Бугун Янги Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни жалб этишда янгича ёндашув ва механизмларни жорий этиш ғоят долзарб. Ушбу йўналишда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, инфратузилма тармоқларини такомиллаштириш, йирик инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришда халқаро ташкилот ва инвестиция компанияларининг молиявий ресурсларини жалб қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Жаҳонда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция салоҳиятини оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши соҳадаги ишларни сифат босқичига олиб чиқишда муҳим омил бўлади. Жумладан, мамлакатнинг баъзи ҳудудларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида бошқаришнинг янгича механизмини жорий қилиш иқтисодий тараққиёт ва инвестициявий муҳит жозибадорлигини яхшилашга хизмат қилади.

Кучли рақобат ва глобаллашувнинг жадал суръати “миллионли шаҳар”лардаги инвестиция муҳитини равнақ топтиришда катта аҳамиятга эга. Ҳозир Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар сони 7 тага етган. Юртимизда пойтахт Тошкент шаҳри билан бир қаторда бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланмоқда. Улар орасида Самарқанд ва Наманган ҳам бор.

Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони миллион нафарга етмоқда. Президентимизнинг Мурожаатномасида мазкур йирик шаҳарларни “ўсиш нуқталари”га айлантириш, алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклиф қилингани бежиз эмас. Чунки юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида иккала шаҳарнинг ҳам муносиб ўрни бор. Айни пайтда Самарқанд шаҳри аҳолиси 1 миллион 18 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Шаҳарда яшовчилар сони миллиондан ошгани инобатга олиниб, ҳозир “миллионли шаҳар” концепцияси амалиётга татбиқ этилмоқда. Бутун дунёда “миллионли шаҳар”лар ўзига хос мақом ва мавқега эга. Ҳар қандай инвестор, бизнес доира вакиллари мамлакатнинг алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликларига инвестиция киритишдан аввал аҳоли сони ҳақидаги маълумотларга мурожаат этади.

Яъни шаҳарнинг меҳнат ресурслари мавжудлиги борасидаги инвестициявий жозибадорлиги баҳоланади. Чунки етарли аҳоли сони ва меҳнат ресурслари юқори даражадаги истеъмол, талаб даражасини шакл лантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, “миллионли шаҳар”лар инвестициявий жозибадор ҳисобланади. Бу эса мамлакат иқтисодий салоҳиятига ҳам таъсир этувчи омиллардандир. Россия Федерациясида 15 та, Қозоғистонда 3 та “миллионли шаҳар” бор. Ваҳоланки, Ўзбекистонда аҳоли сони 36 миллиондан ортиқ бўлишига қарамай, шу пайтгача мамлакатимизда биргина Тошкент шаҳри “миллионли шаҳар” ҳисобланарди.

Айрим мамлакатлардаги “миллионли шаҳар”лар (масалан, Чимкент, Красноярск, Олмаота) таҳлил қилинганда, уларнинг майдони, аҳолиси сони ва зичлиги Самарқанд шаҳри аҳолиси сони ва зичлигига тенглиги, ҳатто ундан паст экани маълум бўлди. Ушбу таҳлиллардан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳрини ҳам “миллионли шаҳар”лар рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир этиш билан бирга, инвестициялар мобиллигини таъминлашдаги рақобатбардошлигини оширади.

Самарқанд шаҳрига чегарадош Самарқанд, Пастдарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманларининг айрим аҳоли пунктлари, шунингдек, доимий рўйхатдан ўтмаган аҳоли ва талабалар ҳисобига ҳудуд аҳолиси сони миллиондан ошиши шубҳасиз. Шаҳар ҳудудини 5 та туманга бўлиш режалаштирилган. Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу туманларнинг асосий драйвер соҳалари шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Масалан, Сиёб туманида асосий туристик инфратузилма объектлари жойлашган. Ҳудудни ривожлантиришнинг асосий драйвери — туризм соҳаси ва тармоқлари, тарихий обидалар, ҳунармандлик, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналари. Маъмурий биноларнинг шаҳар четига кўчирилиши натижасида туристик инфратузилма объектлари сони янада ошади. Маданий мерос объектларига туташ ҳудудда жойлашган хонадонлар туризм соҳасига ихтисослаштирилади. Қўшимча туризм инфратузилма объектлари барпо этилади.

Қўшимча драйвер — саноат тармоқлари, хусусан, фармацевтика, электротехника ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш туфайли ҳудуднинг саноат соҳасидаги салоҳияти ҳам ортади. Боғишамол туманида инновацион таълим, бизнес ва хизмат кўрсатиш марказлари жойлашган. Ушбу ҳудуднинг асосий драйвери инновацион таълим, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасидир.

Шу боис, технопарк, инновацион ғоялар маркази, кўнгилочар объектлар, савдо марказлари, ресторанлар, инновацион ғоялар, тадбиркорлар ва олимлар ўртасида онлайн мулоқот майдони ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ҳудуднинг қўшимча драйвери тўқимачилик, машинасозлик ҳамда металлургия соҳалари бўлиб, инновацион технологияларни киритиш ҳисобига ортиқча вақт ва ресурслар сарфини кескин қисқартириш имконияти юқори. Сўғдиёна тумани кимё саноати, транспорт логистикаси ривожланган, қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этиладиган ҳудуддир.

Бу ерда эътибор кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналарни барпо этиш орқали саноатни ривожлантиришга қаратилади. Ҳудуд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилмага эга. Самарқанд кимё заводига туташ бўлган собиқ полигондан камида 100 гектар ер ажратиб, туман саноатини диверсификация қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини сақлаш учун сиғими 15 минг тонна бўлган қўшимча 6 та замонавий музлаткичли омборхона ташкил этиш ижобий самара беради.

Мароқанд тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлиб, асосий драйвери озиқовқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишдан иборат. Ушбу тармоқларнинг равнақ топиши валюта тушумини кўпайтириб, хорижий инвесторлар иштирокидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Кичик саноат зоналари, узумчилик, иссиқхона, агрологистика маркази, паррандачилик йўналишларини ривожлантиришга эришилади.

Эшкак эшиш канали ҳудудида ташкил этилаётган конгресс холл ва йирик меҳмонхоналардан иборат замонавий туристик мажмуа ва унга туташ ҳудудда “Конигил — туризм қишлоғи” лойиҳаси ҳисобига туристик салоҳият ҳамда хизматлар монетизацияси янада ошади. Янгикент (Зарафшон, Қорасув массиви) туманига “йўлдош шаҳар”, “Ақлли шаҳар” мақоми берилиб, ҳудуднинг асосий драйвери инновацион технологиялар ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришни назарда тутади. Унинг асосий драйверлари негизида кичик ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари, технопарклар фаолиятини йўлга қўйиш орқали инвестиция муҳити ва инновацион салоҳиятни ривожлантириш имконияти юзага келади.

Туманда хизмат кўрсатиш, жумладан, замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш объектлари, истироҳат боғлари ҳамда аҳоли ва сайёҳлар учун кўнгилочар масканлар барпо этиш, спорт мажмуалари, кинотеатрлар, аквапарк, гольф майдонлари ташкил этиш режалаштирилган. “Миллионли шаҳар” концепциясини амалга ошириш йирик инвестициявий салоҳиятга эга халқаро меҳмонхона (Hilton, Marriott, Hyatt, Wyndham, Accor, IHG), фастфуд (McDonald's, Subway, Burger King, KFC, Starbucks) ҳамда люкс (Louis Vuitton, H&M, Zara, Gucci, Chanel, Dior) брендлари учун фаолият юритишга қулай имкониятни тақдим этади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирлар орқали шаҳарда хизмат кўрсатиш соҳасининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмидаги улушини 19,8 фоиздан 2040 йилгача 46,5 фоизга, аҳоли жон бошига кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1524 АҚШ долларидан 3700 АҚШ долларига, мазкур тармоқда иш билан бандлик даражасини 55 фоиздан 70 фоизга етказиш прогноз қилинган. Келгусида миллионли шаҳарга айланадиган Самарқандда туризм инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, 2025 йилга қадар меҳмонхоналар сонини 163 тага, меҳмон уйлари сонини 472 тага, ҳунармандлик ва сувенир дўконлари сонини 459 тага кўпайтириш мақсад қилинган.

Ушбу режалар асосида шаҳарга ташриф буюрувчилар сонини 4 миллион нафарга етказиш орқали туризм хизматлари экспорти 526,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Соҳада 12400 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш, туроператорлар сонини 630 тага етказиш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Аҳоли хонадонларини туризм соҳасига ихтисослаштириш орқали халқнинг моддий манфаатдорлик даражасини ошириш ҳам режалаштирилган. Туризм фаолиятига жалб этиладиган аҳоли хонадонлари сонини 20 фоиздан 50 фоизга етказиш натижасида 3036 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади.

Режадаги чора-тадбирлар, мақсадли кўрсаткичлар 2025 йилда туристик хизматларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 6,8 фоиздан 16 фоизга оширишга замин ҳозирлайди. Яратиладиган қулай туристик инфратузилма салоҳияти сабабли юртимизга келадиган ҳар бир сайёҳнинг ўртача харажати 287,5 АҚШ долларидан 387 АҚШ долларига ошади. Натижада 2025 йилга бориб, туристик хизматлар экспорти ҳажми 161 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард 548 миллион АҚШ долларига етади.

Шунингдек, асосий драйвер соҳалар эвазига Самарқанд шаҳрининг саноат салоҳияти 2025 йилда 44,5 фоиздан 48,7 фоизга, ишлаб чиқариш корхоналари сони 1533 тадан 2288 тага, ишлаб чиқариш ҳажми эса 7218 миллиард сўмдан 1 триллион 2579 миллиард сўмга етиши прогноз қилинган. Бунда машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника саноатининг етакчи тармоқларга айланиши натижасида шаҳарнинг саноатлашув даражаси ортади.

“Миллионли шаҳар” концепциясининг ижобий самараси ўлароқ, Самарқанд шаҳрининг инвестициявий салоҳиятини 88,2 миллион АҚШ долларидан 2025 йилда 644 миллион, 2030 йилда 938 миллион, 2040 йилда 1 миллиард 848 миллион АҚШ долларига етказиш орқали шаҳарнинг инвестициявий имконияти ортади, асосийси, ҳудуд аҳолиси фаровонлиги, моддий ва ижтимоий таъминоти янада яхшиланади.

Бугун жаҳондаги демографик жараёнлар ва таркибий ўзгаришлар ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларига бевосита таъсир этмоқда. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақа бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши 27,6 ёшни ташкил этади. Минтақа аҳолисининг 50 фоизга яқини Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади.

Ўз навбатида, келгуси беш йилликда ёшларнинг илмий, касбий ривожланиши, саломатлиги мустаҳкамланиб, иқтисодий имкониятлари кенгайиши учун ажратиладиган сармояларни демографик дивидендга йўналтириш борасида мамлакат ва ҳудудлар олдига янгидан-янги вазифалар қўйилади. Аҳоли зич жойлашувига қарамай, Наманган вилоятида бизнес доира вакиллари орасида йигит-қизларнинг улуши юқори. Айнан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ёшлар саноат зоналарида амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига ҳудудлар орасида вилоят етакчи.

Наманган вилоятида жами 19 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган. Уларда умумий қиймати 573,7 миллиард сўмлик 150 та инвестиция лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилган. Улар ҳисобига 5 647 та янги иш ўрни очилган ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулот  ҳажми 21,3 миллиард сўмни ташкил этган. Ёшлар саноат зоналарида мебель, қоғоз, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, тўқимачилик каби соҳалар инвестицияларни жалб этишга асосий драйвер вазифасини ўтади. Тўқимачилик саноати бўйича 44 та йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани 2261 та янги иш ўрни ташкил қилиш имконини берди.

Шунингдек, етакчи саноат тармоқларидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида умумий қиймати 70,4 миллиард сўмлик жами 30 та инвестиция лойиҳаси бўйича 5,3 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди. Истиқболда ушбу саноат зоналарида умумий қиймати 1  триллион 481,9 миллиард сўмлик жами 434 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни самарали рўёбга чиқаришда тадбиркорлик салоҳияти юқори бўлган Наманган шаҳри анча фаол.

Бунга биргина мисол шаҳарда жойлашган Давлатобод туманидаги ёшлар саноат зонаси. Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ушбу туманга асос солинди. Унинг майдони 4 минг 686 гектар бўлиб, Наманган шаҳри ҳудудининг 26 фоизини ташкил этади. Туманнинг 26 та маҳалласида 150 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Давлатободда 421 та кўп қаватли уй, 18 та мактаб, 24 та болалар боғчаси, 5 та тиббиёт муассасаси, “Юксалиш” ва “Орзу” кичик саноат зоналари, “Навбаҳор” стадиони, “Афсоналар водийси” боғи, 5 та замонавий меҳмонхона ва 700 га яқин хизмат кўрсатиш объекти жойлашган. Давлатобод туманига тааллуқли статистик маълумотлар асосида айтиш мумкинки, ҳудудда ёшлар сони жадал ўсяпти. 2020 йилда уларнинг сони 17 минг 445 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил 13,2 фоиз ортган. Бу, ўз навбатида, тумандаги ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини англатади.

Шу мақсадда Халқ депутатлари Наманган шаҳри кенгаши қарори асосида Давлатобод туманининг “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва инвестициявий фаоллигини оширишда туманнинг 2022-2026 йилларга белгиланган инвестиция дастури доирасида жорий йилда 87,3 миллион АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестиция жалб этилган. Мазкур кўрсаткични 2026 йилда 110,4 миллион долларга етказиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.

Чет эл инвестициясини ўзлаштириш ва ёшлар бандлигини таъминлашда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари муҳим аҳамиятга эга. Наманган шаҳри ҳудудидаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси 30 гектар майдонда жойлашган. Унда ҳозиргача 30 та лойиҳа тўла бажарилган, яна 30 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 402,1 миллиард сўмни ташкил этади. Қилинган ишлар натижасида 3 минг 295 та янги иш ўрни очилган. Эътиборлиси, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларининг 92 фоизидан ортиғи ёш тадбиркорлик субъектларининг шахсий маблағи ҳиссасига тўғри келади.

Миллионли ҳудудларнинг маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тўғридан-тўғри республика бўйсунувига ўтказилиши Самарқанд ва Наманган шаҳарларидаги йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ресурслар оқимини фаоллаштириш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик  салоҳиятини янада оширишга пухта замин ҳозирлайди.