Зеро, буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларида ҳам халқ, Ватан юксак ва муқаддас қадрият деб талқин этилади. Мутафаккир наздида чин инсон учун эл-юртга хизмат қилмоқ инсонийлик, садоқат ва бурчнинг юксак тимсоли саналади.

Шу маънода, йиллар ва йўлларни босиб ўтишдаги қийинчиликлар, муваффақиятлар уйғунлашган саҳифалар барчамизга дахлдор. Уларда эл-юрт равнақи, фаровонлиги, оилалар, келажагимиз бўлган фарзандлар камоли, ҳар бир қарич ери муқаддас бўлган юрт манзараси мужассам. Уларга эса катта ё кичик, муҳим ёки иккинчи даражали деб қараб бўлмайди. Ватанга садоқат саҳифаларининг исталган жойидан сўз юритиш мумкин.

Кечагина кўчаларимиз ўйдим-чуқур, ҳамма нарсада бюрократик тўсиқлар, олий ўқув юртларига киришдаги тизимли коррупция, нақд пул муаммоси кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми эди. Мамлакатда камбағаллик борлиги ҳақида гапирмаслик, муаммодан қочиш оддий ҳолга айланганди. Бугун шу ҳақда гапирсангиз, ёшлар ажабланади, худди узоқ ўтмишдан сўзлаётгандек, эртак эшитгандек бўлади. Чунки улар қуйидаги қийинчиликларсиз улғаймоқда.

Нақд пул ва валюта чархпалаги. Одамлар ўз ойлиги ва пенсиясини олиш учун банкоматлар қаршисида кунлаб навбатда тургани, бозорларда “қора бозор” ва расмий курс ўртасидаги тафовут туфайли юзага келган сарсонгарчиликлар тарихга кўмилди.

Имтиҳонлардаги “таниш-билишчилик”. Олий таълимга киришдаги коррупция занжирлари узилди. Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилиб, инсон омили минималлаштирилди.

Муаммоларни яшириш сиёсати. Илгари айтиш “табу” ҳисобланган камбағаллик мавзуси очиқ тан олинди ва унга қарши маҳаллабай тизим орқали курашиш бошланди.

Халқ ичига кўчган ҳокимият

“Кабинет кодекси”нинг парчаланиши фақат Президент даражасида қолмади. Бу тизим барча бўғиндаги амалдорларни халқ ичига киришга, одамларнинг дардини ўз кўзи билан кўришга мажбур қилди. Виртуал ва Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак деган тамойилни реал ҳаётга кўчирди.

Илгари вазир ёки ҳокимнинг қабулига кириш йиллаб вақт олган бўлса, бугун раҳбарларнинг ўзи маҳаллаларда, чекка қишлоқларда сайёр қабуллар ўтказмоқда. Давлат ва жамият ўртасидаги ишонч айнан мана шу масофанинг йўқолиши ҳисобига қайта тикланди.

Яқин ўтмишнинг бу соялари бугунги авлод учун чиндан ҳам афсонадек туюлади. Аммо бу “эртак”нинг ортида катта сиёсий ирода, тизимли ислоҳотлар ва эски фикрлаш қолипларига қарши кураш ётибди. Масофаларнинг йўқолиши эса янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи ва тараққиёт кафолати бўлиб қолади.

Президентимиз ҳақида гапирганда, одатда қурилаётган заводлар, янгиланаётган шаҳарлар, ялпи ички маҳсулот рақамлари ёки халқаро шартномаларни санаймиз. Аммо булар — натижа. Бу натижаларнинг ортида қандай руҳият, қандай ички изтироб ва ҳеч ким кутмаган қандай фалсафа ётибди? Шавкат Мирзиёевни чинакам халқчил ва кучли лидерга айлантирган, кўпинча расмий хроникалар, кадрдан ташқарида қоладиган ўша асл эътирофлар нималардан иборат?

Унинг биринчи ва энг катта жасорати — давлат билан оддий одам ўртасидаги деворни йўқ қилиш бўлди. Буни шунчаки “халқ билан учрашувлар” деб аташ адолатдан эмас. Бу — юксак ижтимоий эмпатия. Мирзиёев — сиёсат майдонига юрагини олиб кирган етакчи. Унинг вилоятларга ташрифини кузатинг: протоколларни, қўриқчилар қуршовини, олдиндан тайёрланган сценарийларни бузиб, одамлар орасига кириб кетади. Халқ қабулхоналари, маҳаллабай ишлаш тизими ва раҳбарларнинг халқ ичига кириши — мана шу янги даврнинг Бош қомусига айланди. Ўтган 10 йиллик тарих исботладики, энг тўғри қарорлар вазирлик биноларида эмас, балки оддий одамларнинг дардини тинглаш асносида, маҳалланинг чанг кўчаларида туғилади.

