Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, кенг қўлланишини таъминлашда Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрь куни имзоланган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тарихий аҳамиятга эга бўлди. Фармондаги асосий йўналишларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида бир қанча устувор вазифаларнинг бажарилиши назарда тутилган.

Шулар сирасида ўзбек тилини ўзга миллат вакилларига ўқитиш, ўргатиш ишларининг амалга оширилиши алоҳида қайд қилинган. Шунингдек, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш, 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш кабилар кўрсатилган.

 Ушбу вазифаларни ижро этиш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ўзининг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда университет айнан шу соҳада кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Юқоридаги фармон бу ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлди.

 2018 йилда университет раҳбарияти ташаббуси билан “ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича биринчи қалдирғочлар ўқишга қабул қилинди. Бу янги ва келажаги порлоқ йўналиш бўлиб, унинг битирувчилари хорижда очилган ва очилаётган туркология, ўзбек тили ва адабиёти марказларида, хорижий ОТМда, умумтаълим мактабларининг ўзга тилли гуруҳларида (ўзбек тили ва адабий ўқиш фанларидан), таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар, академик лицей, профессионал таълим берувчи муассасаларда ўзбек тили (давлат тили) фанидан дарс берадилар. Мазкур йўналиш талабалари 4 та — ўзбек, рус, инглиз ва шарқ тилларидан бирини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганишади. Бундан ташқари, улар давлат ва нодавлат идораларида давлат тилида иш юритувчи лавозимларда ҳам фаолият юритиб, таржимон бўлиб ҳам ишлашлари мумкин. Бу йўналишга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж динамикасини кузатадиган бўлсак, 2018 йилда фақатгина бизнинг университетда 60 та квота билан қабул бошланган бўлса, 2019 йилда квоталар сони 100 тага етди ва Нукус давлат педагогика институтида (50 та) ҳам бу таълим йўналиши очилди. 2020 йилда эса бу кўрсаткич янада ўсиб, “ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили” йўналиши учун Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалида ҳам 50 та ўрин берилди. Бу эса ташаббусимиз республика бўйлаб кенг қулоч ёйганини, яъни соҳада кўплаб кадрлар тайёрлаш эҳтиёжи борлигини кўрсатади.

Бугунги кунда таҳсил олаётган талабаларга “Ўзбек тилини ўқитиш методикаси” фани айнан 2 модуль асосида ўқитилади:

- ўзга тилли гуруҳларда (таълим рус, тожик, қозоқ ва б.) ўзбек тили (давлат тили)ни ўқитиш методикаси;

- хорижликларга ўзбек тилини ўқитиш методикаси.

 Ҳозирги кунда ўзбек тили кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан таълим йўналиши учун янги авлод ўқув адабиётларини яратиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

 Фаолиятнинг иккинчи қирраси — хорижликларга ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатиш ишлари. Зеро, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Минг йиллик тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, юртимиздаги фаровон, осойишта ҳаёт, инвестициялар учун яратилган қулай шароитлар сабабли Ватанимиз олимлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар, банкирлар, сайёҳлар учун энг қизиқарли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Яқинда интернетда нуфузли социологик тадқиқот марказларининг хулосалари асосида дунёнинг бориб кўриш зарур бўлган энг жозибали 50 та шаҳри эълон қилинди. Бу рўйхатда Самарқанд шаҳри энг олдинги ўринларда турибди. Яъни халқаро туризм ҳам ўзбек тилини ўрганишга туртки бўлмоқда.

 Аввало, дунё миқёсида ўзбек тилининг ўқитилиши ва ўрганилишига доир маълумотлар базаси шакллантирилди. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, дунё халқлари орасида ўзбек тилини ўрганишга, уни илмий тадқиқ қилишга эҳтиёж ва эътибор катта. Дунё миқёсида ўзбек тилига бўлган эътиборни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин.

  1. Ўзбек тили фан сифатида муайян кафедралардаги фанлар сирасида ўқитилади: Москва давлат университетининг Осиё, Африка мамлакатлари институти (Россия), Санкт-Петербург давлат университети (Россия), Москва давлат лингвистика университети (Россия), Қозон давлат университети (Россия), Цукуба университети (Япония), Токио университети (Япония), Жамия миллия исломия университети (Ҳиндистон), Пекин марказий миллий университети (Хитой), Шанхай чет тиллар университети (Хитой), Ланжоу университети (Хитой), Шинжонь таълим институти (Хитой), Пекин чет тиллар институти (Хитой), Чет тиллар институти (Жанубий Корея), Боку давлат педагогика университети, Балх университети (Афғонистон) ва бошқалар.
  2. Университетлар ҳузуридаги Тил ўргатиш марказларида ўргатилади: Бонн университети (Германия), Гумбольдт (Германия), Фрайе университети (Германия), Измир университети (Туркия), Анқара университетети (Туркия), Кембриж университети (Буюк Британия), АҚШнинг Вашингтон, Гарвард, Висконсен, Мичиган, Техас, Калифорния, Аризона критик тиллар университети, Техас университети.
  3. Ўзбек тили бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда: Марказий Осиёни ўрганиш тадқиқотлари маркази (Франция), Санкт-Петербург давлат университети (Россия), Москва давлат лингвистика университети (Россия), Қозон давлат университети (Россия), Цукуба университети (Япония), Токио университети (Япония), Жамия миллия исломия университети (Ҳиндистон), Пекин марказий миллий университети (Хитой), Шанхай чет тиллар университети (Хитой), Ланжоу университети (Хитой) ва бошқалар.

Айрим давлатлар университетлари ҳузурида ташкил этилган марказларда ҳам ўзбек тили ўргатилмоқда. Масалан, Индиана университети ҳузурида 7 та ана шундай марказда ўзбек тили ўргатилади. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 20 га яқин хорижий олийгоҳ билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган ва шартномалар имзолаган. Шуниси қувонарлики, янги йўналишда ўқиётган 4 нафар талаба 2020 йил 25 февраль – 1 март кунлари Москва давлат университетининг Осиё, Африка мамлакатлари институти ва Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тили дарсларини ўтиш жараёнини кузатиб, ўз малакасини ошириб қайтишди.

 Университет доценти М.Раҳматов 2018 йилдан бошлаб Хитойнинг Шанхай чет тиллар университетининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтида ўзбек тилидан дарс бермоқда.

Ўзбек тилини ўқитишнинг даражавий электрон дарсликлари, видеокурслар ҳамда ўзбек тилини ўқитишни бутун дунёга тарғиб этиш учун унинг МООC (massive open online course) тизимини яратиш долзарб масаладир. Унга кўра, ўзбек тилини билиш даражасини текширувчи махсус дастурлар, ўзбек тилини ўргатиш бўйича масофавий таълимни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Бу борада биринчи қадам сифатида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижий университетлардаги ўзбек тили марказларида фойдаланиш учун “Ўзбекона” дарслиги яратилди. Ушбу дарсликни яратишда университет докторанти Гулрухсор Эргашева ҳамда Ўзбек тили факультети талабалари жамоаси жонбозлик кўрсатдилар. “Ўзбекона” дарслиги хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан А1 даражани эгаллаш имконини берувчи дарслик бўлиб, 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат. Китобда мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли ўлароқ, мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, интегратив ва коммуникатив методлар уйғунлаштирилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган. Буларнинг барчаси ўрганувчининг тил муҳитига тезроқ кириб боришини таъминлайди. Шу билан бирга, машқларнинг вариативлиги таъминланган, “оддийдан мураккабга” методик принципига амал қилинган. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир машқда миллийликни акс эттиришга ҳаракат қилинган ва умуминсоний қадриятлар сингдирилган.

Дарсликда таклиф этилаётган аудиоматериаллар соф аутентик эмас, балки ўқув-аутентик материал ҳисобланади. Зеро, А1 даража учун айнан шу турдаги аутентик материалдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

 Ушбу дарсликда тилни ўқитувчи билан ҳам, мустақил ўрганиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Масалан, ҳар бир бўлим мантиқий кетма-кетликда берилган 5 қисмдан иборат. Ўрганувчи расмлар орқали ҳам янги мавзуни, машқ-топшириқни бажариш йўлини тушуна олади. Дарслик сўнггида синов материаллари, аудиолар, сўзлашиш учун ҳар бир мавзуга тегишли саволлар ҳамда луғатнинг мавжудлиги тил ўрганувчига кўплаб қулайликлар яратади.

 Қўлланманинг дизайни ҳам алоҳида аҳамиятга эга – ҳар бир саҳифа тил ўрганувчида ўзбек тили ва маданияти ҳақида муайян таассурот қолдиради. Китоб хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.

 Шунингдек, бугунги кунда ушбу дарсликка илова тарзида http://Uzmotul.com сайти ва O‘zbekona (MOTUL) телеграм канали ҳам фаолият кўрсатишни бошлаб, улар янги материаллар билан бойитилмоқда. Бу билан ўзбек тилини ўрганишни истаган хорижликларни масофадан туриб ўқитиш имконияти яратилади.

 Шу билан бирга, Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан ҳамкорликда “Қизиқарли ўзбек тили курси” ҳам ташкил этилган. Унинг доирасида Ўзбекистон ҳудудидаги ватандошлар ва хорижлик ўзбек тилини ўрганувчиларга мўлжалланган курслар тайёрланган. Курсга қуйидаги йўналма орқали ўтиш мумкин: ttps://docs.google.com/forms.

Университет жамоаси олдидаги яна бир катта вазифа – дунё стандартлари асосида хорижликларга ўзбек тилини интенсив ўргатувчи онлайн платформани яратишдир. Аммо хорижликлар учун тўлақонли онлайн платформа яратиш жуда катта молиявий маблағларни талаб қилади. Шунинг учун ТошДЎТАУ ва хорижлик мутахассислар томонидан илмий жамоа тузиб, Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан эълон қилинган танловда қатнашиш учун лойиҳа топширилди.

Хуллас, универстетда ўзбек тилини давлат тили ва хорижий тил сифатида ўқитиш ва ўргатиш ишлари борасида Президентимиз нутқида ва фармонида белгилаб берилган вазифаларнинг ижро қилиниши ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ҳамда халқаро мақомини оширишга самарали хизмат қилишига ишонамиз.

Саодат МУҲАМЕДОВА,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзб

ек тили кафедраси мудири,

филология фанлари доктори, профессор