Бугун давлатларнинг ҳақиқий куч- қудрати шу мамлакатда яшовчи аҳолининг тарбияси, хулқи, масъулияти, маданияти, меҳнатга муносабатида намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам янги Ўзбекистон ўз тараққиёт стратегиясини инсон қадри, маънавияти ва тарбиясини марказга қўйган ҳолда амалга оширмоқда. Ана шундай хайрли ишлардан бири ривожланган давлатларнинг тарих синовларидан ўтган тажрибасини юртимизда жорий этиш бўляпти.
Халқимизнинг “Етти ўлчаб, бир кес” деган мақоли бор. Шунга амал қилиб, ҳар қандай ютуқ бирдан барча ҳудудда татбиқ қилинмай, қайта-қайта синаб кўриляпти. Чунки натижадорлигига ишонч комил бўлгачгина, тажрибани кенгайтириш лозим.
Жамиятни бирлаштиришнинг япон методикасидан фойдаланиш ташаббуси уч йил аввал Фарғона вилоятида йўлга қўйилиб, ижобий натижага эришилган. Энди эса бу тажрибанинг Наманган вилоятида ҳам жорий этилаётгани вақт талаби, жамият эҳтиёжи ва тарбияни замонавийлаштириш йўлидаги мантиқий ривожланиш босқичидир.
Наманган мамлакатимизнинг миллий қадриятлар, одоб, ибрат, меҳр-оқибат ва жамоатчилик ҳисси кучли сақланган ҳудудларидан. Бундай муҳитда япон тарбия технологиялари ўзбек миллий руҳияти билан уйғунлашиб, янада тез ва юқори натижа бериши табиий.
Аҳамиятлиси, мазкур мактабларнинг моддий-техник базаси маҳаллий бюджет ҳисобидан мустаҳкамланаётганидир. Бу ёшлар тарбиясида давлатнинг роли кучаяётганини кўрсатади. Чунки яхши натижа фақат ғояни эмас, зарур шароитни ҳам талаб қилади.
Тарбия ва маънавият нуқтаи назаридан қаралса, япон маданияти — каттага ҳурмат, оилага садоқат, ор-номус, меҳнатсеварлик, тартиб-интизом, жамоа, эл-юртга хизмат қилиш кабилар кўп жиҳатдан ўзбек қадриятларига ўхшайди. Бу фазилатлар ўзбек миллий тарбия сининг ҳам умуртқасидир. Шунинг учун япон методикасини жорий қилиш миллий тарбияни замонавий технологик ёндашувлар билан мустаҳкамлайди. Япон тарбия методикаси шиддатли глобаллашув жараёнида миллий тарбияни, унинг тизимли методикаси, хулқ моделларини сақлаб қолиш маданиятидир. Бу методиканинг Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси билан маслаги битта — ватанга содиқ, маънавий етук, юксак малакали, ҳамкорликка қодир, глобал рақобатда ғолиб бўладиган авлодни тарбиялаш.
Шу маънода, битта мактабдан бошланган бу ташаббус эртага бутун вилоятга, мамлакатга таъсир қиладиган бунёдкор педагогик ҳаракатга айланиши мумкин. Чунки тараққиёт инсондан бошланади. Инсон қандай бўлиши эса тарбияга боғлиқ.
Ҳам иқтисодиёт, ҳам тарбиядан бошланган мўъжиза
“Япон мўъжизаси” ҳам иқтисодиёт, ҳам тарбиядан бошланган. Унинг юксак ривожланиш сирларидан воқиф бўла борганимиз сари Президентимизнинг “Биз янги Ўзбекистонни барпо қилишда кучли иқтисодиёт ва кучли маънавиятга таянамиз” деган ғоялари бот-бот ёдимизга тушади.
Иккинчи жаҳон урушидан мағлуб бўлиб чиққан Японияда кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. 1955 йилдан тарбия ва тарғибот тизимини ислоҳ қилишга киришилди. Бу ислоҳот бир неча йилда янги инсонларни етиштирди. Янги инсонлар “япон мўъжизаси”ни юзага чиқарди. Ишчи-хизматчи, тадбиркор, муҳандис, раҳбар сифатида майдонга чиққан янги Япония ёшлари фақат билимли эмас, балки интизомли, жамоавий, фидойи, масъулиятли, дахлдор, Ватан манфаатини ҳис қиладиган инсонлар эди. Улар Кокутай миллий ғояси талаб қилган фазилатлар билан қуролланганди. Миллий ғоя, миллий тарбия жамиятни бирлаштирувчи маънавий дастак бўлди.
Кекса япон педагоглари билан суҳбатлашсангиз, улар сизга миллий бирлашув йўлида ироданинг этни жунжиктирадиган мисолларини айтиб беради. Иккинчи жаҳон урушидан кейин япон ишчиларида меҳнат, садоқат, Ватанга хизмат қилиш фазилатлари биринчи ўринга чиққан.
Ишчиларга атиги бир парча нон ва пиёзли шўрва берилар, улар 10 соат ишлар, очликдан қўл-оёқларида дармон, қувват қолмас экан. Ана шунда оёқда тура олмай қолган ишчилар цехнинг шифтига арқон ўтказиб, ҳалқа қилиб, қўлтиғи билан осилиб, ишни давом эттирган экан. Бу мисол фақат оғир меҳнат тарихи эмас, балки япон тарбия методикаси халқ характерини қандай шакллантирганининг тарихий исботи ҳамдир.
Албатта, бугун бундай меҳнат шароитини идеал деб қабул қилиш мумкин эмас. Лекин мазкур мисолнинг мазмуни битта: маънавий тарбия инсонни енгилмас қилади.
Бундай бирлашган миллий ироданинг, жамоавийлик, масъулиятнинг манбаси бор, албатта. 1958 йилда Япония ҳукумати ишлаб чиққан тарбиявий йўриқномага кўра, мактаб ўқувчиларига ҳамда ёши катта аҳолига тарғибот-ташвиқот орқали 22 та таянч фазилат тизимли равишда ўргатилган. Бу эса кучли маънавиятни шакллантирган. Ушбу мисол ҳам давлатимиз раҳбари илгари сураётган “Кучли иқтисодиёт + кучли маънавият” ғоясининг тарихий ҳақиқат эканини тасдиқлайди.
Тажриба сири — кўрсатиб ўргатишда
Шу ўринда “Япония. Уни қандай тушуниш керак?” китоби муаллифи Икено Осаму келтирган бир тажриба ҳақида тўхталиб ўтсак.
Япон оналари ва европалик оналарга болалари билан бирга пирамида йиғиш вазифаси берилади. Мана шунда икки хил маданиятга мансуб оналарнинг тарбия методикасини қандай тушуниши яққол кўринади. Япон оналари аввал ўзлари пирамида йиғади, кейин боласига: “Мен каби йиғ”, дейди. Агар бола хато қилса, ҳеч қандай жазо ёки қаттиқ танбеҳсиз, яна бошидан кўрсатади, қайта бошлайди. Европалик оналар эса аввал болага пирамида қандай йиғилишини тушунтиради, изоҳлайди, кейин боладан пирамида йиғишни талаб қилади. Бир қарашда ғарб услуби илмийроқ кўринади — тушунтириш, қоидалар, таъриф. Лекин бундай бўлмайди, япон она-болалари ютиб чиқади.
Чунки бола дунёни оғзаки таърифлар билан эмас, кўз, қулоқ, ҳаракат, тажриба орқали англайди. Унга қоидаларни айтиш мумкин, лекин ўша қоидани қўллаш учун намуна, мисол керак. Шунинг учун япон таълим- тарбияси аввал болага кўрсатади, болада шу ҳаракатни қилиш истагини уйғотади, кейин боланинг ўзи ҳаракат қилади.
Педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов бу ҳолатни япон ва ўзбек халқларининг миллий тарбиясидаги қонуниятлар билан боғлайди: япон онаси миллий тарбия қоидаси — кўрсатиб ўргатишга амал қилган. Европалик она эса бола тушунса, яхши бажаради дея, оғзаки ёндашган.
Япон оналари ўзбек халқининг “Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши” тамойилига амал қилган. Илгари бобо-момоларимиз ўғил-қизларини ўзи билан бирга бозор, ҳашар, тўй-томоша, йиғинларга олиб юрган. Улар ҳатто “тарбия” деган сўзни ҳам кўп ишлатмаган. Кўрсатиб, ўргатган. Аслида, бу тарбиянинг олтин қоидаси — юз марта гапирмай, бир марта кўрсатиб тарбиялашдир.
Сўнгги йилларда бизда ҳам тарбияда оғзаки ёндашув кучайгани сезиляпти. Боладан яхши хулқ кутамиз, лекин ўша хулқ қандай бўлишини кўрсатиб бермаймиз. “Мана бунақа қил!” деб айтамиз. “Нега тушунмайсан?” деб аччиқланамиз. Боланинг қўлига урамиз. Унга танбеҳ бериб, қалбини эзиб, тарбия қилдим деб ўйлаймиз. Аммо бу усул ҳақиқий тарбия эмас, балки тарбияга қарши ишлайдиган руҳий босимдир. Япон методикаси мана шунга қарши туради.
Нега айнан ушбу юрт услуби?
Япония энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олган, ўртача IQ кўрсаткичи бўйича юқори ўринда турадиган, миллий ўзлигини сақлаб қолган ҳолда фаровонликнинг энг юқори даражасига эришган мамлакат. Бу давлат ўз тарихи ва миллий ўзига хослигини сақлашда кўп мамлакатлар учун ибрат ҳамда намуна ҳисобланади.
Кунчиқар юрт тараққиётининг бир муҳим хусусияти бор. У ривожланган давлатлар ютуқларини ўзлаштирган, аммо кўр-кўрона кўчирмаган. Ўрганган, таҳлил қилган, ўз шароитига мослаштирган, кейин жадал жорий этган. Ана шу ёндашув Японияни иқтисодий ва маънавий жиҳатдан улкан тараққиётга олиб чиқди.
1955 йилдан бошлаб Японияда тарбия ва маърифат соҳасида ислоҳотлар кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият принципи асосида йўлга қўйилди. Бу жамиятнинг “Қандай қилиб миллат ўзини йўқотмай, замонавийлашади?” деган саволига жавоб эди. Япония бу саволга машҳур формуласи билан жавоб берди: “Япон маънавияти + Ғарб билими = Япон мўъжизаси”.
Ғарбдан билим, технология, фан ва бошқарув тизими ўрганилди. Аммо миллий қадриятлар, жамоавийлик, меҳнатсеварлик, дахлдорлик, фидойилик, Ватан манфаати учун шахсий манфаатдан воз кечиш каби фазилатлар миллий тарбия орқали мустаҳкам сақланди. Янгиланиш миллий ўзликнинг камайиши эмас, аксинча, миллий характерни кучайтириш ҳисобидан амалга оширилди.
1958 йилда Япония ҳукумати янги миллий тарбия йўриқномасини тасдиқлади. Унда аҳоли ва ёшлар орасида 22 та таянч фазилатни тарбиялаш мақсади қўйилди. Бу фазилатлар шунчаки “одоб-ахлоқ қоидалари” эмасди. Улар, биринчи навбатда, фуқарони билим олиш, меҳнат қилиш, масъулиятни ҳис этиш, жамоат манфаатини биринчи ўринга қўйишга сафарбар қилган ички маънавий драйверга айланди. Ана шу инсон омили 1973 йилда “Япония мўъжизаси”ни вужудга келтирди. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.
Японлар ахлоқий фазилатларнинг асосий қисми 14 ёшгача шаклланишини таъкидлайди. Бу ёш оралиғида инсон характерига пойдевор қўйилади. Шунинг учун Японияда тарбия “бир умрлик вакцина”, дейилади. Бир марта тўғри “эмланса”, инсонда умр бўйи муҳофаза механизми ишлаб туради.
Шундай экан, бугуннинг энг муҳим чақириқларидан бири тарбияни оғзаки шаклдан амалий шаклга ўтказиш, “айтдим” деган таскиндан “кўрсатдим” деган масъулиятга ўтишдир. Ана шу йўл билангина биз ҳам миллий тараққиётимизда маънавий асосни кучайтириб, янги Ўзбекистоннинг янги инсон капиталини тарбиялай оламиз.
Тараққиёт воситаси
Дунёда ҳар бир давлатнинг тараққиёт формуласи бор. Кимдир бу формулани нефть, газ, олтин билан, кимдир портлар, логистика, табиий ресурслар билан изоҳлайди. Аммо XXI аср ҳақиқатини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди: табиий бойликлар эмас, инсон капитали мамлакатни тараққиётга элтади. Инсон капитали эса фақат битта механизм — тарбия билан яратилади.
Шу маънода, Япония тажрибаси нафақат иқтисодий мўъжиза тарихи, балки тарбия орқали миллат характерини шакллантириш ҳақидаги жонли дарсликдир. Унинг сабоғи шундаки, тўғри тарбия фақат ахлоқ эмас, иқтисодий рақобатбардошлик, ижтимоий барқарорлик, давлат хавфсизлиги ва инновацион тараққиётнинг асосий шарти ҳамдир. Мана шундай хулосаларни мустаҳкамлайдиган фактлар, фикрлар ва амалий тавсиялар япониялик педагоглар билан суҳбатларда яна бир бор ўта равшан кўринди.
“Хулқ тартибга солинмаган жойда келишмовчилик одатга айланади”. Дотоку (хулқ ўргатиш) санъати бўйича мураббий, япон педагоги Гото Микаконинг биз билан суҳбатда айтган қуйидаги фикри ҳар қандай жамият учун жуда қаттиқ огоҳлантиришдир: “Бугун дунё болаларининг хулқи тартибга солинмаган. Ўзини қаерда, қандай тутишнинг маромий хулқ моделлари болаларга кўрсатилмаган, машқ қилдирилмаган, уларнинг автоматик, проактив одатларига айлантирилмаган”, дейди у.
Микаконинг таъкидлашича, “ўқитувчи — ўқувчи”, “ўқувчи — ўқувчи”, “ота-она — фарзанд”, “ака — ука”, “опа — сингил”, “фуқаро — фуқаро”, “эр — хотин”, “ватандош — ватандош” ўртасидаги келишмовчиликлар уларга маромий хулқ моделлари ўргатилмаганидан келиб чиқади.
Япон педагоги болаларга билимдан олдин фазилат бериш керак, акс ҳолда, бу болалар катта бўлгач, ҳамкорлик қилиш, жамоада ишлаш, тил топишиш, муваффақиятли шахсга айланиш йўлида тўсиққа учрайди дейди. Бу эса фақат бир бола ёки оиланинг муаммоси эмас, балки мамлакатнинг ижтимоий-маънавий муҳитига таъсир қилувчи стратегик муаммо.
Бу фикрни тўғри англасак, ҳақиқат оддий: ҳар бир келишмовчиликнинг илдизида қоидалар эмас, амалий кўникма етишмаслиги ётади. Аслида, бола қайси вазиятда нима дейиш, қандай тинглаш, қандай сўраш, қандай рад этиш, қандай узр сўраш, қандай сабр қилишни тушуниш орқали эмас, кўриб ва такрорлаб ўрганади. Агар у бундай хулқ моделини кўрмаса, машқ қилмаса, хулқи автоматлашмайди. Автоматлашмаган, беқарор хулқ стресс пайтида бузилади. Бузилган муносабат эса зиддиятга айланади. Зиддиятлар одамларни, халқни бирлаштирмайди, аксинча, пароканда қилади.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш, халқимизни бирлаштиришга даъват этди. Биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. Жумладан, “Донишманд боболаримизнинг “Бирлашган — ўзар, бирлашмаган — тўзар” деган ҳикматли мақоли бор. Чиндан ҳам, қаранг, кимки бирлашди — ҳаётда ўзди, ғалабага эришди. Кимки бирлашмади — тўзиб, йўқ бўлиб кетди. Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, аввало, бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила — оилага, қўшни — қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак”, деди.
Мана шу масалада ҳам миллий бирликнинг япон тажрибасига ҳамма тан беради. Таҳлил қилинса, бу миллий бирлик ҳам тарбия натижаси бўлиб чиқади.
Елпиғичдаги код
Япон педагоглари ўзбекистонлик ҳамкасбларига чиройли елпиғич совға қилди. Маълум бўлишича, бу оддий совға эмас, педагогик совға экан. Улар елпиғични тарбиянинг теран фалсафаси сифатида талқин қилиб, бундай деди: “Тарбия — елпиғичнинг дастаги. Фанлар — елпиғичнинг бурмалари”, деб тасаввур қилинг. Барча фан тарбиядан бошланади, тарбияга бориб уланади. Уларни тарбия — дастак тўплаб, йиғиб, бирлаштириб туради. Агар тарбия бўлмаса, улар сочилиб кетади. Шунинг учун болалар боғчаси, мактаб, аввало, тарбия билан шуғулланиши керак. Ана шунда болаларга “Яхши ўқи”, “Китоб ўқи”, дейишга зарурат қолмайди. Чунки тарбияли бола ёмон ўқишдан уялади, ор қилади”.
Аслида, бу — бутун таълим тизимини қайта қурадиган принцип. Агар ҳар бир фаннинг якуний манзили фазилат бўлса, демак: математика фақат ҳисоблаш эмас, аниқлик, сабр, масъулиятни тарбиялайди; адабиёт фақат матн эмас, эмпатия, эстетик дид, миллий идрокни шакллантиради; тарих фақат сана эмас, дахлдорлик, ватанпарварлик, хулоса чиқаришга ўргатади; жисмоний тарбия фақат машқ эмас, ирода, интизом, жамоавийлик, миллий бирлашувни мустаҳкамлайди.
Бугун Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мақсадлари, инсон капиталига қаратилган дастурлар ижроси учун япон елпиғичи методикаси жуда зарур. Чунки бу методика бизга “Қандай қилиб ёшларнинг билим, компетенцияларини миллий мақсадга йўналтириш мумкин?” деган глобал саволга жавоб беради.
Ечим тарбияни “қўшимча иш” эмас, педагогик жараённинг марказий мақсади сифатида ташкил қилишда. Япония методикасининг кўрсатгани шу: тарбия марказ бўлса, таълим сифати ўз-ўзидан ошади. Чунки ўқувчилар ўзидаги меҳнатсеварлик, инновацион фикрлаш, ирода, тиришқоқлик кўникмаларини билим олишга қаратади. Ёмон ўқишдан ор қилади.
Орамизда “Тарбияни қўй. Билим олса бўлди”, дейдиганлар ҳам бор. Уларга улуғ алломаларимизнинг мана бу фикрини эслатамиз: “Тарбияламай берилган билим телбанинг қўлига берилган қиличдир”. Бу нима дегани? “Тарбиясиз аълочи” ўз билимини шахсий ғаразда, бошқаларнинг зарарига, коррупция мақсадида ишлатади. Бу билан халқининг тинкасини қуритади.
Шунинг учун япон методикасидан фойдаланиб, ҳалол-пок, Ватанга содиқ фарзандларни етиштириш Ўзбекистон учун қатор муҳим натижаларни кафолатлайди.
Аввало, мактаб муҳити соғломлашади: “ўқитувчи — ўқувчи”, “ўқувчи — ўқувчи” зиддиятлари камаяди, чунки хулқ моделлари машқ қилинади.
Иккинчидан, Soft skills (юмшоқ кўникмалар) тизимли шаклланади: жамоада ишлаш, мулоқот, келишиш, масъулият, лидерлик каби кўникмалар “параллел” эмас, “асосий” натижага айланади.
Учинчидан, илмга муносабат ўзгаради: бола “ўқиш керак” деган босим билан эмас, “билмаслик — мен учун уят” деган ички, тарбиявий нозир, виждон йўриғи билан ҳаракат қилади.
Тўртинчидан, жамиятнинг ижтимоий- маънавий муҳити мустаҳкамланади: тарбия мактабдан ташқарида, маҳаллада, оилаларда бир хил тушунилади ва маҳаллани ривожлантиради, жамиятни юксалтиради.
* * *
Хуллас, нафақат Япония, балки Шарқнинг “йўлбарс давлатлари” ўз тараққиётининг бошида иқтисодий инновациялар билан бир қаторда дунёдаги энг кучли таълим-тарбия технологияларини олиб келган, модификация қилган ва шундан кейин юксалган.
Ўзбекистон ҳам ана шу синалган йўлдан бормоқда. Бугунги глобал конвергент ёндашув миллий маънавиятни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириб, “Миллий тарбия + юксак технологиялар = Ўзбек мўъжизаси” тарзида тараққиётга хизмат қилдиради.
Япон елпиғичи бизга бу тарихий ҳақиқатнинг рамзи бўлиб қолади. Яъни мажозий айтганда, фанлар бу — бармоқлар. Бармоқларни бирлаштирадиган дастак эса тарбия. Шу дастакни мустаҳкамласак, таълим, иқтисодиёт, жамият пароканда бўлмайди, бирлашади. Мурожаатномада қайд этилганидек: “Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу — демократиянинг бирламчи талаби. Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл- юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир”.
Бу дастурий фикр мамлакатимиз етакчисининг ватанпарвар бирликка қаратилган тўғридан тўғри, стратегик талабининг олий ифодаси. Шундай экан, мана шу ватанпарвар бирликни ташкил этишнинг илмий-методик тарбия асосларини жаҳон тажрибаси асосида бойитиб бориш ҳар бир педагогнинг касбий масъулияти бўлмоғи керак.
Отабек БОЗОРОВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори