Инсон қадри ва ҳуқуқлари устувор бўлмиш ривожланган демократик жамиятни барпо этиш учун, энг аввало, давлат ва ҳукумат органлари халққа хизмат қилиши зарур, деган дастуриламал бутун мамлакатимиз бўйлаб, шаҳарлардан тортиб чекка қишлоқларгача жорий этилган.

Чунончи, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да адибларимиз ҳам янги асарлари билан ижтимоий-маънавий ҳаётга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ана шундай янги асарлардан бири Холмуҳаммад Каримийнинг “Ғордаги омонат” номли романидир.

Ўзининг ҳикоялари билан адабиёт ихлосмандларига танилган Холмуҳаммад Каримий китобхонларга янги роман туҳфа қилди. Ёзувчининг “Ғордаги омонат” номли романи кўтарилган мавзунинг долзарблиги, ширали тили, баён қилиш услуби билан ажралиб туради. Асарнинг асосий ғояси миллий қадриятларнинг қадрига етиш, уларни асраб-авайлаш, бой маданий меросимизни келажак авлодга етказишда ҳар биримиз масъуллигимизни уқтиришдир. Чунки миллий қадриятлар – халқнинг бебаҳо хазинаси. Халқ руҳининг инъикоси бўлмиш миллий қадрият ўзликни англашга хизмат қилади.

Романнинг бош қаҳрамонлари йирик компания эгаси Ўктамбой, унинг ўғли Қиличбек – тадбиркор кишилар. Мана шу инсонлар ҳаёти мисолида асарда миллий қадриятларимизга муносабат ифодаланган. Табаррук жойларни, азиз-авлиёлар ва алломаларни зиёрат қилиш маданияти, меҳмон кутиш қоидалари, катталар билан муомала одобини асар қаҳрамонлари мисолида кўрсатиш ўқувчига ижобий таъсир қилади. Романнинг “Ғордаги омонат” дея саргузашт романлар тарзида номланиши ҳам ўзига хос. Ғордаги омонат бу – шўроларнинг қатағони даврида Ўктамбойнинг бобоси келажак авлодларига эҳтиётлаб қолдириб кетган ўтов, бир сандиқ китоб, қилич ва бошқа асбоб-анжомлар. Ўтов – қадриятлар рамзи. Айтиш мумкинки, асардаги бутун воқеалар миллий қадриятлар устига қурилган. Никоҳ маросимидан тортиб сумалак сайли тасвиригача аждодларга меҳр уйғотишга, меросимизни авайлашга чорлов. Ўтовни бобосининг дўсти Ҳаким ота эҳтиёт қилиб асрайди. Шунинг ўзи омонатга хиёнат қилмаслик миллатимизнинг эзгу анъаналаридан эканлигининг ёрқин ва образли эътирофидир.

Ишбилармон Ўктамбой чет элда ўқиб келган ўғлини юрт айланишга рағбатлантиради, керак бўлса, мажбурлайди. Мақсад – ёш авлод тарихий обидаларимизни кўрсин, табаррук жойларни зиёрат қилсин, аждодлари кимлигини билсин, деган эзгу ниятдир. Одам ўз миллати тарихини яхши билмай туриб зиёли бўлиш қийин. Ўктамбой учун эса ўғлининг ҳар томонлама дунёқараши кенг бўлиши, маънавий жиҳатдан ҳам етук инсон бўлиши муҳим. Гарчи ўзи дунёнинг сайқали – Самарқанддек шаҳарда улғайган бўлса-да, Бухоро, Хоразм, Туркистонга саёҳат, Ҳаким бобо, Худойберғон ҳазрат каби маърифатли инсонлар билан суҳбатлар, табиат гўзалликларидан баҳра олиш дунё кўрган ёш тадбиркор Қиличбекка жуда катта таъсир қилиб, қалбида эл-юртига меҳри, халқига ҳурмат, аждодларга эҳтиром, авлодларга иззат туйғуларини жўштиради.

Асар қаҳрамонларини икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳда – Ҳакимбой ота, Худойберғон ҳазрат, Ёдгор муаллим каби халқ қадриятларини яхши биладиган, маърифатли инсонлар. Иккинчи гуруҳ – Ўктамбой, Қиличбек, Олим, Камол, Женис, Ўрозбой, Бакр сингари замонасоз одамлар. Ёзувчи мана шу образларнинг муносабати орқали ўтмиш ва бугунни боғлайди. Қолган персонажлар эса бош қаҳрамонларнинг характерини очиш учун хизмат қилади. Муаллиф мана шу икки гуруҳни маънан боғлаш орқали замонавий ишбилармон ўз тарихини, миллий қадриятларини яхши билса, ҳақиқий замон кишисига айланишини уқтиради. Инсон билим олиб, дунё кўргани билан ўз халқи руҳиятини ҳис қилмаса, юртига, элига кўнглида меҳр бўлмаса, маънан кемтик бўлиб қолишини кўрсатади. Нафс истаган йўлга тушмаслик учун инсоннинг имони бут, маънан юксак бўлиши англашилади. Аммо романда Баҳодир Собиров, Холбой каби тадбиркорларнинг яхши ниятларидан юлғучлик қиладиган кишилар ҳам бор. Хусусан, бундай нобакорларнинг қурилиш ишларидаги кўзбўямачиликлари яхши кўрсатилган. Бу нафс бандалари ўз манфаати йўлида, очкўзлигидан бировнинг жонига суиқасд қилишдан ҳам тоймайди.

