Унда киношунос олимлар, режиссёрлар, актёрлар, ёш тадқиқотчилар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир миллий кинематография тарихини илмий жиҳатдан ўрганиш, унинг замонавий талқинларини таҳлил қилиш, кино санъати орқали миллий қадриятлар ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Айтиш жоизки, бундай анжуманлар нафақат соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлайди, балки миллий кино санъатининг бугунги ҳолати ва истиқболини чуқур таҳлил қилишга ҳам хизмат қилади.

Анжуман давомида сўнгги йилларда мамлакатимизда кино соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган фильмлар мазмун-моҳияти ҳамда миллий кино санъатининг келгуси ривожланиш йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, кино санъати нафақат маданий соҳа тармоғи, балки жамият маънавиятини юксалтириш, миллий ғоя ва қадриятларни тарғиб этишда муҳим ўрин тутадиган таъсирчан воситалардан биридир.

Маълумотларга кўра, 2023 – 2025 йиллар давомида мамлакатимизда жами 390 та киномаҳсулот ишлаб чиқарилган. Улар орасида 61 та бадиий фильм, 77 та ҳужжатли фильм, 26 та анимацион фильм, 88 та қисқа метражли фильм, 3 та бадиий-публицистик лойиҳа, 11 та киножурнал, 19 та сериал ҳамда 105 та видеоролик мавжуд. Бу рақамлар миллий кино саноатидаги ижодий фаоллик тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Анжуманда, шунингдек, 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган “Тирик тарих” кинофильмлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Мазкур дастур асосида 21 та бадиий ва 33 та бадиий-публицистик, жами 54 та киноасар яратиш режалаштирилган.

Дастур доирасида яратилган “Баҳодир Ялангтўш”, “Ажиниёз”, “Махтумқули Фироғий”, “Улуғ Амир ва донна Мария” каби фильмлар халқаро кинофестивалларда ҳам муносиб эътирофга сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, “Махтумқули Фироғий” фильми дунёнинг йигирмадан ортиқ мамлакатларида намойиш этилди ва бир қатор халқаро мукофотларни қўлга киритди. Ўтган йили тақдимоти бўлиб ўтган “Улуғ Амир ва Донна Мария” фильми ҳам томошабинлар ва кино мутахассислари томонидан илиқ кутиб олинди.

Анжуман доирасида киношунос олимлар ва мутахассислар турли йўналишларда илмий маърузалар билан иштирок этдилар. Хусусан, тарихий, бадиий, ҳужжатли, анимацион ҳамда қисқа метражли фильмлар ва сериаллар бўйича махсус тақдимотлар ўтказилиб, уларнинг ғоявий-бадиий жиҳатлари атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбир давомида мутахассислар миллий кинонинг жамият ҳаётидаги ўрни ва унинг маънавий аҳамияти ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳилол Насимов кино санъати ёшлар маънавиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

— Аввало, яратилаётган фильмлар халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами барчамизга маълум. Айниқса, кино соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Давлатимиз раҳбари бугунги мураккаб ва таҳликали замонда жамият маънавиятини юксалтиришда кино санъатининг ўрни беқиёс эканини доим таъкидлаб келмоқдалар, — деди у.

Унинг таъкидлашича, кино миллионлаб инсонларнинг қалбига йўл топа оладиган, таъсир кучи беқиёс бўлган санъат туридир. Шу боис у орқали ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, миллий қадриятлар ва тарихий меросни тарғиб этиш имконияти жуда катта.

— Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Тирик тарих” дастури бу борада муҳим аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа орқали халқимизнинг минг йиллик тарихи кино тилида кенг жамоатчиликка етказилмоқда, — деди Ҳилол Насимов.

Унинг фикрича, тарихий фильмлар яратишда профессионал актёрларнинг иштироки, образларнинг ишончлилиги ва тарихий муҳитнинг ҳаққоний акс эттирилиши фильм муваффақиятининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

— Кино, аввало, томошабин учун яратилади. Шунинг учун актёр танлови, образларнинг табиийлиги ва давр муҳитининг ишончли тасвири ҳар бир фильмнинг таъсирчанлиги ва муваффақиятини белгилайди, — деди у.

Анжуман иштирокчилари томонидан кино соҳасида амалга оширилаётган ишларга илмий баҳо берилиб, янги лойиҳалар, ижодий ғоялар ва истиқболли ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.

Кинематография агентлиги Кинолойиҳалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Хайитов бундай илмий-амалий анжуманлар миллий кино санъатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

— Бугунги анжуманда ўтган йил давомида яратилган турли жанр ва йўналишлардаги фильмлар таҳлил қилинмоқда. Киношунос олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассислар томонидан бадиий, анимацион ва ҳужжатли фильмлар бўйича махсус маърузалар тақдим этилмоқда. Бу таҳлиллар кино ижодкорлари учун муҳим хулосалар чиқаришга хизмат қилади, — деди у.

Унинг маълум қилишича, ўтган йил давомида Кинематография агентлиги томонидан турли йўналиш ва жанрларда жами 200 дан ортиқ кино маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Жумладан 30 та бадиий, 18 та ҳужжатли, 29 та қисқа метражли, 49 та анимасион фильмлар, 28 та киножурнал ва 47 та видеоролик яратилган. 

Шунингдек, Президент қарорлари асосида амалга оширилаётган “Тирик тарих” кинофильмлар дастури доирасида 21 та бадиий ва 33 та бадиий-публицистик фильм яратиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, ўзининг бетакрор жасорати билан халқ хотирасида муҳрланиб қолган юртдошимиз Мамадали Топволдиев ҳақидаги “Ўзбек арслони (Казбек)” фильми, шунингдек, буюк шоир ва халқ қаҳрамони Паҳлавон Маҳмуд ҳаётига бағишланган “Хива лангари” фильми, дунёга машҳур икки мутафаккир ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи “Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий” бадиий фильми, шунингдек, “Бухоро марвариди” каби тарихий киноасарларни кенг намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай илмий-амалий анжуманлар миллий кино санъатини янада ривожлантириш, унинг илмий-назарий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда кино ижодкорлари фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, “Тирик тарих” дастури ва янги кино лойиҳалари орқали миллий кино санъати нафақат халқимизнинг бой тарихи ва маданий меросини экранга олиб чиқмоқда, балки ёш авлод қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуси ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётгани шубҳасиз.

Зулхумор АКБАРОВА