Илгари вилоят ҳокимини фақат ойнаи жаҳонда кўрадиган чекка қишлоқ одамлари бугун ўз маҳалласида вазир билан чой устида муаммосини ҳал қиляпти. Бу — тизим ўзгарганининг энг оддий исботи.

“Уйқусиз давлат”нинг

ҳаракатлантирувчи кучи

Сиёсий кузатувчилар ва Президентимиз билан елкама-елка ишлайдиган инсонлар бир фактни яхши билади: Шавкат Мирзиёевнинг иш графиги инсон имкониятлари чегарасидан ташқарида. У жуда кам ухлайди, тинимсиз ҳаракат қилади ва энг муҳими, атрофидагилардан ҳам худди шу шиддатни талаб қилади.

Президентимиз нега бунчалик шиддат билан ишлайди? Бу саволни ҳеч биримиз чуқур ўйлаб кўрмаймиз.

Жавоб эса оддий ва оғриқли: бой берилган вақтни қайтармоқчи. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг глобал дунёдан, замонавий технологиялардан, иқтисодий ривожланишдан неча йиллар орқада қолиб кетганини ҳаммадан кўра чуқурроқ ҳис қилади. У мамлакатнинг асрларга татигулик вақтни бой берганини билади. Шу боис, у Ўзбекистонни ўша бой берилган йиллар ўрнини тўлдириш учун югуришга, ҳатто учишга мажбурлаяпти.

Бу ерда геосиёсий ва тарихий масъулият ётибди. Президентимизнинг ички изтироби “биз улгуришимиз керак, халқимиз эртага ёки келажакда эмас, шу бугундан яхши яшаши керак” деган қатъий мақсадга боғланган. Шавкат Мирзиёев вақтнинг қадрини миллион баравар юқори қўйган, соат миллари билан мусобақалашаётган замон кашшофидир.

Кўпчилик раҳбарлар тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун ўзгаришлардан қочади. Чунки ислоҳот — хавфли жараён, у тизимнинг мувозанатини бузиши, норозиликлар келтириб чиқариши мумкин. Аммо Шавкат Мирзиёев энг комфорт ва тинч йўлни эмас, энг оғир ва машаққатли йўлни — туб ислоҳотлар йўлини танлади.

Мамлакатнинг пул айирбошлаш (конвертация) тизимини очиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, пахта қуллигини тугатиш, чегараларни очиш — булар шунчаки қарорлар эмас, балки йирик сиёсий таваккалчиликлар эди. Натижада ўқувчи синфга, ўқитувчи дарсига, шифокор хонасига қайтди. Инсон қадри шу эмасми?!

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг амалга оширган энг буюк мўъжизаларидан бири ташқи сиёсат, хусусан, Марказий Осиёдаги муҳитни бутунлай ўзгартиргани бўлди. Бугун дунё сиёсатшунослари Марказий Осиёнинг янги қиёфаси ҳақида гапирганда, “Мирзиёев доктринаси” атамасини қўллаётир.

“Биз қўшниларимиз билан тил топиша олмасак, узоқдаги давлатлар бизни ҳеч қачон ҳурмат қилмайди”, деган оддий, аммо гениал ҳақиқатни ўртага ташлади. У Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бир неча ой ичида ҳал қилди. Шунинг учун ҳам Шавкат Мирзиёев қайси давлатга ташриф буюрмасин, у ерда худди минг йиллик қадрдондек кутиб олинади.

Бугун Марказий Осиё — низолар ўчоғи эмас, балки дунёнинг энг тез ривожланаётган, яхлит иқтисодий ва маданий макони. Шавкат Мирзиёев нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун бошли улкан минтақанинг тинчлиги ва келажагини асраб қолган “Минтақавий меъмор” сифатида тарихга кирди. У қўшничиликни сиёсий мажбуриятдан муқаддас қадрият даражасига кўтарди.

Иқтисодий ислоҳотлар ўз йўлига, лекин Шавкат Мирзиёевнинг қалбидаги энг катта оғриқ ва мақсад миллатнинг маънавий, илмий ва тарихий хотирасини тиклашдир. У атиги бир неча йил ичида Ўзбекистонни жаҳон ислом маърифати ва илм-фан марказига айлантира олди.

Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот институтларининг ташкил этилиши бу — шунчаки бинолар эмас. Бу — дунёга соф ислом маърифатини кўрсатиш, ёшларни диний экстремизм ва жаҳолат ботқоғидан асрашнинг ягона йўлидир.