Ёзувчи бош қаҳрамонларини ҳар иш қўлидан келадиган, бенуқсон одам сифатида тасвирлашдан йироқ. Лекин уларнинг салоҳиятини кўрсатишда шунчаки айтиб, ровийлик қилиб кетмайди. Уларнинг ишини амали билан исботлаб кўрсатади. Шарқ меъморчилик тарихини ҳам, замонавий бинолар қуриш илмини ҳам биладиган Қиличбекнинг Францияда, Туркияда ўтказилган илмий анжуманларда маъруза қилиши ва нутқининг мазмуни асарда берилиши қаҳрамоннинг интеллектуал салоҳиятини кўрсатишга хизмат қилган. Шу нуқтаи назардан, ишнинг кўзини биладиган, айни пайтда илмли, ўз соҳаси бўйича бир олимдан қолишмайдиган даражада мулоҳаза юритадиган Қиличбекдек ёш тадбиркорлар замонамиз ёшлари учун ибратли қаҳрамон бўлиши шубҳасиз. Романдаги ҳар бир персонажнинг ўзига хос мусбат ва манфий томонлари бор, зеро, тирик инсон сифатида тасвирлангани асарнинг ютуқларидан бири. Бу жиҳат Ўктамбой ва унинг ўғли Қиличбек ҳамда айни пайтда тадбиркор бўлса-да, Бўронбой ва унинг ўғли Акром характеридаги қарама-қаршиликлар яхши очилган. Ўктамбой чет элларда ўқиб келган ўғли юртга бегоналашиб қолганини сезиб, уни миллат руҳига ошно қилишни ўйласа, Бўронбойларнинг мақсади бойлик орттириш. Мана шу нуқтада муаллиф юртдан узоқлашишнинг озми-кўпми инсон руҳиятига, қарашларига таъсири этишини ишоралар билан кўрсатиб кетган. Ушбу бадиий ишоралар замирида тил билиш, хорижга бориб илм олиш жуда яхши, аммо юртдан узилиб қолмаслик керак, инсон ҳеч қачон кимлигини, аждодларини унутмаслиги, шарт деган фикрлар ётади.

Асардаги воқеалар бугунги кунда кечаётган бўлса-да, қаҳрамонлар тилидан шўролар сиёсатининг халқимиз онгига ўтказган салбий таъсирлари, таълим тизимидаги қусурлар, истибдод асоратлари ўринли баён этилади. Бобосидан мерос қолган эски ўзбек ёзувидаги китобни ўқий олмаётган Қиличбекнинг боболар олдида олий маълумотли саводсизлигини сезгани ўқувчини ўйга толдиради.

Персонажлардан бири – Ойгулнинг отаси Ёдгорнинг: “Жуда кўп ўқиганни бойлар қаторида деёлмасак-да, аммо бойларнинг аксарияти жуда кўп ўқиганлардан чиқади” (153-бет) дея айтган сўзлари мутолаага иштиёқ уйғотишнинг ўринли ташвиқидир. Зотан, биз фарзандларимизга яхши яшашни истасанг, илм ол, деган фикрни сингдиришимиз муҳим.

Романдаги аёллар – Ўктамнинг аёли Насиба, Бўронбойнинг оиласи Гулсум, қизи Мафтуна, солиқчи Раҳимбойнинг хотини Гавҳар, Қиличбекнинг севгилиси Ойгул ва бошқа образларнинг қиёфаси ҳам эсда қоларли чизилган. Ҳар бир қиз-жувоннинг ёшига, мавқеига яраша хатти-ҳаракатлари ўзига мос. Насиба билан Гулсумнинг она сифатида асосий ташвиши ўғил уйлантириш, муносиб келин топиш бўлса, Мафтуна билан Ойгул севиш ва севилиш ғамида. Айни пайтда ёзувчи аёлларга хос ички бир худбинликни кўрсатиш, ўзаро сендан менўзарга боришини ҳам ёритишни унутмайди.

Ёзувчининг ўзига хос услуби ҳар бир бобдаги воқеа олдидан ибратли фалсафий фикрларни беришидир. Қиличбекка ўзини дўст кўрсатиб юрган, аммо зимдан ҳасад ўтида ёнаётган Акром воқеасидан олдинги бошламага эътибор қилайлик: “Олов ўтинни еб ял-ял ёлқинланади. Қанча кўп еса, шунча ҳайбатли ва ваҳимали кўринади. Оқибатда, кулга айланиб ўчади. Ўтин ҳам йўқ, олов ҳам йўқ – бир ҳовуч кул. Ҳасад ҳам шундай экан. Аввал ҳаволантириб, одамгарчилик туйғуларини еб бошларкан, ҳасадчи ҳайбати ошганидан қувонади. Оқибатда одамгарчилик ҳам йўқ, иззат-ҳурмат ҳам йўқ – бир ҳовуч кул каби хиёнаткор ном олади” ( 67- бет).

Ёки тоғ қизи Ойгул таърифини кўринг: “Ҳақиқатан тоғнинг ҳуркак оҳусими ёки одам боласи? Терилмаган қошлар, кўзлар устига соябон бўлган елпиғичдек киприклар, назар тегмаган бокира юзлар, хипча эмас, ипча бел, сочларни банди қилган бошдаги рўмол шундай мутаносибки, бу гўзалликни қайси чевар ижод қилганига ақллар лол” ( 94-бет). Бундай кўчирмалар ёзувчи бадиий маҳоратини намоён қилади.

Муаллиф романда мақол ва маталлардан, ривоятлардан ( “Одам оласи ичида”, “Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган”, “Бу дунё икки кампирга тор, бир кампирга кенг эмиш”, “Қўли текканнинг оғзи тегади”, “Қассоб гўшт қайғусида, эчки жон”) жуда ўринли фойдаланадики, бу асарнинг тилини ширали қилиб, ўқишлилигини янада оширган. Масалан, тўрвадаги сутнинг оқиб кетиши ҳақидаги ривоят муаллиф халқ оғзаки ижодиётини чуқур билишини кўрсатади. Умуман, жаҳоннинг илғор ёзувчилари миф, афсона ва ривоятлардан фойдаланиши билан бадиий насрнинг сифатини ошираётгани бор гап. Холмуҳаммад Каримий ривоятлари ҳам асарга теран мазмун ва жозиба бахш этган. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ёзувчининг ўзи ҳам қуйма жумлалар топади: “Бормаган тўйи, ўйламаган ўйи йўқ”, “Йўл бошида адашган охиригача сарсон кезади”, “Лафздан ҳалол улуғлик йўқ”, “Аламзада эса узоқни кўролмас экан”, “Қадоқ қўллар тирикликка йўл”, “Безаш ўрнига бежаб”, “Қўлида ҳунари йўқ, калласида ўйи”, “Алла эшитди, миллат руҳини тинглади”,“Тарбия дарёга қиёсланса, одоб унинг ўзани”, “Сафарда яхши йўлдош – йўл равонлиги”.

Айниқса, сумалак пишириш маросимини тасвирлаганда муаллиф қалами яйраб кетади. Насрдаги шеърдек саж битади. Асарда “Алпомиш”, “Манас” достонларидан, Аҳмад Яссавий каби тасаввуф шоирларидан ўрни билан мисоллар келтирилиши романнинг маърифий руҳини оширишга хизмат қилган. Шунингдек, шева сўзларидан фойдаланишда (бўғжама, напрамач, куртук ва ҳ.к.) меъёр сақланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Роман архитектоникаси асарнинг умумий руҳига мос. Воқеалар кетма-кетлиги бўладими ёки хотирага берилиб орқага қайтишми (ретро), муҳаббат чизиғими, ўқувчини чалкаштирмайди. Воқеалар бир-бирини тўлдириб келади. Бироқ Ўктамбойнинг автоҳалокатга учраши, кейинчалик бир жабрдийдани қутқараман деб безорилар томонидан пичоқланиши сингари воқеалар ҳам бор. Менинг назаримда, хаёлнинг бундай мевалари унчалик ишончли эмасдек гўё... Яна билмадим, бадиий адабиётда ҳаётда бўлмаган воқеалар ҳам тасвирланаверади, аммо уларнинг тагида маълум фикрлар бўлади. Фантастик хаёлотнинг бадиий насрга кўчиши инсон руҳиятини тасвирлашнинг оламшумул воситаларини яратган, ахир.

Асар сўнгида ўзбек, турк, қозоқ, қирғиз биродарлар ҳамкорлигида қуриб битказилган бинонинг топширилиши ҳам рамзийлик касб этади. “Биз – Осиё ва Оврўпада яшаётган турк эли соддагина ўтовда яшаб, ер юзини илм-маърифатга тўлдирган ота-боболаримиз борлигини илм-маърифатли авлод сифатида яна бир бор дунёга исботлаймиз” (214 бет). Бу сўзлар Учинчи Ренессанс пойдеворини қўядиган авлодни жўштиргувчи хитобдек янграйди.

Давлатимиз томонидан халқимиз турмушини янада фаровонлаштирадиган тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётган бир замонда бундай асарларнинг ёзилиши жуда ўз вақтида ёзилган асар сифатида қаралиши керак. Асарнинг қаҳрамонлари тадбиркорлар бўлса-да, роман миллий қадриятларга бағишланган мадҳиядек таассурот қолдиради, ёшларимиздаги миллий руҳни тарбиялашга хизмат қилади. Ёзувчининг халқ урф-одатларини яхши билгани ҳолда, миллий анъаналаримизни меҳр билан тасвирлагани китобхон қалбидаги ғурурни юксалтириб, ватанга, туғилиб ўсган тупроғига муҳаббатини зиёда қилади.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,
адабиётшунос олим,
Тошкент давлат Шарқшунослик
университети профессори