Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглади. Бу кун Янги Ўзбекистон тарихининг энг муҳим саналаридан бири бўлиб қолди — ҳар бир оилани соғлом, фаровон қилишга қаратилган ўнлаб янги, ҳаётбахш ташаббусларни ўзида жамлаган Мурожаатнома эълон қилинди.
2020 йил агарда биз мардона бирлашсак, тўғри тадбир қилсак, ечилмайдиган муаммо йўқлигини яна бир бор кўрсатди. Президентимиз бу ғалабалар қандай ташкил қилинганини батафсил, самимий сўзлаб берди. Хуллас, халқимиз янги 2021 йилни давлатимиз раҳбари Мурожаатномасидан олган ғурур, ишонч ва шукроналар билан кутиб олди.
Ўзбекистон ўз халқини коронавирусдан ҳимоя қилишда дунё давлатлари орасида юқори баҳо олди. Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Зудлик билан 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Дори-дармон, энг замонавий диагностика ускуналари билан таъминланди. 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар коронавирусга қарши жангга кирди.
Хориждаги 600 мингдан ортиқ ватандош юртимизга олиб келинди. Ватан ўз фарзандларини ғурбатда ғариб қилиб қўймади, бағрига босди.
Ўтган кунлар
Буларни бугун эслаш — фахрли, мароқли. Лекин ўша — бутун дунё саросимага тушган, муаммо билан юзма-юз турган, нима қилишни билмай қолган баҳор-ёз, кузни эслайлик. Ваҳима, “Энди нима бўлади?”, деган қўрқувли, талвасали кунлар. Ўшанда энг тўғри қарорлар, тадбирлар қабул қилиш керак эди. Шундай бўлди. Мана, йил охирида коронавирус беморларини даволаш учун қурилган касалхоналаримиз бўшаб қолди. Бунинг шукронасини кўриб, индамасак, гуноҳ бўлади. Билиб туриб айтмасак, ношукрлик бўлади.
2020 йилда коронавирусга қўшилиб, Бухоро, Сардобада табиий ва техноген офатлар рўй берди. Улар ҳам даф этилди. Биргина “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эслайлик. Хотирамизда телеэкранларда Сардобага кетаётган юзлаб юк автомобиллари, қўлидаги нарсасининг ярмини сардобалик тенгдошига илинган болакай, қизалоқлар турибди. Талабаларни текин элтиб қўяётган таксичилар. Ватандошим-ку, деб сотадиган қиммат молини арзонга сотган инсофли тадбиркорларимиз, қўллари дуога кўтарилган ота-оналар келади. Мана шу эмасми, халқнинг бирлашуви.
Президентимиз шу боис, карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олижаноб халқимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга чуқур миннатдорлик билдирди. Шу сатрларни ёза туриб, бир ўй келди: менимча, 2020 йил синовлари, офатлар, улар устидан қозонган ғалабамиз ҳақида “2020 йил”, деган бир хотира китоб ёзилса, айни муддао бўларди. Бу китоб 50, 100, 500 йилдан кейин ҳам бизнинг бу бало-қазоларга қарши курашда қандай бирлашганимиз, ғалабамиз ҳақида авлодларга сўзлаб беради.
Тўрт қаторда беш завод
2020 йилда кўп давлатлар коронавирусга қарши курашиб, иқтисодий ўсишдан тўхтаб турди. Бизнинг эса бир қўлимиз курашди, бир қўлимиз ривожланиш учун ишлади. Буни Халқаро валюта жамғармаси таъкидлаб, баралла айтди. Дунёнинг саноқли давлатлари 2020 йилда ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Ўзбекистон ана шу саноқли давлатлар ичида эканлиги бизга ғурур беради. Мурожаатномада 2020 йилда республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилгани, “Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби йирик қувватлар ишга туширилгани айтилди.
Эътибор беринг. Мурожаатноманинг мана шу тўрт қатор матнида бешта улкан завод, корхонанинг номлари тилга олинган. Уларнинг биттасини қуриш осонми? Тошкент металлургия заводи каби қудратли корхона илгари неча йилда қурилган? Биз, собиқ Иттифоқ даврини кўрган авлод буни яхши биламиз. Шундай корхона мабодо қурилса ҳам, буни Совет Шарқининг афсонавий ютуғи, дейилар эди.
Йиллаб, кеча-кундуз тарғиб қилинарди. Бугун-чи? Бугун мана шундай гигант корхона бир йиллик(!) ишларимизнинг кичкина бир парчаси бўлиб қолди. Бу нимани кўрсатади? Бу минглаб юртдошимиз ишлайдиган гигант корхоналарни қуриш биз учун оддий ишга айланиб қолганини, Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги қудрати кўламини, бирлигимизни кўрсатмайдими?
Яқинда Тошкентда 2 та янги метро станцияси қурилади, ер усти метроси бўлади, дейилганда, бу бизга афсонадек, “йўғ-э!”, деб юборган эдик. Бугун метро вагонлари ойнасидан ташқарига қараб, ернинг гоҳ остига тушиб, гоҳ устига чиқиб, шуларни ўйлаяпмиз. “Бўлар экан-ку”, деб шукрона қилиб кетяпмиз...
Камбағаллик билан олишув
Камбағаллик азалдан бутун дунёда бўлганидек, бизда ҳам бор эди. Бироқ унинг номи айтилмас, юмшоқ қилиб, хаспўшлаб келинар эди. Президентимиз Ўзбекистонда камбағаллик борлигини мардона, очиқ айтди. Барчамизни камбағалликни камайтиришга қаратилган курашга чорлади. Шу маънода, 2020 йил хотирамизда Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш бошланган йил бўлиб қолади.
Кураш илм, аниқлик асосига қурилди. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада камбағал оилалар, аёллар, ёшлар, шахслар билан манзилли ишлаш бўйича “Темир дафтар”лар тутилди. Қисқа вақт ичида бу янги тизим 527 минг ватандошимизни камбағаллик чангалидан озод қилди. Уларга иш — ризқ-рўз берди. Улар 2020 йилни камбағал бўлиб кутиб олган эди, мамнун, рози бўлиб кузатди.
Камбағаллик “Темир дафтар”лар бўшаб, рўйхатга киритишга одам топилмай қолган, ҳамма ўз ишига, даромадига эга бўлган куни тугайди. Чунки камбағалликнинг асосий сабаби — одамнинг қўлидан бирор иш келмаслигида, ундаги инсон капиталининг ночорлигида. Инсон капитали, бу — одамга ўзининг турли эҳтиёжларини қондириши учун зарур бўлган билим, кўникма, малакалар йиғиндиси. Агар одамнинг билим, кўникма ва малакалари иш берувчига керак бўлса ёки ўзини-ўзи банд қилишга етарли бўлса, у ишсиз қолмайди. Камбағал бўлмайди. Инсоннинг билим, кўникма ва малакаси йўқлиги уни меҳнат бозорида касод қилади.
Таҳлиллар нимани кўрсатмоқда?
Ижтимоий-педагогик таҳлиллар Ўзбекистонда камбағаллик борган сари камайишини кўрсатмоқда. Чунки инсон капиталини, аввало, оила, болалар боғчаси, мактаб бойитади. Бунинг асослари Мурожаатномада бор. Яъни кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60 фоизга етган, боғчалар сони 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошган. Бу боғчалардан — мактабларга, мактаблардан — олий ўқув юртлари ёки корхоналарга кириб келадиган ўғил-қизларимизнинг инсон капитали ҳозиргига қараганда бир неча карра зиёд бўлади, дегани эмасми?! Шунинг учун Учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланади, деган ҳикмат айтилди. 2020 йил олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.
Айниқса, эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилингани келажакда оилаларнинг инсон капиталини оширишга хизмат қилади. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайиб, 2 мингтага етади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.
Бу нимага олиб келади? Аста-секин “Темир дафтар”лар бўшаб қолади. Чунки ёшларимиз “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси” асосида компетентли ва фазилатли бўлиб етишади. Улар мактаб остонасидан мустақил, яъни ўз ҳаётини бировдан ёрдам сўрамай, ўз ақли ва фазилатларига таяниб қуришни ўрганиб чиқадилар.
Янгича яшаш
Президентимиз “2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Албатта, бу тарихий санани сиз, азизлар ва бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз”, деди. Бу ғояда катта даъват ва маъно бор. Бу даъват бизни сифат жиҳатдан ўзгарган, ўзгараётган Ватанда — Янги Ўзбекистонда, янгича яшашга чорламоқда. Бизни қандай ҳаёт кутяпти? Эркин ва фаровон яшаш. Зийрак кишилар бу ғоя мағзидаги “Биз Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаймиз”, деган кучли ишонч борлигини сезиб турибди.
Мурожаатномада бугунги кунда ишимиздаги энг катта камчилик — билим етишмаслиги, афсуски, барча соҳаларда сезилаётгани танқид қилинди. Бугун бирор соҳа, ҳудуд, тармоқ замонавий илм ва билимларсиз ривожланмайди. Илмий асосга таяниш шарофати қандай бўлишини тараққий этган мамлакатлар яққол кўрсатди. Уларда ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан ортиғи “билимлар иқтисодиёти” ҳисобидан, яъни инновациялар ва юқори малакали кадрлар томонидан яратилаётир. Бу буюк Имом Бухорийнинг биз — авлодларига айтган “Илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай”, деган ўгитини яққол исботламоқда.
Цивилизациянинг оталари
Мурожаатномада аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон замини нафақат ширин-шакар мева, ноз-неъматларни, балки буюк алломаларни етиштирувчи замин.
Бугунги Ўзбекистон инсониятга цивилизациянинг оталарини берган замин. Бухорий, Хоразмий, Самарқандий, Марғиноний, Насафий, Фарғоний ўзлари туғилган шаҳарлари номини исмларига нисба қилиб, жаҳон кездилар. Ватанимиз номини бошлари узра кўтариб, илм ўргатиб, ўлмас шараф топдилар. Улар туғилган шаҳарлар — Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Марғилон, Насаф, Фарғона... Президентимиз ана шу шарафли силсилани давом эттириш ташаббусини кўтарди. Бунинг учун “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деди.
Бу фикрнинг тагида чуқур асос бор. Яъни “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади. Бунинг учун ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия берилади, уларнинг мактаб остонасидан жисмоний ва маънан соғлом, ватанпарвар шахслар бўлиб чиқишлари учун барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинади.
Йил номидаги ҳикмат
“2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”нинг номида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишнинг коди, пароли бор. Мурожаатномада ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтириши айтилди. Бу сармоя дадил киритилмоқда. Бунинг натижасида ёшларимиз замонавий билим ва тажриба, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатли инсонлар бўлиб вояга етади.
Уларнинг инсон капитали бой бўлади. Яъни уларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарлар ўргатилади. Тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик, ташаббускорлик фазилатлари шакллантирилиб, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилади. Бошқача қилиб айтганда, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишга ўргатадиган ва ёрдам берадиган узлуксиз тизим яратилади.
“Авлодлар можароси”
Ғарбда “авлодлар можароси”, деган ижтимоий муаммо, маънавий касаллик бор. Бу — авлодларнинг ўзаро бегоналашуви, ёшларнинг кексаларга ҳурматсизлиги ва кексаларнинг ёшларни ёмон кўриши, улардан норозилигида намоён бўлади.
Президентимиз Мурожаатномасида ана шу муаммонинг олдини олиш, аксинча, аждодлар ва авлодларни бир-бирига устоз-шогирд қилиб қўювчи бунёдкор йўл кўрсатиб берилди: “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз”.
Бу ташаббус буюк миллий тажрибамизни тўплаш, сақлаш, бойитиш ва қадрига етишга чорлаши билан ҳам қадрлидир. Катта авлоднинг ҳар бир вакили ўзидан олдингилардан билган, эшитган, қўллаган иш тажрибаларини устоз бўлиб, ёшларга беради. Ёшлар шогирд бўлиб, бу билим ва тажрибани модернизациялаб, замонавий илм-фан ютуқлари билан юксалтиради. Бу инсон капиталини бойитади. Бу капитал ёшларнинг ғайрат ва жўшқин фазилатларидан куч олиб, бизни Учинчи Ренессансга олиб чиқади.
Мотивация
Мурожаатномада аҳолининг камбағалликка тушиб қолган қисмини камбағалликдан чиқаришнинг оддий ва самарали, амалий механизми таклиф этилди. Унга кўра, “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.
Механизмнинг энг муҳим янгилиги нимада? У камбағал кишига уч карра ёрдам беради. Биринчиси ва энг муҳими, бу — мотивация. Ният, истак, қарор, ирода, билим беради. Иккинчиси — кўникма, яъни касб, иш ўргатиш, ҳунарсиз қўлларни ҳунарли қўлларга айлантириш. Учинчиси — сармоя, молиявий ёрдам. Мурожаатномада одамни камбағалликдан чиқарувчи энг муҳим омил бу — унинг интилиши, ўз кучига таяниб, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши кераклиги уқтирилди.
Мурожаатноманинг якуний тушунчаси
Президентимиз Мурожаатномаси халқимизга куч бераётган бебаҳо маънавий, ғоявий манба — ишонч мавзуси билан якунланди. Дарҳақиқат, 2020 йил бизнинг ўз куч ва имкониятларимизга ишончимиз қийин синовларни енгиб ўтишда бирлаштирди. Янада кучли ва мустаҳкам қилди. Бунда ҳар биримиз иштирок этдик ва кўрдик. Бу буюк ишонч 2021 йилда янада кучайиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб боради.
Шундай экан, ҳар биримиз Президентимиз Мурожаатномасидаги эзгу ниятни чин қалбдан айтамиз: “Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!”.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари