Бу оламда яшар эканмиз, ҳар биримиз ўз олдимизга эзгу мақсадларни қўйиб, кўнгилга яхши ниятларни жамлаб яшаймиз. Ҳар бир одамнинг хоҳиши, орзуси ва ҳаттоки армонлари ҳам турлича бўлади. Бахт ҳақидаги тушунча ва бахтсизлик ҳақида хулосаларимиз ҳам турфа.
Аммо фарзандларимиз келажаги ҳақида сўз юритганда, хулосамиз битта нуқтага бориб тақалади. Бу — Халқ таълими. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, миллион-миллион юлдузлар “Халқ таълими” деган сайёра атрофида айланади.
Дунё таниган донишманддирмиз, аммо мактаб олдида ўқувчимиз
Дунёга донғи кетган сахийдирмиз, бойдирмиз, аммо ёш авлодга мактаб каби улкан хазина — илм, маънавиятни беролмаймиз. Ҳар ойда, ҳафтада тўпланиб, ресторанлар, кафелар, кўнгилочар жойлар, томошалар, қанча базму жамшидларга бориб, фароғат истаётган кўнгилларимиз кўчаларини мактаб сари бура олсак қани эди. Дўстлар, синфдошлар, курсдошлар, маҳалладошлар, ҳамкасблар тўпланиб, мактабларга ташриф қилишга куч, вақт топа биламизми? Синф хонасига ҳеч йўқ ойда бир марта эгилиб кира олсак, эртамиз эгаларининг мактаб кутубхонасига ташрифини кузатсак ва жўяли хулоса қилсак эди...
* * *
“Тошкент жадидчиларининг отаси”, дея ном олган Мунавварқори Абдурашидхонов маҳбусликда бир аризасини шундай ёзган экан.
Маҳбусдан ариза (1930 йил)
Восточний отдел уполномочени ўртоқ Агидулинга
таржимаси: ўртоқ Карутскийга, ҳам Московдан келган ўртоққа.
“Бу жаҳолат хоҳишидирки, миллат фойдаси учун жонини қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидан чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар”.
Бу мактубнинг бир қисми холос. Уни ўқиб туриб, жадидчи бобомиз фақат миллатимиз эшитиши керак бўлган бу гапларни аризанинг орасига нега қўшди экан, деб ўйлайман.
Ҳамма замонларда бўлганидек, умрни миллат фойдасига, иқтидорини илм йўлига эмас, маишатга ишлатган арслонкелбат йигитлар кўп бўлган. Яна бир гап: Мунавварқори турмадаги бу хату ҳужжатлар архивларда сақланишини олдиндан билган ёки сезган. Шунинг учун йиллар оша бу мактублар авлодлар қўлига тегса, улар ҳам ўқисинлар ва кечирилмас хатоларга йўл қўймасинлар, деган бўлса керак.
Маърифатпарвар жадидларимиз бутун ҳаётини миллатни уйғотмоқликка бахш этиб, бу йўлдаги азоблардан ортга чекинмаган. Улар мактаблар очган, дарсликлар ёзган, минг машаққат ила газеталар чоп этган. Театр труппаларини ташкил қилиб, спектакллар ҳам қўйган. Бироқ уларни бу эзгу ишларидан маҳрум этмоқчи бўлган кимсалар минг бир туҳматлар билан маърифатпарвар боболаримизни қатағон қилган, турмаларга ташлаган, шафқатсизларча азоб-уқубатларга гирифтор қилган.
Маънавият нури сари чорлаганлар
Бизнинг жадид боболаримиз очлик ва касалликдан тинкалари қуриб, устухонлари чўпдек бўлиб қайтиб келса-да, яна маърифат гулшанини ёқишга интилган, мактаблар очиб, газеталар чоп этган.
Уларнинг қўлёзмалари йўқ қилинган, нашриётларига қулф урилган, Мактабларига ўт қўйилган, газеталари ёқиб ташланган. Хатарлар, хиёнатлараро кечган ҳаёти ҳамиша ўлим хавфи билан ёнма-ён турган. Лекин улар ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам илму маърифат йўлида собит турган. Шеърлар ёзиб, кенг майдонларда сўзга чиққан, миллатни, халқни маърифат, маънавият нури сари чорлайверган.
Мунавварқори Абдурашидхонов, Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий, Ибрат, Сўфизода, Ҳамза, Шакурий, Ажзий, Убайдулла Асадуллахўжаев, Тошпўлат Норбўтабеков, Файзулла Хўжаев, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобоохун Салим ва бошқа яна қанча-қанча азизларнинг қисмати шу эди.
Биз-чи? Биз нима қиляпмиз?
Одатда, ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактабдан битта ҳам ўқувчи бу йил олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган бўлса, бунинг учун, аввало, мактабни айблаймиз. Яшаётган маҳалламиздаги бирон ўқувчи жиноят қилса, ота-онасидан олдин мактаб директори, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, синф раҳбари ички ишлар бўлимига чақиртирилади.
Ярим кечаси бўлса ҳам шу мактабнинг мутасадди раҳбарлари жавобгар сифатида масъулиятни зиммасига олади. Улар орқали боланинг ота-онасига хабар юборилади. Ота-она келганида ҳам, гарчи воқеа мактабдан ташқарида бўлган бўлса-да, мактаб маъмуриятига чора кўрилади. Нега шундай? Қани жамоатчилик? Фарзандининг қаердалигини билмайдиган ота-онага ўз бурчи ва масъулиятини ким тушунтиради? Қўни-қўшнининг бефарқлиги ва томошабинлиги қачон тугайди?
Илм даргоҳига, устозларга ҳурмат кўрсатишда ўрнак бўлишимиз, мактаб муқаддас бир макон эканлигини тушунтиришимиз шарт.
Виждонимиз қийналмайдими?
Биз, боласини ўқитиш учун ўз уйини сотиб, эскириб кетган улови ичида яшаётган бир ҳиндчалик эмасмизми? Қизчасини совуқда мактабга олиб бориб келиш учун, ўзига хос ихтиро: митти уйчани велосипедга ўрнатган сенегаллик отачалик келажакка ишончимиз йўқми? Ёки ўзи оёқяланг юриб боласининг олий ўқув юртида ўқишига пул топиб берган африкалик деҳқончалик тафаккуримиз йўқми?
Ваҳоланки, боласини отига миндириб қорли тоғ йўлларию қирлар оша ҳар кун мактабга олиб келган ва ҳар куни олиб кетган бизнинг ота-боболаримиз эдику?! Ўғил-қизлари мактабга кийиб бориши учун бор йўғини сарфлаб, уларга қишки кийим олиб бериб, ўзи қаҳратон қишда қирқ ямоқ чопон кийган оталаримиз руҳи олдида виждонимиз қийналмайдими?
Бола тарбияни аввало оиласида олади. Ўша тарбия билан мактабга келади. Агар тарбияда норасоликка йўл қўйган бўлсак, ўқитувчиларга қийин бўлади. Унинг тарбиясизлиги беҳаёликка, ҳаёсизлиги суст эътиқодга, маънавий мажруҳликка олиб келади.
Баъзи оилалар бола тарбиясини бутунлай мактаб ва ўқитувчилар зиммасига ташлаб қўйди. Уй вазифаларини бажармайдиган, дарсда синфдошларига халақит бериб, ўқитувчини ҳақорат қиладиган, дарсдан қочадиган айрим ўқувчиларнинг яқинлари мактабга чақирилса — бормайди. Ота-онани излаб, уларнинг уйига келган ўқитувчиларга жавоби ҳам тайёр: “Мен боламни боқиш учун тиним билмай ишлаб юрибман”.
Барака топгур, ҳатто ҳайвонлар ҳам боласини боқади — қушлар полапонига тумшуғида емак тутади, чумолилар уйларига дон ташийди... Тўғри, сиз ҳам ишлайсиз, ҳориб ишдан қайтасиз ва уйга келиб ором оласиз.
Лекин фарзандингизга таълим бераётган ўқитувчилар ҳам куни бўйи тик оёқда туради. Ҳар куни 30-40 нафар ўқувчининг билимини ошириш, тафаккурини кенгайтириш учун кечгача дарс ўтади, ҳар бир боланинг характерига мослаб алоҳида тарбиявий ёндашади.
Яна қанча қоғозбозликларга жавоб ёзиши, тўгарак ишларини олиб бориши, ўқувчиларни ўз фани бўйича олимпиадаларга тайёрлаши керак бўлади. Бундан ташқари, ўзи раҳбар бўлган синфдаги оиласи нотинч ҳар бир хонадонга бориши ва уларнинг ғайриоддий гап-сўзларига чидаши, айни пайтда, ўша оиланинг маънавий муҳитига ижобий таъсир ўтказиши лозим бўлади.
Қалби уйғоқлар бошқаради
Қайсики ўқувчи ўз ўқитувчисини ҳурмат қилмас экан, бошқаларга ҳам беписанд муносабатда бўлади. Қалбида устозга эҳтироми йўқ ўқувчи ҳурматсизликка, беписандликка кўникиб бораверади. Бу эса охир-оқибат уни тубсиз жарга етаклаши муқаррар.
Ўқитувчининг ҳам ўз оиласи бор. У шунча ўқувчига билим, таълим-тарбия бериш баробарида фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратиши керак бўлади. У ўз уйида меҳрибон, ғамхўр ота-она, керак бўлганда ҳамшира, ошпаз, фаррош, тикувчи, ўрни келса, боғбон ва деҳқон бўлишга мажбур.
Ўқитувчи ҳам иссиқ жон: бетоб бўлиши, оғриши бор. Шундай бўлса-да, бу касб эгалари ўз соҳасини жуда севади. Ўтаётган умридан ва қилаётган хизматидан рози бўлиб яшашга интилади. Мактабсиз, ўқувчиларисиз кунларини тасаввур қила олмайди. Ҳа, улар шундай фидойи касб эгаларидир.
Жорий йилнинг 28 январь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантирш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари мактаб таълими ҳаёт-мамот масаласи эканлигини таъкидлаш баробарида, мактаб таълимини ислоҳ қилиш Кенгашлари тузилишини билдирди ва уларга “шахсан ўзим раҳбарлик қиламан”, дея таъкидлади.
Йиғилишда сўзга чиққан Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 300-мактаб директори Нигора Саидхўжаева эса Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси” унвони билан тақдирланди.
2020-2021 ўқув йилида мазкур мактаб битирувчиларинг 82 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Бу юксак унвон 5 мингдан ортиқ ўқувчиларга таълим бераётган 300-мактаб педагогик жамоасининг ва юртимиздаги барча ўқитувчиларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
— Бу соҳа ислоҳотларини кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Бунга барча эътиборимизни сафарбар қиламиз. Қийин йўлни танлаяпмиз, лекин шу йўл муаммоларни ечади, — деди Президентимиз.
Ҳа, Халқ таълимининг билим жавоҳиротлари ортилган карвони бир дунё эзгу мақсадларни ортмоқлаб, нурли манзиллар сари йўлга чиқди. Бу йўлни босиб ўтмоқ осон эмас. Уни фақатгина қалби уйғоқлар бошқаради.
Зеро, аллома Абдулҳамид Чўлпон айтганидек, ҳамма замонларда ҳам “Миллатни уйғотиш — уйғонганларнинг вазифасидир”.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира