Масалан, ўз тарихи, маданияти, миллий хусусиятларига кўра бизга яқин бўлган Япония, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур каби мамлакатлар халқлари ана шундай эзгу ғоя асосида бирлашиб ривожланганини кўришимиз мумкин.
Айтиш керакки, бугун биз ниҳоятда мураккаб, таҳликали, таҳдидли ва тажовузкор дунёда яшаяпмиз. Жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, беқарор сиёсат, гегемонлик васвасаси, ўзаро зиддиятлар, миллатчилик каби иллатлар биздан ҳар қачонгиданда кўпроқ миллий бирликни талаб этмоқда.
Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистоннинг миллий ғоясини илгари суриш пайти келди. Зеро, миллий ғоя барча мақсад-муддаоларимизнинг калити ҳисобланади. Ғоясизлик ёки иккинчи даражали ғоя миллатни заиф қилади, турғунликка етаклайди.
Бизнингча, у сифатли таълим ва самарали илм-фан негизида юқори интеллектуал даражали авлодни тарбиялашдан иборат бўлиши керак. Чунки юқори интеллектуал даражали авлоднинг пайдо бўлиши, жамиятнинг барча бўғинига кириб бориши, мамлакатдаги мавжуд соҳаларнинг ижобий ўзгаришига, янгиланишига, ривожланишига, тараққий этишига олиб келади.
Аввало, шуни англаб олишимиз керакки, қайсики давлат юксак тараққиётга эришган бўлса, бу фақатгина таълимга эътибор, илм-фанни ривожлантириш самарасида содир бўлганига тарихда мисоллар кўп.
Ўзбекистонда илм-фан, технологиялар ривожи қаторида халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий урф-одатлар, қадриятларни улуғлаш, ёшларнинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқ масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Халқимиз, хусусан, ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини шакллантиришда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримизни тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялаш, уларга соғлом фикр ва мотивация беришга қаратилган контентлар кўпаётгани, хориждаги ёшларимизга кўмак бериш борасида амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Аҳолининг маънавий дунёқарашини шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлатнинг устувор сиёсати, даврнинг долзарб талаби бўлиб қолмоқда. Етишиб келаётган ёш авлодга Ватан, оила, тинчлик, осойишталик буюк неъмат эканини англатиш, ушбу неъматларни қадрлаш, ҳимоялаш туйғуларини сингдириш бугунги кунда жамиятимиз олдида турган улкан вазифалардан.
Бугунги глобаллашув шиддати даврида тараққиётга тарихдан сабоқ чиқарган ҳолда етиш масаласи долзарблашмоқда. Бугун дунё тараққиёти локомотивига айланган давлатлар мисолида бунга далиллар топилади.
Хусусан, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Япония бутунлай вайрон этилган эди. Миллат оғир дамда бирлашиб, мамлакатни тиклади, ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратилиб, ота-оналар ўз фарзандларини хориждаги университетларда ўқитишга интилди ва бугунги кундаги юксалишининг асосий омили – таълим, фан, технологиялар ривожи ҳисобига дунёнинг етакчи мамлакатлари сафидан ўрин олди.
Жанубий Корея миллий ғояси ўтган асрнинг 60-йилларида генерал Пак Чжон Хи раҳбарлиги пайтида шаклланди. Ёш олим ва тадбиркорлар иштирокида миллий юксалишнинг еттита устувор йўналиши орасида таълим соҳаси ҳам бўлиб, уни молиялаштириш, фан ва корейс миллий маданият институтлари ривожига муҳим эътибор берилди. Давлатнинг тарғибот қудрати халқ онгига миллий уйғониш ғоясини сингдиришга қаратилди.
Қадим тарихий-маданий омиллар, ютуқлар ва оғир синовлар Хитой халқларини бирлаштириб, азалий орзу – мамлакатни юксалтириш умуммиллий ғоясини шакллантириш имконини берди.
Бундан ўн йил муқаддам, яъни 2013 йилда Хитой Раиси Си Цзиньпин Хитой орзуси – мамлакат юксалиши, миллат яшариши ва халқ бахти ғояси барча мамлакатлардаги инсонларга ҳам яқиндир, дея таъкидлаган эди. Ўшанда Хитой миллий ғояси Ғарб цивилизациясига муқобил бўлган, минг йиллар давомида анъанавий асосга эга кучли ва юксалаётган жамият қуриш экани эълон қилинганди.
Шу миллий ғоя бутун халқ ҳаёти асоси бўлиб, олдинги ва ҳозирги авлодларнинг умуммиллий ғоясини шакллантириш имконини берди. “Халққа хизмат қиламиз” шиори ҳануз ўз таъсир кучига эга.
Хитой тараққиётида Буюк ипак йўли ғояси сингдирилган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 май куни Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё – Хитой биринчи саммитидаги нутқида: “Йирик илмий, маданий ва иқтисодий марказ бўлган бу шаҳар кўп асрлар давомида бутун Евроосиё қитъасида цивилизацион ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва тараққиётга муносиб ҳисса қўшган Буюк ипак йўлига тамал тоши қўйилган қутлуғ маскандир.
“Бир макон, бир йўл” ташаббусига ўн йил тўладиган мазкур йилда айнан мана шу жойда — Шарқда шуҳрат қозонган Чанъанда биз ушбу эзгу анъаналарни тиклаб, мамлакатларимизнинг янги даврдаги умумий равнақи учун мустаҳкам пойдевор қўяётганимиздан мамнунман,” дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, неча минг йил илгари Буюк ипак йўли Хитойнинг шарқий нуқтаси бўлган Сиань шаҳридан бошланиб, Марказий Осиё мамлакатлари савдо-сотиқ, иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий алоқалар ривожланган тарих карвонига йўлбошчилик қилган. Айниқса, Ўзбекистон замини цивилизациялар ривожланиши ва буюк ғоялар алмашинувида муҳим роль ўйнаган.
Бу тарихий анъанани давом эттириш ва янги истиқболлар очиш жуда муҳим аҳамиятга эга бўлишини эътироф этган Хитой Раиси саммитдаги нутқида Марказий Осиё давлатлари билан яшил инновацияларни илгари суриш, мелиорация, тежамкор сув ирригацияси, тупроқшунослик бўйича қўшма лаборатория яратиш, Оролбўйи экологик инқирозини юмшатишга, Марказий Осиёда юқори технологик корхоналар ва саноат паркларини ташкил этишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди.
”Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида технологияларни барқарор ривожлантириш, инновациялар ва тадбиркорлик, космик ахборот технологиялари соҳаларида мақсадли ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиё давлатларида камбағалликни тугатиш бўйича мақсадли Хитой – Марказий Осиё дастури, техник малака ошириш дастури, янги иш ўринлари яратиш каби янги истиқболли модернизация лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди.
Шунингдек, муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича қуёш, шамол ва сув электр станцияларини барпо этиш, қуёш панеллари, электр ускуналар, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, бошқарув жараёларини рақамлаштириш ва мутахассислар тайёрлаш борасидаги лойиҳалардан иборат инвестициявий-технологик ҳамкорлик дастурини амалга оширишга алоҳида эьтибор қаратилиши, янги авлод машиналарини ишлаб чиқариш соҳасидаги кооперацияни кенгайтириш - электр ва гибрид двигателли автотранспорт воситалари йиғиладиган замонавий заводларни ишга туширишга келишилди. Мис, литий, нодир металларни чуқур қайта ишлаш асосида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи юқори технологик кластерни барпо этиш, пластмассалар, кимёвий маҳсулотлар, металл буюмлар, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биотехнологиялар кластерини ташкил этиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлигини амалга ошириш мақсадида Сирдарё вилоятини “Илғор технологиялар ҳудуди”га айлантириш каби муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу ва бошқа кенг қамровли лойиҳа ва режалар айнан рақамлаштириш соҳасининг трансформацияси асосида замонавий технологияларнинг кенг қўлланиши орқали бажарилади. Демак, ушбу замонавий технологияларда ишлайдиган кўплаб мутахасисларга катта эҳтиёж мавжуд. Президентимиз ташаббуси бўйича юртимизда бир миллион дастурчи тайёрлашнинг биринчи босқичи муваффақиятли амалга оширилди, кейинги босқичлари ҳам бошланди, келгусида ушбу дастурчи-ёшлар соҳалари бўйича иш ўринларига эга бўлади.
Шундай экан, жамиятимизни муштарак мақсад йўлида бирлаштирадиган янги Ўзбекистоннинг янги миллий ғояси асосини айнан замонавий илм-фан, таьлим ва технологиялар ташкил этаётгани муҳим.
Мамлакатимизнинг таниқли олимлари, зиёли вакиллари бу ғоя юзасидан холисона муносабатлари ва мулоҳазаларини билдирмоқда. Хусусан, Самарқанд давлат университетида жорий йил 15 май куни “Миллий ғоя миллат учун ҳаёт масаласи” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди, бошқа университет ва ташкилотларда ҳам шундай тадбирлар ташкил этилмоқда.
Қайд этиш жоизки, бугун илгари сурилаётган миллий ғоя асоси сифатли таълим ва самарали илм-фанга қурилаётгани бежиз эмас. Бу жараён сифатли таълим бериш, миллатнинг қадим даҳосини тиклаш билан амалга оширилади. Бунга жамиятда инсоннинг илм олиши учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, бола онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида эришилади. Маърифатли миллат, озод халқгина миллий ғоя ҳақида ўйлайди. Уни яратиш устида бош қотиради. Унинг учун миллий ғоя муқаддас туйғуга айланади. Демак, миллий ғоянинг негизида сифатли таълим, самарали илм, миллий манфаатлар мужассам бўлиши шарт.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансни бунёд қилиш, эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида белгилаб олган улкан мақсадларга қанчалик тез эришишимиз миллатнинг билим ва тафаккури, салоҳиятига боғлиқ.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича бутунжаҳон конференциясида ҳам бу борадаги ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди.
Бу эътирофнинг амалий давоми сифатида 10–24 май кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 216-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Тошкент декларацияси бажарилиши бўйича бундан кейинги саъй-ҳаракатлар ҳамда ёш болалар тарбияси ва таълимини ўзгартириш чораларини кўриш бўйича мажбуриятлар” резолюцияси бир овоздан маъқулланди.
Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг асосий тамойиллари ўқув дастурлари сифатини ошириш, инклюзив таълим ва фавқулодда вазиятларда таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш кабилардан иборат.
Дунёнинг 55 мамлакати “Тошкент декларацияси бажарилиши бўйича бундан кейинги саъй-ҳаракатлар ҳамда ёш болалар тарбияси ва таълимини ўзгартириш чораларини кўриш бўйича мажбуриятлар” резолюцияси ҳаммуаллифи бўлгани ҳам унинг аҳамиятини янада оширади.
Ушбу ҳужжатнинг бажарилиши бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, Тошкент декларацияси бажарилишини кузатиб бориш мақсадида аъзо давлатлар зиммасига олган мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг ва ҳисобдорликни амалга ошириш вазифаси қўйилган. Шунингдек, Тошкент декларацияси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда унинг бандларини янгилаш йўли билан ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш соҳасида шериклик глобал стратегияси механизмини фаоллаштириш, ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мавзуга доир халқаро ва минтақавий учрашувлар ўтказиш белгиланган.
Маьлумки, глобаллашув шароитида турли таҳдид ва хавфлар тараққиётга, тинчлик ва хавфсизликка, иқлим, озиқ-овқат билан таьминлашга оид муаммоларни тобора кескинлаштирмоқда. Бундай ғоят мураккаб ва таҳликали даврда илмли, яхши тарбия кўрган, маьнан ва жисмоний соғлом баркамол инсонгина мавжуд муаммоларга қарши тура олади. Ёш авлод иқлимнинг кескин ўзгаришидан суньий интеллект таьсиригача бўлган қийин муаммоларга дуч келганда кучли билими, қадрият ва кўникмаларга эга бўлмаса, рақобатда бой беради.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, жаҳоннинг етакчи ривожланган мамлакатларининг миллий ғоялари негизини айнан замонавий илм-фан, таълим технологиялари асосида интелектуал юксалиши ташкил этмоқда.
Шундай экан, энг яхши сармоя таьлим соҳасига қилинган сармоядир. Тўғри, у дарров натижа бермайди, фақат изчил ва сифат ўзгариши туфайли ижобий ўзгариш бўлади. Агар биз жамиятимизни ўзгартирмоқчи бўлсак, энг аввало, таълим сифатини ўзгартиришимиз керак.
Жаҳон тажрибасидан кўринадики, ҳар бир мамлакатнинг миллий ғояси билан бирга миллий шиорлари ҳам бўлади. Биз “Ўзбекистон – Марказий Осиё маркази” шиорини таклиф этамиз ва уни қуйидаги омиллар билан изоҳлаймиз.
Аҳамиятли жиҳат - Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим геосиёсий ва геостратегик ўрнига эга. Мамлакатимиз ҳудуди, қадимий тарихи, маданияти билан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатида танилиб келади.
Ўлкамиз 3000 йиллик тарихида Марказий Осиёнинг илм-фан ва таълим маркази бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларимиздаги мадрасаларда илм зиёсига ташна кишилар яқин-йироқ юртлардан келиб таҳсил олган.
Ўзбекистон замини буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган.
Тарихан кўп миллатли буюк халқ бўлиб бирлашганмиз (130 дан зиёд миллат ва элатдан иборат, турли диний конфессиялар ва барқарор диний, миллий толерантлик аньаналарига эгамиз). Шу билан бирга, Марказий Осиёда энг кўп сонли аҳолиси бор давлатмиз.
Яқин йилларда нуфусимиз 40 миллионга етиши кутилмоқда. Халқимизнинг катта қисмини ёшлар ташкил этиши эса Ўзбекистоннинг замонавий барқарор тараққиётидан мужда беради. 10 мингдан зиёд умумтаълим, жумладан, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари борлиги, 200 дан зиёд олий таълим муассасаси фаолият юритаётгани, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қодир олимлар ва зиёлилар, иқтидорли ёшлар мамлакати эканимиз ҳам юртимизнинг Марказий Осиёда салоҳияти юксаклигини белгилаб берувчи омиллардандир.
Президентимиз янги Ўзбекистон шароитида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш эзгу мақсадини эълон қилди. “Буюк келажак бугундан бошланади” деган даъват билан ўтган қисқа даварда мутлақо янгича кўринишдаги Ўзбекистон пайдо бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак” деган мақсади билан Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтилди. Энг муҳими, бу йўлдаги мақсад ва вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида илм, фан, таълим юксалишига оид ҳуқуқий асослар яратилганки, бу ҳам юксак салоҳиятли халқимиз, жумладан, ёшларимизда етакчилик хусусияти шаклланишига замин яратади.
Миллий ғоямиз асоси сифатида билдирилган ушбу таклиф ва фикрлар янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ғояси ва ташаббусларга ҳамоҳанг бўлиб, авлодларнинг орзу-умидлари ва келажакдаги имкониятлари, манфаатлари, мақсадларини ўзида акс эттиради.
Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,
сиёсий фанлар доктори, профессор