Президентимиз, таъбир жоиз бўлса, миллатнинг кодини янгилади. У Учинчи Ренессанс ғоясини ўртага ташлаганда, кўпчилик буни баландпарвоз шиор деб қабул қилган бўлиши мумкин. Аммо бугун янги интеллектуал авлод — Президент мактаблари, ихтисослаштирилган, ижод мактабларида тарбияланаётган ёшлар интеллекти дунёни лол қолдирмоқда. Мирзиёев Ўзбекистоннинг келажагини ер ости бойликларида эмас, инсон капиталида, ёшларнинг онгида кўра олди. У жаҳолатга қарши уруш эълон қилди ва бу урушда маърифат қуроли билан ғолиб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлига, зиёлиларга эътибори ва меҳри бўлакча. У киши Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов каби миллат куйчиларини ёд этиб: “Улуғларимиз тириклигида уларга етарли шароит яратиб беролмаганимиздан катта армоним бор”, дея куйиниб гапириши замирида ҳам улкан масъулият ётади. Бугун санъат, адабиёт ва маданият намояндалари давлатнинг чинакам ардоғида яшамоқда. Бир умр халққа сидқидилдан хизмат қилиб, бирор марта расмий мукофот олмаган хонанда Рустам Ғойиповнинг шахсан Президентимиз ташаббуси билан тўғридан тўғри “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирланиши фикримизнинг яққол исботидир.

Халқимиз бу янгиликни чин дилдан, катта қувонч билан қарши олди. Бу ижодкор қадрининг тикланиши, йўқотилган армонларнинг ўрнини тўлдириш йўлидаги тарихий ва адолатли қадамлардан бир кичкина мисол, холос.

Бундай маънавий ўзгаришларни чуқур ҳис қилиш учун узоққа бориш шарт эмас, уларни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда, ён-атрофимизда кўриб турибмиз. Масалан, мен Зангиота туманида яшайман. Ҳар куни шу табаррук ном билан боғлиқ зиёратгоҳ ёнидан ўтаман. Тўрт фасл, ўн икки ой давомида бу ердан зиёратчилар қадами узилмайди. Бугун кўркам, сокин ва хушҳаво бўлган бу маскан илгари ҳам бор эди. Аммо у вақтлар анча кўримсиз, пастқам ва эътибордан четда бўлган.

Мажмуанинг бугунгидек гавжум ва обод зиёратгоҳга айланишига бевосита Шавкат Мирзиёев сабабчи. Бундан роппа-роса ўн йил муқаддам бошланган бу хайрли ташаббусни маҳаллий аҳоли ҳанузгача чексиз миннатдорлик ва фахр билан эсга олади. Бу оддийгина мисол — мамлакатдаги катта ўзгаришларнинг жонли акси.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳақидаги энг олий ва барчамиз англаб етишимиз керак бўлган эътироф шундаки: у нафақат Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий қиёфасини ўзгартирди, балки ўзбек халқининг руҳиятини, ўзлигига бўлган ишончини уйғотди. Йиллар давомида шаклланган қўрқув, шубҳа ва умидсизлик туйғуларини синдириб, ўрнига ғурур, жасорат ва келажакка қатъий ишончни сингдирди.

У буюк давлат арбоби, лекин биринчи навбатда ўз халқини чексиз муҳаббат билан севадиган, унинг ҳар бир зафаридан қувониб, ҳар бир ташвишидан куядиган оддий ва самимий инсон. Маҳаллада оддий одамлар билан чой ичиб ўтирган, далада деҳқоннинг қўлини сиқиб раҳмат айтаётган, дунё минбарларида туриб миллат манфаатини шердек ҳимоя қилаётган Шавкат Мирзиёев — бугунги ва эртанги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи ва бахти.

Келинг, ҳақиқатни тик туриб тан олайлик: яқин-яқингача жамиятимизда, одамларнинг онгу шуурида совуқ ва карахт бир қўрқув бор эди. Одамлар фикрлашдан, ҳақиқатни айтишдан, давлат идораларига яқинлашишдан, ҳатто ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишдан қўрқарди. Давлат жазоловчи, назорат қилувчи ва масофа сақловчи маҳобатли бир машина сифатида кўрилган. Бу қўрқув миллатнинг ижодкорлик, яратувчанлик ва эркинлик туйғуларини бўғиб қўйганди.

Президентимиз давлат бошқарувига келган илк кунларданоқ “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган талабни ўртага ташлади. Бу шунчаки чиройли жумла эмас, балки қўрқув устидан ўқилган ҳукм эди. Халқ қабулхоналарининг очилиши, виртуал мурожаатлар тизими, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга берилган эркинлик одамларнинг тилини ва дилини очди.

Энг муҳими, жамиятда қўрқув ўрнини меҳр ва ишонч эгаллади. Оддий одамлар давлат раҳбари шахсида ўзларини доим эшитадиган, тушунадиган ва ҳимоя қиладиган суянчиқни кўрди. Бугун одамлар Президентимизга қўрқув билан эмас, меҳр билан интилади. Унинг қўлини сиқишга, дардини айтишга, у билан суратга тушишга ошиқади. Мана шу руҳий иқлимнинг ўзгариши тизимли ёки иқтисодий ислоҳотлардан минг баравар кучлироқ бўлган маънавий инқилобдир. Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига ўз Ватанида қўрқмай, эркин ва азиз бўлиб яшаш бахтини қайтарди.

Унинг оддийлиги сунъий имиж ёки сиёсий технология маҳсулоти эмас. Бу унинг қонида, табиатида бор бўлган самимиятдир. У ҳеч қачон ўзини халқдан баланд қўймади, аксинча, “Мен сизларнинг хизматчингизман, мен сизларнинг бахтингиз учун масъулман”, деб такрорлашдан чарчамайди. Бу юксак камтарлик ва оддийлик миллионлаб инсонларнинг юрагини забт этди. Одамлар унда узоқдаги сиёсатчини эмас, ўз оиласининг бошчисини, ўз отасини кўра бошлади.

Шавкат Мирзиёев ислоҳотларда, энг аввало, ёш авлодга таянмоқда. Не ажабки, илгари ҳам креслосини сақлаб қолиш учун ўша давр тизимини кўр-кўрона мақтаб келган айрим шахслар бугун ҳам ўша эски, карахт қарашлари билан янги даврга баҳо беришга уринмоқда. Бироқ Президентимиз бу ички консерватизм ва эски тизим қолдиқларига қарши қатъий ва муросасиз стратегияни қўллаяпти. Бу стратегиянинг бош омили давлат бошқаруви тизимига хорижда билим олган, замонавий фикрлайдиган ёш йигит-қизларнинг олиб кирилиши бўлди. Эски мактаб вакилларининг маддоҳлиги эмас, балки ёшларнинг шиддати ва креатив фикрлаши янги даврнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди.

Кундалик муаммолар билан овора бўлиб, келажакни унутиш — кўп раҳбарларга хос нуқсон. Аммо Шавкат Мирзиёевнинг энг катта кучи узоқни кўра билиш (стратегик) салоҳиятидадир. У фақат бугунги куннинг тинчлиги ёки эртанги куннинг иқтисодий кўрсаткичлари билан яшамайди. Ўзбекистоннинг эллик, юз йилдан кейинги қиёфасини, дунё харитасидаги ўрнини кўра олади ва қарорларини шунга қараб қабул қилади.

Бу узоқни кўра билиш қобилияти қуйидаги йўналишларда яққол намоён бўлмоқда.

Инсон капитали ва Учинчи Ренессанс. Ер ости бойликлари ва табиий ресурслар қачондир тугайди, аммо илм ва интеллект тугамайди. Шавкат Мирзиёевнинг Президент мактаблари, ихтисослаштирилган, ижод мактабларини ташкил этиши, олий таълим тизимини тубдан ўзгартириши бу — келажакка тикилган энг катта инвестиция. Яъни давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг истиқболини интеллектуал авлод қўлига топширмоқда.

Яшил энергия ва экология. Дунё глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги ёқасида турган бир пайтда, Шавкат Мирзиёев мамлакатни яшил энергияга ўтказиш, Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш (“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси) ишларини бошлаб берди. Бу келажак авлодлар биздан рози бўлиши учун ташланган стратегик қадамдир.

Марказий Осиё бирлиги. Қўшни давлатлар билан ёпиқ бўлган чегараларни очиш ва минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш фақатгина бугунги савдо-сотиқ учун эмас, балки келгусида бутун минтақанинг глобал кучлар қаршисида яхлит ва бақувват геосиёсий марказ сифатида туриши учун қилинган узоқни кўзлаган юриш эди.

Ортда қолган ўн йиллик тарих — шунчаки вақт оқими эмас, балки миллатнинг ўзлигига қайтарилиши, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч кўприкларининг тикланиши даври. Кабинетлар деворининг қулашидан бошланган бу йўл Зангиота мажмуаси мисолидаги юзлаб табаррук масканларнинг ободлигида, ижод аҳлининг тикланган қадр-қимматида ва энг муҳими, келажакни ўз қўлига олаётган жасур ёшларнинг шиддатида акс этмоқда. Ўтган ўн йил исботладики, энг буюк ўзгаришлар баландпарвоз нутқларда эмас, балки оддий одамларнинг розилиги ва бахтида намоён бўлади. Зеро, халқ рози бўлган юртнинг эртаси ҳамиша улуғвор ва муҳташамдир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

журналист