Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси залида жамғарма раиси, академик О.Салимовнинг “Янги Ўзбекистон давлати” китоби ва “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Янги Ўзбекистон” мусиқий видео клипи намойиши билан тантанали равишда бошланди.

Тақдимотда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги бўлимлари ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, олий таълим муассасаларининг ректор, проректор ва кафедра мудирлари, ёш олимлар ва докторантлар иштирок этишди.

Тақдимотни Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик О.У.Салимов кириш сўзи билан очиб берди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.М.Ҳожиматов “Янги Ўзбекистон давлати” китоби ва “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўплами бўйича маъруза қилди.

Тақдимотда Олий Мажлиси раиси ўринбосари, юридик фанлари доктори, академик А.Х.Саидов, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Тошкент давлат педагогика университети ректори А.Қирғизбоев, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Т.Атамуратов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Л.Саодатова, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, ЎзФА Ўзбек тили ва фольклор институти таянч докторанти С.К.Барлибоевалар сўзга чиқишди ҳамда “Янги Ўзбекистон давлати” китоби ва “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўплами бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Барча йиғилиш иштирокчиларига “Янги Ўзбекистон давлати” китоби тақдим этилди.