Унда депутатлар, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, БМТТДнинг Истанбулдаги минтақавий офиси вакили, ХМТнинг Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги координаторлари, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг масъул ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 10-мақсад яъни, «Мамлакат ичида тенгсизликни унинг барча кўринишларида қисқартириш» бўйича қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритилди.
Давра суҳбатида меҳнат миграцияси ва меҳнат бозорини бошқариш масалалари, инсоният тараққиёти соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқишга инновацион ёндашув, Ўзбекистонда катта тенгликни таъминлашга йўналтирилган бюджет-солиқ сиёсатини амалга ошириш, COVID-19 пандемияси шароитида мигрантларга ёрдам бериш, аҳоли барча қатламининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга фуқароларни жалб этиш ҳамда тенгсизликни қисқартиришда ижтимоий ҳимоянинг роли масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Тадбирда экспертлар томонидан мамлакатимиз ташқарисида ишлаётган ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш шароитларини таъминлашга қаратилган тизим яратилаётгани эътироф этилди.
Муҳокамалар жараёнида масъул вазирлик, идора ва халқаро экспертлар билан соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.