Президентимиз қайд этганидек: “Ҳозирги глобаллашув даврида, инсон онги ва қалби учун кураш кучайган бир пайтда турли ғоявий таҳдид ва хуружлар жамиятимизнинг маънавий ҳаётига таъсир кўрсатишнинг кучли қуроли сифатида намоён бўлмоқда”. Бинобарин, мафкуравий хуружлар инсон эътиқодига, турли дин, миллат ва элатлар ҳамжиҳатлигига раҳна солиш орқали сиёсий таъсир доирасига олиш воситасига айланиб қолаётганини инкор этиб бўлмайди. Зеро, бугунги кунда дунёда шиддатли кечаётган бундай жараёнлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига, жумладан, маънавий-мафкуравий соҳаларга ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда. Шундай мураккаб шароитда тинчлик, барқарорликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, юртимизда мафкуравий хуружларга қарши маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини ошириш, мазкур соҳадаги ички ва ташқи таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш борасида жиддий фикрлаш тақозо этилмоқда.

Жаҳон геосиёсий майдонида глобаллашув жараёнлари қучайиши ҳамда замонавий ахборот технологиялари жадал ривожланиши кескин бурилиш ясамоқда. Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида кечаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолаётганини кўрсатаётир. Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятлар емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатлар илдиз отишига замин яратмоқда. Натижада одамзотнинг ўз тарихий, диний, миллий-маънавий илдизларидан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат жаҳондаги кўплаб давлатларда умумий тенденцияга айланиб бормоқда.

Глобаллашув шароитида мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олаётгани огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда. Дунё миқёсида юз бераётган энг хавфли ёвуз иллат мафкуравий хуружлар ўзга бир давлат фуқароларининг қалби ва онгини забт этиш, мафкурасидан воз кечтириш орқали “ўзгача” мафкураларни онгига сингдиришда намоён бўлмоқда.

Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда маънавий тубанлик таъсири оқибатида маданиятсизлик, эътиқодсизлик каби қатор “таълимотлар” ошкора, баъзан эса яширин тарзда тарғиб этилмоқда. Натижада миллий руҳ, миллатнинг ўзига хослиги ва асрий қадриятларини зимдан емиришга замин яратилмоқда.        

Ёвузлик, жаҳолат инсонни ва жамиятни тубанликка бошловчи, одамларни ғаразли ният ва қабиҳ мақсадларга ундовчи мафкуравий хуружлар доимо инсоният учун хатарли ҳисобланган. Инсонпарварлик тамойилига зид бўлган, жамиятда парокандаликни вужудга келтириш орқали бир миллатни бошқасидан устун қўядиган, олий ирқ даъвосида бошқа халқларни қирғин қилишга чақирадиган ёвуз ғоялар мафкуравий хуружлардир.

Шу ўринда бу хуружлар муайян кучлар томонидан кишилар қалби ва онгига ёт ғояларни сингдириш мақсадида уларнинг ҳиссиётлари, эътиқоди ва туйғуларига таъсир кўрсатишда жамият турмуш тарзи ва менталитетдаги ўзгаришларни теран англаган ҳолда ғоявий-мафкуравий, руҳий таъсир ўтказишда ноанъанавий ва нохолис усулларидан фойдаланиб ўзларининг ғаразли мақсадларини “пухта” режалар асосида амалга оширишини англаш лозим. Мафкуравий хуружлар шахсга, муайян ташкилот ва давлатга йўналтирилади, унинг асл мақсади ўша шахс, ташкилот ва давлатнинг нормал ҳаёт тарзи бузилишини назарда тутган сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг ғаразли ниятларидан келиб чиқади.

Ўз навбатида, мафкуравий хуружлар инсон, жамият тушунчалари доирасидан чиқиб кетиб, яхлит инсоният, бутун кишилик тақдири билан боғлиқ глобал масалаларни ҳам қамраб олади. Ушбу жиҳати билан у ҳозиргача мавжуд бўлиб келган глобал муаммоларнинг энг тажовузкори, энг бузғунчиси эканини англаш жоиз. Ҳозирги пайтда дунё жамоатчилиги томонидан кескин қораланаётган ғоявий-мафкуравий хуружлар, халқаро террорчилик, диний экстремизм ва жаҳолатпарастлик, гиёҳвандлик, одам савдоси ҳам бузғунчи ғояларга асосланган. Бузғунчи ғоялар таснифидан ўрин олган ёвуз қарашлар турли тарқалиш доираси ва таъсир кучига эга.

Айниқса, дунёда бўлаётган турли воқеа-ҳодисалар, тез ўзгараётган бугунги кунда ҳаёт жараёнлари эртага қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан тасаввур қилиш қийин. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек:

“Дунёда турли информация оқимлари, ахборот маконлари ва манбалари, мафкура полигонлари кўп. Улардан қайсиси тўғри, қайсиси ишончли, қайси бири ғаразли эканини фарқлаш осон бўлмаяпти. Мана, интернетни олайлик, унда нималар йўқ, ҳамма нарса бор. Ёлғон ҳам, тўғри нарса ҳам. Ҳатто одамларнинг куракда турмайдиган расво фикрларини ҳам интернетдан топиш мумкин. Биз болаларимизни ана шундай алдов ва ёлғон маълумотлар гирдобида, бузуқ, зарарли ғоя ва мафкуралар қаршисида ёлғиз қолдиролмаймиз”.

Мамлакатимизда мазкур ҳаракатларни олдини олиш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “экcтpeмизм вa тeppopизмгa қapши куpaшишнинг caмapaли мexaнизмлapини шaкллaнтиpиш, яъни фуқapoлapнинг ҳуқуқ вa эpкинликлapини тaъминлaшгa имкoн бepaдигaн экcтpeмизм вa тeppopизмгa қapши куpaшиш бўйичa caмapaли дaвлaт cиёcaтини aмaлгa oшиpиш, ёт ғoялap тaъcиpини oлдини oлиш вa улapнинг тaъcиpигa тушиб қoлгaнлap билaн тизимли ишлaш opқaли улapнинг муaммoлapини бapтapaф этиш, aҳoли, aйниқca ёш aвлoддa тeppopизм вa экcтpeмизм мaфкуpacигa қapши қaтъий вa бapқapop иммунитeтини шaкллaнтиpиш” масаласи белгилаб берилган.                                                          Шу ўринда XXI асрга келиб мафкура полигонларида ўзида ёвуз ва бузғунчи ғояларни намоён этувчи миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари тобора кучаётганини айтиб ўтиш жоиз. Мазкур ҳаракатлар дунё миқёсида дин ва диний конфессиялар ўртасидаги кескинлик ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқаришга сабаб бўлаётир. Бу эса ғоявий – мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик ва прозелитизм тўғрисида жиддий фикрлашни тақоза этмоқда.

Миссионерлик ва прозелитизм замирида ўзга мамлакатларнинг давлат суверенитетига, конституциявий тузумига нисбатан амалга оширилаётган сиёсий босим ва тажовузларни ғоявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ётади. Бошқача айтганда, бу маънавий-маданий қадриятлар ҳамда диний воситалар орқали бошқа давлатларнинг ички ишларга аралашувдир.

Ҳар қандай халқ ва миллатнинг бирлашувида миллий ғоя муҳим аҳамият касб этади. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлида дадил бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Миллий ғоя эзгуликка таянар экан, бузғунчи мафкурага қарши курашда аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиш масаласи долзарблашиб бораверади.

Мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида курашда мактабнинг ўрни алоҳида. Шу боис, бугун юртимизда таълим–тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар кечаётгани бежиз эмас. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйгани, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда.  

Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган сўзларида теран маъно мужассам. Зеро, ҳар қандай давлат тараққиётининг тамал тоши бевосита таълим масалаларига қаратилаётган эътибор билан бевосита боғлиқ.

       Тарихан боланинг таълим-тарбиясига жуда нозик ва жиддий масала сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинган. Бу орқали юртнинг келажакдаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва маънавий тараққиётига замин яратилган. Президентимиз шарқ донишмандларининг: “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” деган ҳикматли сўзларини келтириб, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиб бораётганини, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият кераклигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари кузатилишини таъкидлаганида юз карра ҳақ эди.

Мафкуравий хуружларга қарши курашда мамлакатимизнинг миллий ғояси ҳар биримизга келажакка ишонч, мадад, куч-ғайрат, шижоат бериб халқимизни ва миллатимизни улуғвор ва бунёдкор ишларга, ватан, миллат, мустақиллик ҳимояси йўлида бирлаштиришга сафарбар этади. 

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”. Бинобарин, ўз миллий ғоясига эга давлат мустаҳкам, қудратли ва обод бўлишини барча юртдошларимиз теран англаши лозим.

Мансур МУСАЕВ,

 Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

 сиёсий фанлар  доктори