Аввал хабар берганимиздек, “Янги Ўзбекистон” нашри дунёнинг турли нуқталаридаги ҳамюртларимиз билан суҳбатлар бериб бормоқда.
Навбатдаги суҳбатдошимиз бугунги кунда Корея Республикасидаги Жеонбук Миллий университети “Халқаро савдо” йўналиши магистранти Миркомил Холбоев бўлди. Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилоятида туғилган. 2019 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро иқтисодий муносабатлар” йўналишини тамомлаган.
М.: Миркомил “Янги Ўзбекистон” нашри учун сиз билан суҳбатлашётганимдан хурсандман. Дастлабки савол, нима учун айнан Корея Республикасида ўқишга қарор қилдингиз?
М.Х.: Раҳмат, “Янги Ўзбекистон” нашрига интервью бераётганимдан мен ҳам хурсандман.
Очиғи, бакалаврни тугатишдан олдин чет элда ўқиш борасида бир нечта вариантларим бор эди. Ўша кезлари АҚШ, Корея, Европанинг бир қатор мамлакатларидаги университетлар ҳақида маълумот тўпладим. Охир-оқибат эса, Кореядаги Жеонбук Миллий университетида ўқишга қарор қилдим. Менимча, Кореяни танлашимга асосий сабаб бу ерда таълим олишнинг арзонлиги бўлган.
Чунки мен яшаётган ҳудудда ўртача даромаднинг тахминан 15-20 % қисми бир ойлик яшаш харажатларини қоплаш учун етарли ҳисобланади.
Қолаверса, Корея кўп соҳаларда ривожланган мамлакат. Иқтисодчи мутахассис сифатида ана шу ривожланиш босқичларини яқиндан ўрганиш иштиёқи ҳам бу ерга келишга ундади.
М.: Қарийб бир йилдан буён Кореяда яшаб, мамлакатнинг тараққиёт омилларини нималарда кўряпсиз?
М.Х.: Ҳали тўла-тўкис Корея тараққиёт босқичларини ўрганмаган бўлсам-да, аммо бу борада маълум билимларга эга бўлдим.
Биринчи навбатда Кореянинг ривожланиш тарихига эътибор қаратилса, мамлакат жуда қисқа муддат ичида паст даромадга эга давлатлар қаторидан юқори даромадли давлатлар сафига қўшила олган. Масалан, ўтган асрнинг 60 йилларида ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 100 АҚШ доллари бўлган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 31 000 АҚШ доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Билишимча, Кореянинг ривожланишида тўғридан-тўғри хорижий инвестициянинг ўрни катта бўлган. Айниқса Япониядан.
Ўтган асрнинг 60 йилларида Япония текстил саноатини ўз давлатидан чиқаришни бошлади. Бунинг асосий сабаби, Япония ишчиларининг даромади иқтисодий ўсиш билан бирга жадал ошиб бормоқда эди. Ишчиларнинг маоши ўсиши эса, ишчи кучи кўп талаб қилувчи текстил саноатидан Япониянинг нисбий устунлиги йўқолиб боришига олиб келди. Натижада текстил саноати арзон ишчиларга бой бўлган қўшни давлатларга кўчиб ўтишни бошлади.
Умуман олганда, ўша даврдаги Кореяда амалга оширилган реформаларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса, миллий пул бирлиги – вон билан боғлиқ реформа ҳамда бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган сиёсат хорижий инвестицияларни жалб қилишда жуда муҳим рол ўйнаган.
Ўйлашимча, мазкур реформалар фақат Кореянинг ўзигагина тегишли бўлиб қолмай кўплаб давлатлар томонидан қабул қилинган ва амалда синаб кўрилган тажрибалар ҳисобланади.
Мисол учун, 60 йилларда Кореяда ўртача тарифлар даражаси 70% га яқин бўлган. Аммо ҳукумат томонидан иқтисодий ўсишга импорт божлари катта тўсиқ бўлишини тўғри англаниб, божлар даражасини қисқа муддатда 30 % пасайтирилди. Шундан бошлаб Кореяда ўртача тарифлар пасаювчи трендни намоён қилган. Айнан мамлакатимиз ҳам юқоридаги каби йўлни танлаб импорт тўсиқларини йилдан-йилга пасайтириб боришини хоҳлар эдим. Чунки импортни юқори божлар билан чеклаш орқали иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди.
М.: Кореяда хорижликларга муносабат қандай?
