Февраль ойининг 15-санасида Андижон шаҳридан йўлга чиқишган сайхунободлик Тўлқин Усмонов ва Элдор Жўраевлар Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва ниҳоят сўнгги манзил Қорақалпоғистон Республикасини ҳам пиёда босиб ўтишди.
Улар роппа-роса 40 кун давомида 1 812 км йўл босиб бугун куннинг иккинчи ярмида Мўйноқ шаҳрига етиб боришди. Уларни Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайрат Байниязов бошчилигидаги қорақалпоғистонлик спортчилар ва маҳаллий аҳоли шоду хуррамлик билан кутиб олишди.
Мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамасдан ўз мақсади йўлидан оғишмай, Мўйноққача пиёда боришга жаҳд қилган юртдошларимизга қорақалпоқ миллий тўнлари кийдирилди.
Шу ерда ташкил этилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар бутун мамлакатимиз бўйлаб соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилган бу икки юртдошимиз шаънига илиқ фикрларни билдиришди.
Ўз навбатида вазирлигимиз номидан сирдарёлик спортчи-тренерлар Тўлқин Усмонов ҳамда Элдор Жўраевларга кўрсатган юксак матонати учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Умид қиламизки, улар бошлаган хайрли иш кенг қулоч ёяди ва оммалашади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати