Жумладан, ШҲТ миссияси томонидан ўтказилган брифингда миссия раҳбари, ШҲТ бош котиби ўринбосари Ерик Ашимов сўзга чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди.

— Ўзбекистон халқини муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови муваффақиятли ўтгани билан чин дилдан табриклайман. Сайлов очиқ, ошкора, ҳаққоний, миллий қонунчилик ва умумеътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос ўтди, — дейди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссияси раҳбари, ШҲТ бош котиби ўринбосари Ерик АШИМОВ. — Бизнинг делегациямиз аъзолари Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятида бўлиб, икки мингдан кўпроқ сайлов участкаларида сайлов жараёнини кузатди. Сайлов участкаларида фуқаролар ўз конституциявий ваколатини эмин-эркин адо этиши учун барча шароитлар яратилди.

Имконияти чекланган шахслар учун, хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қулайлик яратилди. Сайлов куни яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш йўлга қўйилди. Сайлов участкасига келиш имконияти бўлмаган инсонлар учун кўчма қутилар жорий этилди. Пандемия шароитида аҳоли саломатлигини асраш масаласи ҳам алоҳида диққат-эътиборда бўлди. Бир қатор сайлов участкаларидан сайлов жараёни онлайн тарзда намойиш этилди.

Сайлов участкаларида фаолият юритган мутахассисларнинг малакасини юқори баҳолаймиз. Улар фуқаролар томонидан тушган савол ва мурожаатларга ўз вақтида жавоб берди. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам сайловда юксак фаоллик кўрсатди.

Ўзбекистонда сайловларни  ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу борада Марказий сайлов комиссиясининг махсус электрон платформаси ва мобил илова яратилди. Ютуб ва телеграмм каналлари орқали ҳам маълумотлар тарқатиб борилди. Унда чоп этилган маълумотлардан кенг омма фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Сайловчиларнинг электрон рўйхати яратилгани ҳам яна бир қулайлик бўлди.  Сайловда партиялар сайловолди ташвиқотини юритиши учун тенг эфир вақти ажратилди, босма нашрлардан  тегишли тартибда бепул майдон тақдим этилди.

Сайловда халқаро кузатувчилар ўз фаолиятини тўла-тўкис амалга ошириши учун яратилган шароитларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, ШҲТ миссия аъзолари эрта тонгда сайлов участкалари очилишидан бошлаб овозларни санашгача бўлган жараёнда қатнашди. Миссия ишига ҳеч қандай аралашув ва тўсиқ бўлмади. Шу билан бирга, миссияга сайлов юзасидан танқидий фикрлар, эътирозлар ва шикоятлар ҳам тушмади.

Бир сўз билан айтганда, сайлов Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги ва мамлакатингиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга ҳамоҳанг тарзда ўтди. Ишончимиз комилки, бу муҳим сиёсий тадбир келгусида Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашиши, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан  янада тараққий этишида муҳим омил бўлади.

«Янги Ўзбекистон» мухбири
Баҳор Хидирова ёзиб олди