Китоб, мусиқа, кино, илмий мақола ёки ихтиро муаллифнинг меҳнати ва ижодий изланишининг маҳсули бўлиб, уларни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқлари давлат сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёев инновация ва ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини бир неча марта таъкидлаган. Унинг нутқларидан бирида айтиб ўтилганидек: «Ижодкорнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинса, жамиятда янги ғоялар, янги асарлар пайдо бўлади. Бу эса миллат маънавий ва иқтисодий юксалишига хизмат қилади»¹.
Муаллифлик ҳуқуқларини ҳар бир мамлакатнинг миллий норматив ҳужжатлари тартибга солади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни муаллифларга асардан фойдаланиш, уни тарқатиш, моддий мукофот олиш ва асардан фойдаланиш устидан назорат қилиш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари, муаллиф ўз ҳуқуқи бузилган ҳолда судга мурожаат қилиш ва зарарни қоплатиш имкониятига эга.
Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи халқаро миқёсда ҳам катта аҳамиятга эга ва муҳофаза остига олинган. Биринчи навбатда, 1886 йилда қабул қилинган Берн конвенцияси муаллифлик ҳуқуқини халқаро ҳимоя қилишда асосий ҳужжат ҳисобланади. Бу конвенцияга дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлар киради.
Агарда ҳорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, АҚШда муаллифлик ҳуқуқи федерал қонун билан тартибга солинади. Масалан, асар муаллифнинг ҳаёти давомида ва ундан кейинги 70 йил мобайнида ҳимоя қилинади. Пиратчилик ҳолатлари молиявий жарима ва ҳатто қамоқ жазосига олиб келиши мумкин. Германияда эса муаллифлик ҳуқуқи “Urheberrechtsgesetz” қонуни билан муҳофаза қилинади. Асардан ноқонуний фойдаланган шахслар катта миқдорда компенсация тўлашга мажбур. Шунингдек, немис судлари интернет орқали асарларни тарқатишда қонунбузарларга нисбатан қаттиқ чора қўллайди.
Туркияда миллий кинематография ва мусиқа соҳасида пиратчиликка қарши давлат даражасида қатъий кураш олиб борилади. Муаллифлик ҳуқуқини бузиш нафақат моддий жарима, балки иш фаолиятини тўхтатишга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Францияда эса “Code de la propriété intellectuelle” қонунига асосан, муаллиф асарини муҳофаза қилиш нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам кафолатланади. Муаллиф асари ўз номига боғланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Японияда муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳолатларига нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилади. Бунда нафақат моддий зарар қопланади, балки муаллифнинг обрўсига етказилган зарар ҳам ҳисобга олинади.
Ҳар қанча мукаммал қонун қабул қилинмасин, агар унинг ижроси таъминланмаса, амалда самара бермайди. Ўзбекистонда ҳам қонун мавжуд бўлса-да, кўплаб муаллифлар суд орқали ўз ҳуқуқини тўлиқ ҳимоя қила олмаяпти. Масалан, ноқонуний юклаб олинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектлари ва қонунсиз PDF китоблар ҳануз оммавий равишда тарқалмоқда. Муаллифлик ҳуқуқига энг катта таҳдид интернет орқали тарқатилаётган пират контентдир. Электрон китоблар, қўшиқлар ва фильмлар ноқонуний равишда кўплаб сайтларда тарқалмоқда. Чоралар белгиланган бўлса-да, улар амалда етарли даражада ишламайди.
Агарда хорижий тажрибалар билан таққосланганда, АҚШда муаллифлик ҳуқуқини бузганлар федерал судларда катта жарималарга тортилади. Германияда интернет-провайдерлар пират сайтларни блоклашга мажбур. Бизда эса бундай амалиёт йўқ. Францияда ахлоқий ҳуқуқлар ҳам ҳимоя қилинади, бизда эса кўпинча моддий манфаатлар устувор ҳисобланади.
Шунингдек, муаллифлар кўпинча ўз асаридан даромад кўролмайди. Сабаби – бозорда пиратчилик кенг тарқалган. Бу эса ижодкорни янги асар яратишдан совутади. Умуман олганда, Муаллиф асари ҳимоя қилинмаса, у эркин кўчирилади ва ижодкор меҳнати қийматсиз қолади. Ҳуқуқий ҳимоя эса ижодкорни янги ғоя ва асарлар яратишга ундайди. Бунинг натижасида: янги китоблар, қўшиқлар, фильмлар яратилади; миллий маданият ва иқтисодиёт тараққий этади; жамиятда инновация ва ижодкорлик муҳити кучаяди. Муаллифлик ҳуқуқи – фақат қонунчилик нормаси эмас, балки ижод ва тараққиёт кафолати ҳисобланади. Президентимиз сиёсатидан тортиб, халқаро тажрибаларгача шуни кўрсатмоқда: муаллиф ҳимоя қилинган жамиятда маънавий ҳам, иқтисодий ҳам тараққиёт таъминланади. Шу боис ҳар бир фуқаро муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат билан қараши лозим.
Ирода Якубова,
Тошкент давлат юридик университети “Интеллектуал мулк ҳуқуқи”
кафедраси доценти, юридик фанлари доктори