ZOOM дастури орқали ўтказилган тақдимотда 80 дан ортиқ соҳа олимлари,  тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Дастлаб муаллиф Миродил Ҳайдаров китобнинг аҳамияти ва ундаги никоҳ ва талоқ масалалари ҳанафийлик мазҳабидаги энг муътабар китоблардан бири Бурҳониддин Марғилонийнинг «Ал-Ҳидоя» асари ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги тегишли моддаларнинг қиёсий таҳлили араб тилида илмий асосда тадқиқ этилганини таъкидлади. Шунингдек, никоҳ ва талоққа оид замонавий масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволаридан кенг фойдаланиб, мавзунинг ҳозирги кунимиздаги аҳамиятини очиб берди.

Тақдимотда шунингдек,  Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бошқалар мазкур китобнинг оилани мустаҳкамлаш ва никоҳга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга хизмат қилишини таъкидлаб, зарур ўринларда ўз таклифларини билдирдилар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Миср Араб Республикасининг «Мактабат Ал-Азҳарийя лит-турос» нашриётида араб тилида чоп этилган ушбу китоб мутахассислар томонидан ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Жумладан, мазкур асар Шайх Муҳаммад Тавфиқ Рамазон ал-Бутий, Дамашқ университети профессори доктор Бадиъ Саййид ал-Лаҳҳам, Шайх Исмоил Булбул ҳамда юртимиздаги қатор  исломшунос олимлар томонидан эътироф этилди.