисолидаги мудҳиш кўргиликлар, балки халқимизнинг сара зиёлилари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Заҳириддин Аълам, Абдурауф Фитрат, Тавалло, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Чўлпон, Боту каби зиёлилар номлари келтириб ўтилади. Шунингдек, ўзбек театрининг дунёга келиши, илк саҳна асарлари, миллий театр асосчиларидан бири Маннон Уйғур билан бир қаторда, халқ эҳтиромига сазовор бўлган артистлар Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Мария Кузнецова сиймоларига дуч келасиз. Дунё театрлари тарихида энг яхши саҳна томошаси деб топилган “Гамлет” ва “Отелло” саҳналарининг ҳаяжонига шоҳид бўласиз.
Масъума Қориеванинг тақдири, дарҳақиқат, аччиқ ва изтироблидир. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони соҳибаси, улуғ шоир Чўлпон “Ўзбек театри маликаси” деб ном берган бу истеъдодли актриса сиёсат туфайли шунчалар четга суриб ташланадики, охир-оқибат, азбаройи театрдаги инсофли кишилар туфайли касаба уюшмасига ишга тайинланиб, театр учун пойтахтнинг Қорасарой мавзесидан ажратилган томорқа хўжалигида мева-сабзавот етиштириш ишларига киришиб, оғир йилларда театр жамоасини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб туради. Театрдан кўнгли совийди, истеъдоди хазон бўлади. Болаларидан хат-хабар келмай қўйгач, уларнинг тақдирини билиш учун Москвага отланади ва машъум ҳақиқатдан хабар топади: эндиликда дунёда унинг ҳеч кими қолмаган, қайнотаси ва эри 1938 йилдаёқ отиб ташланган, кўзининг оқу қораси фарзандлари фашизмга қарши урушда бирин-кетин ҳалок бўлишган экан.
– Мана, болаларим... Номимиз ҳам оқланди, – дейди Масъума.
Жасур йигитлардан ёдгор бўлиб икки парча темир – “Қизил юлдуз” ва “Қизил байроқ” ордени қолади, холос.
Марҳума жасади олис юртларда сарсон бўлмасин деб борган кишилар қийинчиликларга дуч келишади: майитни учоқда ҳам, поездда ҳам олиб кетишга рухсат берилмайди. Ниҳоят, марҳуманинг жасади куйдирилиб, кули солинган кичик бир идиш Тошкентга олиб келиниб, тўрт кишининг номидан дафн қилинади.
– Босит Қориев! Масъума Қориева! Ботирхон Қориев! Шавкатхон Қориев! Қабрингизда тинч ётинг! – дейишади дафн маросимига келганлар.
Сиёсий тузум бир оиланинг кулини шу тахлит “кўкларга совуриб” юборади.
Афсуски, қотил тузумнинг қилмишлари шу билан тугамайди. 1953 йилда, Сталин вафот этганидан сўнг ноҳақ қатағонга учраганлар номи оқлана бошлаган бўлса-да, ўша даврнинг империалист арбоблари турли республикалар, айниқса Марказий Осиё ўлкалари халқлари бошига янгидан-янги туҳматлар ёғдиришда давом этишади. Саксонинчи йиллар бошига келиб ўзбек халқи ўз ўғлонларини яна бир адолатсиз уруш – Афғон урушида қурбон беради, асоссиз “ўзбек иши” кампаниясида яна минглаб ватандошларимиз туҳматга учрайди. Шу ўринда 1989 йилда Афғон урушидан темир тобутда келган қаҳрамон йигитимиз Сирожиддин Тўрахўжаев хотирасига бағишланган бир шеъримни эслатиб ўтмоқ жоиз деб ўйлайман:
Дўстлари келса-ю, келмаса болам,
Дўстлари кулса-ю, кулмаса болам.
Бир пайтлар сочини тўзғитган еллар
Ҳовлида елса-ю, елмаса болам.
Яхши кўрган қизи келиб йиғласа,
Сўнгра тўй бўлса-ю, билмаса болам.
Суратдан чиқолмай мўлтираб зор-зор
“Тўйлар муборак”ни тингласа болам.
Куйган кечаларда уйқум келмайин,
“Милт-милт” юлдуз бўлиб имласа болам.
Ғира-шираликда дарахт эшикда
Боламдай турса-ю, кирмаса болам.
Саҳар косаларга қаймоқ тўлса-ю,
Кексайган бу кўнглим тўлмаса, болам.
Кеча топширишди “Қизил юлдуз”инг,
Орденни “болам” деб бўлмаса, болам...
Ўзбек халқи бошига келган шўришлар орадан шунча йил ўтгач ҳам давом этаверганига ҳайрон қоласиз, киши. Шукрки, мамлакатимиз зулмнинг оғир кишанлардан мустақиллик туфайли халос бўлди ва бу каби ҳақсизликлар таг-туги билан барҳам топди.
Бугун адибларимиз олдида жадид боболаримизнинг хотирасини тиклаш, уларнинг фидойилиги ва орзу-армонлари ҳақида юксак савияли бадиий асарлар яратиш каби шарафли вазифалар бор. Нафақат жадидлик даври, балки довруқли тарихимиздаги юзлаб саркардалар, олимлар, шоирлар, мутафаккир алломалар авлодлар эътирофини кутиб турибди.
* * *
Президентимиз 2020 йилнинг 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида шундай деган эди:
“Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак”.
Ёзувчи Исажон Султоннинг ушбу асари ана шундай савобли ва керакли ишларнинг дебочасидир. Шу муносабат билан, адиб дўстимизни янги китоби билан қутлаймиз ҳамда бугунимизнинг истеъдодли шоир ва ёзувчиларидан шундай мавзуларда янгидан-янги бадиий пишиқ асарлар кутиб қоламиз.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,
Ўзбекистон Республикаси халқ шоири