Бундай улкан вазифаларни амалга ошириш эса чуқур билимга, юксак касбий салоҳиятга ва замонавий ҳуқуқий тафаккурга эга юрист кадрларни тайёрлашни талаб этади.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади. Университет бугун нафақат юридик кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси, балки миллий ҳуқуқшунослик мактабининг йирик илмий маркази, ҳуқуқий ислоҳотларга илмий ғоялар ва малакали мутахассислар етказиб бераётган муҳим маскандир.
2026-йилда Тошкент давлат юридик университетининг мустақил юридик олий таълим муассасаси сифатидаги фаолиятига 35 йил тўлмоқда. 1991-йил 15-августда Тошкент давлат университети таркибидаги юридик факультет негизида Тошкент давлат юридик институти ташкил этилган эди. 2013-йилда эса институт Тошкент давлат юридик университетига айлантирилди. Шу билан бирга, университетнинг илмий ва маърифий илдизлари янада чуқур бўлиб, унинг тарихи 1920-йилда Ўрта Осиё давлат университети таркибида ташкил этилган юридик факультет фаолиятига бориб тақалади.
Ўттиз беш йил тарих учун эҳтимол жуда катта давр эмасдир. Аммо мустақил Ўзбекистон давлатчилиги ва миллий ҳуқуқ тизими шаклланган давр нуқтаи назаридан қаралганда, бу йиллар ниҳоятда муҳим ва мазмунли тарихий босқичдир.
Чунки айнан шу йиллар давомида мамлакатимизда мутлақо янги ҳуқуқий тизим шаклланди, янги Конституция ва миллий қонунчилик базаси яратилди, суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ушбу жараёнларнинг барчасида малакали юрист кадрларга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори бўлди. Тошкент давлат юридик университети эса ана шу эҳтиёжга муносиб жавоб бериб, мамлакатимизнинг суд, прокуратура, адлия, адвокатура, давлат бошқаруви, дипломатия, илм-фан ва таълим тизимлари учун минглаб юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берди.
Бугун университет битирувчиларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, суд-ҳуқуқ тизимида, халқаро ташкилотларда, олий таълим ва илмий муассасаларда, хусусий секторда ҳамда фуқаролик жамияти институтларида учратиш мумкин. Бу эса ТДЮУ фаолияти натижаларининг жамият ҳаётидаги реал ифодасидир.
Университет тарихининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Ўзбекистоннинг кўплаб таниқли ҳуқуқшунос олимлари шаклланган илмий мактаб билан узвий боғлиқ. Хадича Сулаймонова, Ҳожиакбар Раҳмонқулов, Анвар Агзамхўжаев ва бошқа йирик ҳуқуқшунос олимларнинг илмий мероси бугунги миллий юридик таълим ва ҳуқуқшунослик фанининг ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Замонавий университет тушунчаси фақат маъруза ўқиладиган аудиториялар ёки диплом берадиган таълим муассасаси билан чекланмайди. Ҳақиқий университет бу янги фикр туғиладиган, илмий мунозаралар олиб бориладиган, жамиятдаги муаммоларга ечим изланадиган ва давлат тараққиётига хизмат қиладиган интеллектуал макондир. Тошкент давлат юридик университетининг бугунги фаолиятида ҳам айнан шу тамойил тобора яққол намоён бўлмоқда. Профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар фақат назарий аҳамият касб этмасдан, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлаш ва уларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқишга қаратилмоқда.
Талабанинг назарий билим олиши билан бир қаторда ҳуқуқий муаммони мустақил таҳлил қилиши, қонунни шарҳлаши, далилларни баҳолаши, ҳуқуқий позицияни асослаб бера олиши ва инсон тақдирига дахлдор масалаларда профессионал масъулият билан қарор қабул қилиши бугунги юридик таълимнинг асосий мезонига айланмоқда. Чунки замонавий юрист учун қонун моддасини билишнинг ўзи етарли эмас. У ҳуқуқнинг мақсадини тушуниши, миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан қиёслай олиши, янги ижтимоий муносабатларга ҳуқуқий баҳо бера олиши ҳам зарур.
Бугун Тошкент давлат юридик университети ўз тараққиётининг янги ва ниҳоятда масъулиятли даврига қадам қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 26-ноябрдаги ПФ–232-сон Фармони юридик таълим ва илм-фанни янада ривожлантириш учун мутлақо янги вазифаларни белгилаб берди. Фармонда юридик таълимнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини кучайтириш, “таълим – тадқиқот – амалиёт” интеграциясини таъминлаш, клиник ва дуал таълимни ривожлантириш, замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан таълим жараёнида фойдаланиш каби устувор йўналишлар белгиланган. Бу ўзгаришлар юрист тайёрлашнинг мазмунини ҳам тубдан янгилайди. Эндиликда талаба нафақат аудиторияда ҳуқуқ нормаларини ўрганиши, балки реал ҳуқуқий жараёнларни кузатиши, суд ва бошқа ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан яқиндан танишиши, юридик клиникалар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ҳал қилишда иштирок этиши зарур. 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб университетда амалий ўқитиш, клиник ва дуал таълим тамойиллари асосидаги тизимнинг жорий этилиши ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бундай ёндашув натижасида университетни битираётган ёш юрист назария ва амалиёт ўртасидаги масофани талабалик давридаёқ босиб ўтади.
ХХI аср юридик касб олдига мутлақо янги саволларни қўймоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, алгоритмик бошқарув, электрон судлов, платформавий иқтисодиёт, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш каби масалалар анъанавий ҳуқуқий ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Шу сабабли бугунги юридик университет эртанги кун юристини тайёрлаши керак. Келажак юристи нафақат қонунни биладиган, балки технологияни тушунадиган; фақат мавжуд ҳуқуқ нормасини қўллайдиган эмас, балки янги ижтимоий муносабатлар учун қандай ҳуқуқий механизм зарурлигини англайдиган мутахассис бўлиши лозим.