М.Х.: Маҳаллий аҳолининг чет элликларга муносабатини ижобий баҳолайман. Корейслар меҳмондўстлик ва меҳнатсеварлик жиҳатидан ўзбекистонликларга ўхшайди. Камчиликлар ҳам йўқ эмас. Баъзи ҳолларда кўчада улардан нимадир сўрасангиз корейсларнинг ёшроқ қатлами жавоб бермайди. Яъни аксарияти сизни эшитмаганликка олади. Аммо улар ёрдам беришни хоҳлашса чин дилдан ёрдам беришади. Масалан, борадиган жойингизни тополмасдан ёрдам сўрасангиз, йўлни сизга тушунтириб ўтирмасдан ўзлари бирга олиб бориб қўяди.
М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва охирги ой қандай китоблар ўқидингиз?
М.Х.: Бўш вақтларимда вазият ва кайфиятга қараб турли ишлар билан шуғулланаман. Баъзида, велосипедда шаҳар бўйлаб сайр қилиш кайфиятимни кўтаради. Лекин ҳозирги кунда кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қиляпман.
Охирги ўқиган китобларимга тўхталадиган бўлсам, яқинда Кругманнинг “Age of diminished expectations” ва Стиглитзнинг “Мaking globalization work” китобларини ўқиб тугатдим.
Биринчи китобда АҚШ иқтисодиётининг 80-90 йиллардаги ҳолати ва 90 йилларда қабул қилинган иқтисодий қарорлар ёритилган бўлса, Стиглитзнинг китобида глобализациянинг ҳозирги кундаги ҳолати, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги адолатли бўлмаган иқтисодий алоқалар фактлар билан ифодалаб берилган. Бундан ташқари, китоб муаллифи ҳар бир муаммонинг ечими борасида аниқ таклифлар ҳам бериб ўтган.
М.: Сизнингча коронавирус пандемиясига қарши Корея ҳукумати ҳаракатларидан Ўзбекистон қайсиларидан фойдаланиши, қай бирларини такрорламаслиги керак?
М.Х.: Корея пандемиянинг биринчи тўлқинидан жуда тез чиқиб кетганлиги кўплаб нуфузли ташкилот ва давлатлар томонидан эътироф этилди. Менимча, Ўзбекистонда ҳам вирус хавфи борасида Кореядаги каби тушунтириш ишларини янадан фаолроқ ва самаралироқ ташкил этиш керак. Чунки, мамлакатимизда карантин чоралари пасайтирилган кундан бошлаб касалланиш ҳолатлари яна кўпая бошлади. Афсуски, охирги кунларда эса, касалланишлар рекорд даражага чиқди. Касалланишлар сони бундай тез ўсиши иқтисодиётни тўхтатиш эвазига одамларнинг икки ойдан зиёд уйда ўтирганини самарасизликка чиқармоқда.
Билишимча, одамларга вируснинг ҳақиқий хавфи етарлича етказилмаган ёки одамлар буни етарли даражада жиддий қабул қилмаяпти.
Кореяда эса, касалланиш бошланиши билан, ҳукумат вирусдан қандай ҳимояланиш бўйича жуда кўплаб йўриқномалар чиқарди, тарғибот-ташвиқот ишлари фаол олиб борилди.
Шунингдек, одамлар ўзларини ҳимоя қилиш учун онгли равишда ниқоб тақа бошлади. Масофа сақлашга ҳам жиддий эътибор қаратишди.
Ўйлашимча, одамларни карантинда сақлаб ўтиришдан кўра уларга жамоат жойида ўзларини қандай тутиши ҳақида кўпроқ тушунча бериб иш фаолиятига рухсат бериш самаралироқ. Бу йўл иқтисодиёт учун ҳам фойдали.
М.: Янги Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?
М.Х.: Менинг тасаввуримдаги Янги Ўзбекистонда қонун устуворлиги, мулк дахлсизлиги таъминланган, суд-ҳуқуқ тизими ва Марказий банк тўлақонли мустақил фаолият кўрсатадиган, чегарадаги божларнинг ўртача даражаси ҳозиргидан 2-3 марта кам бўлган, бирон бир ташкилотда ишчи ўринлари сонига эмас, балки ишчиларнинг самарадорлигига аҳамият берадиган, иқтисодиётда давлатнинг ўрни кескин камайган, давлат самарасиз ишлаб келган корхоналарга турли хил имтиёзлар бермайдиган ҳамда ялпи ички маҳсулот бўйича аҳоли жон бошига ўртача 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги давлатлар қаторига қўшилган мамлакат сифатида орзу қиламан.
Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди