Мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари,  тегишли вазирликлар ва идоралар, сиёсий партиялар мутасаддилари, олий ўқув юртлари раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этди. СессиядаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Хўжаев, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияяси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Халқаро Пресс-клуб директори Ш.Қудратхўжа, Марказий сайлов комисссияси аъзоси Г.Исмоилова ва бошқалар Президент сайловини очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтказишнинг аҳамияти, шу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида фикр юритдилар. 

Таъкидланганидек,  сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВ фаолиятини эркинлаштириш, журналистлар ва блогерларнинг профессионал фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, ОАВларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва уларни турли грантлар асосида қўллаб – қувватлаш борасида  салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўз эркинлигини таъминлаш борасида  дадил ва катта қадамлар қўйилди.

Хусусан, Нодавлат телерадиоканаллар моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида уларга 2 миллиард сўмликдан зиёд техникалар олиб берилди. ЎзЭОАВМА аъзо телеканаллар ва ахборот сайтлари, блогерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 1 миллиард сўмликдан зиёд грантлар ажратилди. Жамиятда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларни  ҳал қилишга  ёрдамлашиш мақсадида “Аёллар медиа-клуби” ташкил этилди. Ёш журналистларимиз малакасини ошириш ва рағбатлантириш мақсадида жорий йилда “Янги Ўзбекистон ёшлар нигоҳида” медиа-ҳафталиги ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари ҳақида халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятини мунтазам равишда, тезкор ва холисона хабардор қилиб бориш мақсадида  халқаро медиа холл ташкил этилди. Медиахоллда маҳаллий  ва халқаро оммавий  ахборот воситалари  учун турли брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ташкил қилиш, интервьюлар олиш, турли кўрсатувлар, медиамаҳсулотлар суратга олиш учун  барча шароитлар яратилган.

Ҳозирга қадар Медиа холлда ЎзЭОАВМА, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар Иттифоқа ҳамкорликдада 40 га яқин тадбирлар ўтказилди.

                                                                                     Баҳор Хидирова,

                                                                            “Янги Ўзбекистон” мухбири