Бунда сунъий интеллект юристнинг ўрнини эгаллайдиган восита сифатида эмас, балки унинг профессионал имкониятларини кенгайтирадиган технология сифатида қаралиши муҳим. Чунки ҳуқуқнинг марказида барибир инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари туради. Технология ҳужжатларни тезроқ таҳлил қилиши мумкин, аммо адолат туйғуси, профессионал масъулият ва инсон тақдирига дахлдор қарорлар учун жавобгарлик юрист зиммасида қолади.
Бугунги кунда юридик таълимни халқаро илмий ва академик макондан ажратиб тасаввур этиб бўлмайди. Ҳуқуқ соҳасидаги глобал жараёнлар, халқаро ҳуқуқ стандартларининг ривожланиши, инсон ҳуқуқларига оид янги ёндашувлар, трансмиллий иқтисодий муносабатлар ва рақамли технологиялар давлатлар ҳуқуқ тизимларини тобора бир-бирига яқинлаштирмоқда.Шунинг учун ТДЮ олдида турган асосий вазифалардан бири миллий ҳуқуқшунослик мактабининг кучли жиҳатларини сақлаган ҳолда халқаро академик маконга янада фаол интеграциялашишдир.
Профессор-ўқитувчиларнинг халқаро илмий лойиҳалардаги иштироки, хорижий университетлар билан ҳамкорлик, академик алмашинувлар, қўшма таълим дастурлари, халқаро илмий нашрларда тадқиқот натижаларини эълон қилиш ва хорижий олимлар билан ҳамкорликдаги тадқиқотлар ушбу жараённинг муҳим таркибий қисмларидир.
Президент Фармонида Тошкент давлат юридик университетининг 2030-йилга қадар QS халқаро рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1000 талик университетлар қаторидан жой олишини таъминлаш вазифасининг белгиланиши ҳам университетнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишга қаратилган стратегик мақсаддир. Аммо халқаро рейтингдаги ўрин ўз-ўзидан мақсад бўлмаслиги керак. Асосий мақсад дунёда тан олинадиган илмий мактабни, кучли профессорлар корпусини ва халқаро даражада рақобатбардош битирувчиларни шакллантиришдир.
35 йиллик юбилей ҳақида гапирганда аввало университетни яратган ва унинг ривожига ҳисса қўшган инсонларни эслаш лозим. Университетнинг бугунги нуфузи кўп йиллар давомида илмга, таълимга ва ёшлар тарбиясига хизмат қилган устозларнинг фидокорона меҳнати натижасидир. Профессор учун эса университетдаги энг катта мукофот ўз шогирдининг муваффақиятини кўришдир. Кеча аудиторияда савол бериб ўтирган талабанинг бугун малакали судя, прокурор, адвокат, давлат хизматчиси, дипломат, олим ёки профессор сифатида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётганини кўриш устозлик касбининг энг улуғ натижасидир. Шу маънода ТДЮУнинг 35 йиллиги фақат бир ташкилотнинг юбилейи эмас. Бу университетда таълим олган минглаб битирувчилар, уларни тарбиялаган устозлар ва ўз ҳаётини ҳуқуқ ҳамда адолат ғояларига бағишлаган инсонларнинг умумий байрамидир.
Бугун биз университетимизнинг 35 йиллик йўлига назар ташлар эканмиз, эришилган натижалар билан фахрланишга тўла асосимиз бор. Лекин юбилейнинг энг муҳим маъноси фақат ўтмишни эътироф этишда эмас. У келажак олдидаги масъулиятимизни янада чуқурроқ ҳис қилишга ундайди. Кейинги ўн йилликларда ҳуқуқшунослик бугунгидан ҳам тез ўзгаради. Сунъий интеллект, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, экологик муаммолар, миграция, халқаро меҳнат бозори, трансмиллий жиноятчилик ва киберхавфсизлик юристлардан янгича билим ва компетенцияларни талаб қилади. Демак, Тошкент давлат юридик университети фақат бугунги кун талабларига жавоб берадиган эмас, келажакдаги ҳуқуқий муносабатларни олдиндан кўра оладиган илмий ва таълим маркази бўлиши керак. Бунинг учун кучли илмий мактаб, академик эркинлик, халқаро ҳамкорлик, замонавий таълим методлари, амалиёт билан интеграция ва, энг муҳими, ўз касбига садоқатли профессор-ўқитувчилар зарур.
Тошкент давлат юридик университетининг 35 йиллик тарихи шуни кўрсатадики, университет ҳар бир янги давр талабларига мослашиш, янгиланиш ва тараққий этиш салоҳиятига эга. Бугун эса унинг олдида янада юксак мақсадлар турибди. Бу мақсадлар Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тараққиётига хизмат қиладиган, халқаро миқёсда рақобатбардош, адолат ва қонун устуворлигини ўз касбий фаолиятининг олий қадрияти деб биладиган янги авлод юристларини тарбиялашдан иборатдир.
Зеро, кучли ҳуқуқий давлатни кучли ҳуқуқшунослар яратади. Тошкент давлат юридик университетининг 35 йиллиги эса нафақат босиб ўтилган шарафли йўлнинг сарҳисоби, балки миллий юридик таълимнинг янги тараққиёт босқичига қўйилган дадил қадамдир.
Дилфуза Абдуллаева,
юридик фанлар буйича фалсафа доктори (PhD), доцент