Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Лазизбек Аҳмедов ва турмуш ўртоғи Райҳона Аҳмедова “Янги Ўзбекистон болалари” оилавий болалар уйини ташкил этди. Улар Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчасидан 4 ўғил ва 2 қизни асраб олди.

Оила бошлиғи Гулистон шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавиймаърифий ишлар бўйича ўринбосари, турмуш ўртоғи эса банк ходими. Уларнинг уч ўғил, бир қизи бор. Лазизбек кичик фарзанди — қизига шерик бўлсин, дея бир қиз асраб олишни анчадан бери ният қилиб юрганди. Бу йил Болалар шаҳарчалари, Меҳрибонлик уйларининг Миллий гвардия тизимига ўтказилгани ҳамда боқувчисини йўқотган, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни янги тизим орқали оилалар бағрига бериш тартиби йўлга қўйилгандан сўнг Лазизбекнинг қарори янада қатъийлашди. У бу масалада Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Болалар шаҳарчасига мурожаат қилди.

Лазизбек меҳр ва эътиборга муҳтож, кўнгли ярим, бироқ юзида табассум балқиб турган болаларни кўрганида озгина яхшилик ва эътибор уларнинг қалбига нур ва чексиз қувонч олиб киришини англади. Райҳонахон ҳам турмуш ўртоғининг бу ниятини қўллаб-қувватлади.

Хонадонда оиланинг янги аъзолари учун керакли барча шароит яратиш, уларни руҳлантиришга катта эътибор қаратилди. Хоналар уларнинг истагига мос жиҳозланди, спорт анжомлари, мўъжаз кутубхона ҳам улар ихтиёрига берилди. Айни пайтда ўғил-қизлар ўзи ўрганган таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш билан бирга мусиқа, спорт, хорижий тиллар тўгаракларига боришни канда қилмаяпти.

— Оиламизга мослашиши, ўзини худди уйидагидек ҳис этиб, эминэркин ҳаракатланиши учун улар билан ҳар куни алоҳида-алоҳида гаплашаман. Қизиқиши, орзу-ниятлари ҳақида сўрайман, — дейди Лазизбек Аҳмедов. — Болаларнинг мақсади ва режалари турлича. Мисол учун, катта фарзандимиз Бобуржон тадбиркорликка қизиқяпти. Паррандачилик фабрикасини ташкил этмоқчи. Бу борада унга зарур бўладиган дастлабки тавсия ва билимни беряпман. Орзуси амалга ошишига кўмаклашаман. Ортида ўзини қўллайдиган одамлар борлигини ҳис қилган бола келгусида катта натижаларга эришиш учун мақсадидан чекинмайди. Эртанги кунга ишончи ва умиди ортади. Вақти келиб, интилиши ва саъй-ҳаракатлари билан аста-секин қаддини тиклайди.

Руҳий хотиржамлик, самимий муносабат, меҳр ва иззатини жойига қўйиш каби хислатлар устувор оилада камол топган боланинг ўзига ишончи ҳам юқори бўлади. Лазизбек ва Райҳонахон болаларнинг ёши ва феъл-атворини ҳисобга олган ҳолда, улардаги ўзгаришларни кузатиб боради, интилиши ва ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

— Ҳозир мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишга эътибор катта. Биз ҳам шу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Райҳона Аҳмедова. — Болаларнинг кун тартиби турличалиги туфайли ҳаммасини репетитор ёки тўгаракка бир пайтда олиб бориш ноқулай. Шу боис, кечки маҳал — ҳамма уйга тўпланган вақтда чет тили ўқитувчиси чақиришга қарор қилдик. Катта қизимиз Ўғилой 9-синфда ўқийди. Инглиз тили ва мусиқага қизиқади. Чет тилни ўрганиш билан бирга Гулистон шаҳридаги 2-мусиқа мактабида таҳсил олмоқда. Баҳодиржон эса 8-синфда ўқийди, олимпия захиралари мактаби ўқувчиси. Келгусида шифокор бўлмоқчи. Шу боис, кимё ва биология бўйича тўгаракка қатнаяпти. Асатулло 5-синф, ватан ҳимоячиси бўлишни кўнглига туккан. Фозилбек эса ҳали жуда ёш. Унга касб танлашда ўзимиз ёрдам берамиз.

Фарзанд асраб олган инсоннинг зиммасида катта масъулият туради. Зеро, гўдаклигидаёқ ҳаёт зарбасига дуч келган, ота-она қарамоғидан маҳрум бу болалар янги оилага қадам қўяр экан, янги муҳитга мослашиш жараёни осон кечмаслиги аниқ. Бундай пайтда болалар учун яратилган шароит ва ғамхўрликдан ташқари уларнинг кўнглига йўл топиш, тушуниш жуда муҳим. Зеро, бу ўғил-қизларнинг ҳеч кимга айта олмайдиган ҳаётий ҳикоялари бўлади, руҳиятидаги зиддиятлар алоҳида ёндашувни талаб қилади.

Оила бекасининг оқилаю зукколиги бунда алоҳида аҳамиятга эга. Райҳонахон қизларга ўзгача меҳр билан қарайди. Дарс тайёрлаш ёки уй ишларини бажариш асносида улар билан дилдан суҳбатлашиб, сирдош дўстга айланишга ҳаракат қилади. Болаларни оиланинг катталари — бобо- бувилар, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан таништирди, улар билан қариндошуруғчилик муносабатлари ҳақида сўзлаб берди. Қизлар ҳам онасига ўрганиб қолди.

— Болалар билан илк учрашганимда туш кўраётгандек эдим, — дейди оила бекаси. — Уйимиз доим келди-кетдили. Ҳовлимиз катта, қариндош-уруғлар ҳам тез-тез бизникида йиғилиб туради. Болалар келиши уйимизни янада тўлдирди. Уларни ўз фарзандимдек қабул қилдим. Болалар ҳам секин-аста мени она сифатида қабул қилмоқда. Улар Болалар шаҳарчасида яхши тарбия кўрган. Тез тил топишдик. Фарзандларим ҳам улар билан худди қондошдек бўлиб кетди.

“Самимий, очиқ юз билан қараб бўлса ҳам яхшилик қил”, деган ҳикмат бор. Дарҳақиқат, инсонни бу дунёда улуғлайдиган фазилат яхшилик, ўзгаларга меҳр улашиш ва қадрлашдир. Бағрикенглик, беминнат меҳргина кемтик кўнгилларни тўлдиради, ўғил-қизларнинг эртага юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб улғайишига замин яратади.

Давлатимиз раҳбари шу йил февраль ойида Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбатда бундай деганди: “Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз”.

Шу йил 9 август куни эса Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мукаммал институционал, ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Бу болалар учун қонунда белгиланган барча имтиёзларни  жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш, уларни отаонаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш чоралари белгиланди.

Оила қадриятларининг тикланиши ва қариндошлик муносабатлари болаларнинг ҳар жиҳатдан тарбия топишига хизмат қилади. Болалар шаҳарчаси, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини оилалар қарамоғига беришдан асосий мақсад, эзгу ғоя ҳам уларнинг ота-она меҳрини ҳис этиши, қўни-қўшни, қариндошуруғчилик муносабатларини англаб улғайиши, бир сўз билан айтганда, бағри бутун бўлиб камолга етишига ҳисса қўшиш, ҳаётда ўз ўрниларини топишига кўмаклашишдир. Зеро, ҳаёт йўлида адашмаслик, жамиятга керакли бўлиб етишишда инсонга суянчиқ бўладиган омилларнинг аҳамияти катта. Ана шу суянч ва таянчни инсон оиладан топади.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири