Таъкидланганидек, мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

Бугунги кунда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларига доир ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бироқ туманлараро маъмурий судларнинг фақат вилоят марказларида жойлашганлиги ва ҳудудларнинг географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқлиги, ички ишлар органлари ходимининг мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойи узоқ муддат бўш қолиши, шунингдек шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш заруратини туғдирмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда мазкур тоифадаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида кўриб чиқилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган нормалар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларни ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда мазкур ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.